28.07.2015

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ФРАКЦИЯЛАРИ

парламент фаолиятида муҳим ўрин тутади

Демократик-ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда кўппартиявийлик тизими энг муҳим асослардан бири ҳисобланади. Шунинг учун давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришда сиёсий партияларнинг иштирокини кучайтиришга, таъсир кучини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, сиёсий партиялар аҳолининг у ёки бу қатлами манфаатларини ифода этади. Парламент ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайланган ҳар бир депутат вакиллик органларида ўз сиё­сий партияси электоратининг манфаатларини кўзлаб фаолият юритади. Парламент қуйи палатасида битта партиядан сайланган депутатлар партия фракциясига, халқ депутатлари Кенгашларида эса партия гуруҳига бирикади.

Ҳозирги кунда сиёсий партия фракциялари фаолия­тини кафолатловчи мус­таҳкам меъёрий-ҳуқуқий асослар шакллантирилган. Хусусан, сиёсий партия фракциялари фаолиятига таал­луқли масалалар Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси (60 ва 98-моддалар), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида», «Давлат бош­қарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги конституциявий қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг «Жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Сиёсий партия­­лар тўғрисида», «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Қонунчилигимизда сиёсий партия фракциясига «сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар томонидан партия манфаатларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўй­хатдан ўтказилган депутатлар бирлашмаси», дея таъриф берилган.

Қолаверса, «Сиёсий пар­тиялар тўғрисида»ги Қонунда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ўз партияларининг сиёсатини уюшқоқлик билан ўтказиш учун тузилиши белгилаб қўйилган. Мазкур меъёр парламентимизда кечадиган фракциялараро рақобатда ҳар бир сиёсий партиянинг вакиллари якдиллик ва уюшқоқлик билан ўз электорати манфаатлари учун курашишига ҳуқуқий замин яратади.

«Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Қонунга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган сиёсий партия фракцияси парламентдаги кўпчиликни ташкил этади. Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда, блок тузадиган бир нечта сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Сиёсий партиялар фракцияларининг блокка бирлашиши ёки ўзларини мухолифат деб эълон қилиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини ва фракция сифатидаги ҳуқуқ ва ваколатларини чеклаб қўй­майди, балки қўшимча ҳуқуқ ва имтиёзлар беради.

Ўзини парламентдаги мухолифат, деб эълон қилган сиё­сий партия фракцияси қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақтда қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш ҳуқуқига ҳам эгадир.

Сиёсий партия ўзининг аниқ ғоясига эга бўлиши билан бир қаторда, мухолиф (оппозиция) бўлиши ҳам табиий ҳолатдир. Парламентда мухолифатнинг мавжуд бўлиши, авваламбор, партия тарафдорлари нима учун курашаётганини яхши билиши, аниқ ёндашув ва позицияга эга бўлишига имкон беради. Қолаверса, мухолифатлик парламентда сиёсий партиялар фракциялари томонидан янги-янги ғоя ва дастурлар ишлаб чиқилишига олиб келади, қонун ижодкорлиги жараёни, ўз нав­батида, фракциялар ўртасида соғлом рақобат кучайишига таъсир этади.

2013 йилнинг 18 апрелида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун билан Қонунчилик палатасида қонун лойиҳалари кўриб чиқилиши жараёнида сиёсий партия фракциялари ва депутатлик гуруҳларининг ўрни ва роли янада кучайтирилди.

Мазкур қонун билан Қонунчилик палатасида барча қонун ҳужжатларини қабул қилишда сиёсий партия фракциялари (депутатлик гуруҳлари)нинг фикрлари ва таклифларини эътиборга олиш мажбурийлиги белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, 2014 йил 20 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор янги меъёрлар жорий қилинди.

Қонунчилик соҳасида олиб борилаётган бу каби демократик ислоҳотлардан кўзланган мақсад сиёсий партиялар, уларнинг фракциялари ҳуқуқ ва имкониятларини жаҳон стандартлари даражасига кўтариш, партияларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги таъсирини янада кучайтириш, шу орқали аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ифода этиш, ишончли ҳимоялашдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиёсий партиялар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги нуфузини тобора оширишга қаратилган айрим мулоҳаза ва таклифларни билдирмоқчимиз.

Маълумки, сиёсий партияларга ҳам давлат, ҳам халқ томонидан жуда муҳим масъулият юкланиши билан бир пайтда уларга жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун имконият ҳам яратиб берилмоқда. Демак, сиёсий партиялардан фуқароларнинг ижтимоий турмуши, дунё­қарашига мувофиқ тарзда халқ манфаатларини давлат сиёсати даражасида ифода этиш бўйича усул ҳамда ўз стратегияларини такомиллаштириб бориш талаб этилади. Шунингдек, сиёсий партиялар фракциялари, жойлардаги партия гуруҳлари қандай амалий натижаларга эришаётгани, қандай ташаббуслар билан чиқаётгани ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда ахборот (ҳисобот) бериб бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Аммо ҳозирча бундай ахборотлар асосан турли мавзулардаги тадбирлар кўринишида бўлиб қолмоқда, холос.

Жамиятимизга замонавий ахборот технологияларининг чуқур кириб бораётганини, қолаверса, хорижий давлатлар тажрибасини эътиборга олган ҳолда, фуқароларнинг депутатларга электрон шакл­да мурожаат этиш имкониятларини янада кучайтиришга эътибор қаратиш муҳим. Хусусан, парламент қуйи палатаси сайтида ҳар бир сайловчи ўз сайлов учас­т­каси ёки яшаш манзилини киритиш орқали унинг ҳудудидан сайланган ва шу ҳудуд манфаатларини акс эттирадиган депутатни топиши ва унга савол ёки илтимос билан мурожаат этиши имкониятини яратиш мақсадга мувофиқ. Бу олис ҳудудларда яшайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини бир хилда таъминлаш, ҳудудидан қатъий назар, барча сайловчилар билан доимий алоқани мус­таҳкамлаш имконини беради.

Сиёсий партиялар ва уларнинг фракцияларига оид муносабатларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий база шаклланган ва ривожланиб бораётганлигига қарамасдан, уларнинг ўзаро ҳамкорлигига оид муносабатларни белгилаб берувчи аниқ бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш масаласи ҳам долзарб, деб ўйлаймиз.

Ҳар бир фракция (депутатлик гуруҳи)нинг ўз сиёсий партияси дастуридан, электорати манфаатларидан келиб чиқадиган ёндашувларни илгари суриш ва уни рўёбга чиқариш учун курашиш имкониятини янада ошириш муҳим масала ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, сиёсий партиялар фракциялари (депутатлик гуруҳи)нинг ҳукумат ҳисоботини, йиллик маърузаларни эшитиш ва парламент назоратининг бош­қа воситаларини амалга оширишдаги алоҳида ваколатларини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу парламентда ҳар бир фракция (депутатлик гуруҳи)нинг ўзига хослиги, ўрни ва таъсир кучини янада оширишда муҳим аҳамият эга.

 

Алишер НАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими.



DB query error.
Please try later.