30.07.2015

РЕГИСТОН — ОРЗУЛАР УШАЛАДИГАН МАЙДОН

«Шарқ тароналари» Х халқаро мусиқа фестивалини ҳар томонлама муносиб ўтказиш мақсадида Самарқандда тайёргарлик ишлари юқори савияда давом этмоқда.

— Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур фестиваль бу йил ўнинчи бор ўтказилмоқда, — дейди «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ижрочи директори Тўрабек Маҳмудов. — Унда 100 га яқин давлат вакиллари иштирок этиш истагини билдириб мурожаат қилди. Махсус комиссия таклифларни кўриб чиқди. Айни пайтда 64 давлатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда. Улардан 7 давлат вакиллари биринчи марта қатнашади. Булар Маврики, Бутан, Коста-Рика, Мали, Перу, Эквадор ва Комор оролларидан келадиган санъаткорлардир.

Ўзбекистон номидан фес­тивалда қатнашиш истагида бўлган санъаткорларимиз жуда кўп. Шу кунларда Тошкент давлат консерваториясида уларни саралаш жараёни давом этмоқда.

Фестиваль ҳайъат аъзолари танлаб бўлинди. 11 кишидан иборат ҳайъат аъзоси орасида Ўзбекистондан икки вакил бўлиши режалаштирилган. Булар — Отаназар Матёқубов ва Муножот Йўлчиевалардир. Фес­тиваль иштирокчилари «Афросиёб», расмий шахслар ва фахрий меҳмонлар эса «Регистон плаза» меҳмонхонасида жойлашади.

— Фестиваль доирасида илмий-назарий анжуман ўтказилиши анъанага айланган, — дейди санъатшунослик фанлари доктори, профессор, «Шарқ тароналари» X халқаро мусиқа фестивали доирасида бўлиб ўтадиган илмий анжуман раҳбари Рустам Абдуллаев. — Шу пайтгача ўтказилган конференция­ларнинг учтаси мақомчиликка бағишланганди. Бу йил «Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги» мавзуси режалаштирилган. Мазкур мавзу танланишининг сабаби бор. Ўтган йили Самарқандда «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқ­аро конференция бўлиб ўтди. Президентимиз томонидан билдирилган фикрлар бизни шу мавзуни танлашга ундади. Шарқ халқларининг урф-одатлари, мусиқа санъатида ҳам ўхшаш жиҳатлари кўп.

Айни пайтда конференция ишларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил қилинган. 30 дан ортиқ маъруза ва тезислар кўриб чиқилди. Бу йил 24 хорижий давлатдан олимлар қатнашади. 20 дан ортиқ ўзбек олимлари ҳам конференцияда иштирок этади. Олимлар маърузаларини 3 тилда тайёрлаб қўйдик. Конференция юқори савияда ўтиши учун дастур тайёрланган.

— Самарқанднинг марказий кўчалари, аэропорт, вокзал, меҳмонхоналарни ранг-баранг баннерлар, шиорлар билан безатиш ишларига ҳар қачонгидан катта эътибор берилмоқда, — дейди «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов. — Самарқанддаги 80 автобус «Шарқ тароналари» рамз­лари билан безатилди. 50 бекатда турли расмлар жойлаштирилди. Фестивалда бутун дунёдан санъаткорлар қатнашмоқда. Бу бизга катта масъулият юклайди. Суратлар матнини уч тилда тайёрлаяпмиз...

Самарқандда меҳмонлар учун барча шароит яратилган. Ободонлаштириш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Ўтган олти ойда шаҳардаги майдонлар ва кўчаларнинг чет қисмига 23 минг туп манзарали дарахт ўтқазилди, янги гулзорлар барпо этилди. Регистон майдонида амфитеатр ташкил этилди. Тарихий Регис­тон майдони янада чирой очди. Сўғдиёна паркида 800 ўринли амфитеатр қурилди. Шаҳардаги барча йўллар равон, атрофи кўкаламзорлаштирилган.

Фестиваль бўлиб ўтадиган саҳна майдони бу йил янада кенгайтирилди. Саҳна майдонини ёритиш ишлари ҳам умуман бошқача бўлиши режалаштирилмоқда. Хуллас, фестивалнинг ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтказишни таъминлаш учун барча ташкилий ишлар қилинмоқда.

— Фестиваль ўтказила бошланган биринчи кунларданоқ ЮНЕСКО «Шарқ тароналари»ни шафеликка олган, — дейди ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси масъул котиби Алишер Икромов. — Бунинг сабаби, фес­тиваль ғоялари умуминсоний ғояларга, ЮНЕСКО ғояларига мос келади. 1997 йилдан буён ташкилотнинг раҳбарлари, вакиллари доимий равишда хал­қаро фестивалда иштирок этиб келмоқда. ЮНЕСКО фестиваль ўтказилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.

Диана ПИРАГС, «Шарқ тароналари» VIII халқаро мусиқа фестивали иштирокчиси, Латвия:

— «Шарқ тароналари» дунё мусиқаси янграйдиган, нуфузи баланд фестивалдир. Фестиваль ўтказиладиган жой жуда яхши танланган. Самарқанднинг Регистон майдонида қўшиқ куйлаш худди орзулар ушалишига ўхшайди. Ўша лаҳзалар қалбимда бир умрга муҳр­ланиб қолди. Ўзбекистон — дўстлик, тинчлик, меҳр-оқибат мамлакати. Мусиқа санъати улуғланаётган мамлакат. Бу ерга дунёнинг турли мамлакатларидан келган одамлар бир умрга дўст бўлиб қолади.

Триину ТАУЛ, «Шарқ тароналари» VIII халқаро мусиқа фестивали совриндори, Эстония:

— «Шарқ тароналари» фестивали биз учун катта тажриба мактаби бўлди. Бу ердаги иштирок мендаги шижоатни оширди. Самарқандда ўзимизнинг миллий куй-қўшиқларимизни тақдим этдим. Бу — ҳар қандай миллат вакили учун ўта муҳим воқеа. Сиз бундай ҳолатда халқингиз маданияти ва санъатидаги энг яхши жиҳатларни кўрсатишга интиласиз. Мени ғолиблар қаторида эълон қилишганида дастлаб ҳайратимни яшира олмадим. Дунёнинг кучли санъаткорлари ичида мукофотланиш фахр, албатта.

Дэвид ҲЕРБЕРТ, мусиқашунос олим, Норвегия:

— «Шарқ тароналари» фестивали менинг илмий фаолиятимда муҳим ўрин тутади. Ушбу фестиваль мисолида яна бир бор амин бўл­димки, мусиқа халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.

Мен ўзбек олимлари томонидан олиб борилаётган илмий ишларни мунтазам кузатиб бораман. Улар анъанавий мусиқанинг ўзига хос жиҳатлари, жаҳон санъатида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумотга эга. Ўзбек мусиқашуносларининг бахти шундаки, улар «Шарқ тароналари» фес­тивали доирасида ўтказилаётган халқаро конференцияда дунё олимлари, халқаро экспертларнинг маърузаларини, фикрларини тинглашяпти, ўз мулоҳазаларини билдиришяпти. Натижада бу борада юксалиш кўзга ташланмоқда. Самарқанд узра нафақат жаҳон мусиқаси таралмоқда, балки дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросини сақлаш, тарғиб қилиш, бутун инсоният мулкига айлантириш борасида тенгсиз ишлар қилинмоқда...

Дарҳақиқат, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали халқлар ўртасида дўстликни, тинчликни тарғиб қиладиган санъат анжуманидир. Президентимиз бу ҳақда шундай деган: «Шарқ тароналари» фестивалининг ўз олдига қўйган ғоя ва мақсадларини қисқача ифода қиладиган бўлсак, улар авваламбор мусиқа санъатини улуғлашга, унинг одамларга бўлган таъсирини ошириш, эзгу орзу-умидларни мусиқа орқали тараннум этишга ва шу асосда дунёдаги турли миллат ва элатларнинг вакилларини ҳеч қандай таржимонсиз бир-бирига боғлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан, айниқса, эътиборлидир».

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.