28.07.2015

ЛОЙИҲА НАТИЖАЛАРИ САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, айниқса, қизларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишларида спортнинг ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Партиямиз дастурида олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларида аҳолининг кам таъминланган қатламларига мақбул бўлган спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини, айниқса, қиз болаларни спорт анжомлари ва кийимлари билан кенг таъминлаш каби масалалар ўз ифодасини топган.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти «Қишлоқда қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш — уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муҳим жиҳатидир» лойиҳасини амалга оширди.

Лойиҳа мамлакатимизнинг барча ҳудуди бўйлаб икки босқичда ўтказилди. Лойи­ҳани амалга ошириш учун ЎзХДП маҳаллий кенгашлари, Маданият ва спорт ишлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари билан ҳамкорлик қилинди.

Тадбир доирасида жорий йилнинг апрель ойи охиригача барча туманларда қишлоқ жойларидаги академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган, турли даражадаги спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришиб келаётган, 17000 нафардан ортиқ спортчи қиз аниқланиб, уларнинг рўйхати шакллантирилди ҳамда давра суҳбатлари ва спорт мусобақаларига жалб қилинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан 11 вилоятдан 108 туман танлаб олинди ва шу ҳудуддаги 796 қишлоқ аҳоли пунктидаги, 2003 академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежидаги, 768 корхона, ташкилот ва бошқаларга тегишли бўлган спорт инфратузилмаси объектларида қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шарт-шароитлар, спорт анжомлари билан таъминланганлик даражаси ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ЎзХДП маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларига, Маданият ва спорт ишлари ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаларига, ЎзХДП Марказий Кенгашига 100 дан ортиқ мурожаат тақдим этилди. Қатор масалаларга тадбир доирасида ечим топилди.

Турли даражадаги спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришиб келаётган спортчи қизларни жалб этган ҳолда, «Қишлоқда қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш — уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муҳим жиҳатидир» мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда 13 минг 400 нафарга яқин хотин-қиз қамраб олинди. Тадбирлар давомида қизлар спортини ривожлантириш мақсадида юртимизда олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижалари, ЎзХДП дастурий мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритилди.

Тадбирлар доирасида туманлардаги академик лицей, касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган, қишлоқ жойларидаги корхона-ташкилотларда ишлаётган 4400 нафардан ортиқ хотин-қизлар ўртасида волейбол мусобақаси ўтказилди. Мусобақаларга асосан ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалардаги қизлар жалб қилинди. Ғолиблар партия ташкилотлари ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Мазкур тадбирлар давомида партия­миз сафида бўлиш истагини билдирган 500 нафардан кўпроқ хотин-қиз аъзоликка қабул қилинди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, қизлар ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишида спортнинг ролини ошириш долзарб вазифа ҳисобланади. Бу борадаги таклифлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашиларидаги партия гуруҳларига, мутасадди ва  ҳамкор ташкилотларга тақдим этиб борилиши, ушбу масалаларга кенг жамоатчилик эътиборини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.

 

Фароғат ҚУРБОНОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши ходими.



DB query error.
Please try later.