28.07.2015

ЎЗБЕКИСТОНДА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАНГАН

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Халқаро меҳнат ташкилотининг 138 ва 182-сонли конвенциялари бажарилиши тўғрисида ахборот берди

Бугун бутун дунёда бола ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, уларни оғир ва ёмон шакллардаги меҳнатдан ҳимоя этиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Халқаро Меҳнат ташкилоти уставида акс эттирилган етакчи тамо­йиллардан бири ҳам айнан болалар меҳнатига алоқадор бўлиб, бу болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Аввало, маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгач, бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асослар яратилди. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда. Олий Мажлиснинг 2008 йил 27 мартдаги қарори билан Халқаро меҳнат ташкилотининг «Ишга қабул қилиш учун минимал ёш тўғрисида»ги (138-) ҳамда «Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги (182-) конвенциялари ратификация қилинди. Шу билан бирга, соҳада Миллий ҳаракатлар дас­тури изчил амалга ошириб келинмоқда.

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг Халқаро меҳнат ташкилотининг 138 ва 182-сонли конвенциялари бажарилиши тўғрисидаги ахбороти эшитуви ташкил этилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдуҳакимов атрофлича ахборот берди.  

У мамлакатимизда мажбурий меҳнатни ҳамда бола меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлашга алоҳида эътибор қаратиб келинаётганини таъкидлади. Қайд этилишича, ҳукумат ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлигида вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича махсус комиссия тузилган бўлиб, боланинг жамиятдаги мавқеига тегишли  муаммоларни ечиш, жумладан, болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларининг олдини олиш бўйича назорат қилиш мазкур комиссиянинг ваколатига киради.

Вазирлик тизимида юртимизнинг барча туманларида ташкил этилган ҳуқуқий меҳнат Давлат инспекциялари ва меҳнат муҳофазаси бўйича инс­пекциялар самарали иш олиб бормоқда. Улар меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олиш бўйича давлат назоратини амалга оширмоқда.

Бу жараёнда Ўзбекистонда нодавлат ташкилотлар, жамоат фондлари, фуқаролик институтлари ҳамда боланинг жисмоний, маънавий ва интеллектуал ривожланишга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш фаолияти доирасида бир қатор халқаро ташкилотлар иштирок этаяпти. Хусусан, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотни тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида  бир қатор вазирлик ва ташкилотлар вакилларидан иборат Идоралараро ишчи гуруҳи тузилган.

Мамлакатимизда ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларидан келиб чиққан ҳолда, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги комплекс тадбирлар бажаралишини таъминлашга масъул этиб белгиланган. Вазирлик томонидан Хал­қ­аро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларининг асосий тамойиллари ва қоидаларининг бажарилиши» бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган. Бундан таш­қари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташкилотлар ва жисмоний шахслар томонидан болаларни меҳнатга мажбурлашга йўл қўймаслик, қонунчиликда ўрнатилган нормаларга ва вояга етмаганларнинг меҳнат шароитларига амал қилиш устидан самарали назорат ўрнатилиб, тизимли мониторинг ўтказилган.

— Сўнгги вақтларда дунёда вояга етмаган болалар меҳнати масаласи  барқарор ривожланиб келган давлатларни ҳам хавотирга солиб қўймоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова. — Чунки ўсмирнинг қаерда, қандай шароитда иш бошлаши унинг меҳнатга, ҳаётга қараши, муносабати шаклланишида муҳим ўрин тутади. Таҳлилларга кўра, бугун дунёда бола меҳнатининг асосий қисмини хавфли меҳнат эгаллайди. Бундай меҳнат халқаро ҳужжатларда ман этилган. Юртимизда 12 йиллик мажбурий таълимни назарда тутувчи ислоҳотлар изчил йўлга қўйилгани хал­қаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки бугунги кунда Ўзбекистонда мажбурий таълимни тугатаётганларнинг ёши 18 дан юқоридир ва бу бола меҳнатига қаршиликнинг энг кучли механизмларидан бири ҳисобланади. 

Шунингдек, йиғилишда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Норбаева, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Анвар Икромовнинг ахборотлари эшитилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон фермерлар уюшмасига Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари бажарилиши устидан назорат ва мониторинг ўтказишда фаол иштирок этиш бўйича керакли тавсиялар берилгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари ўртасида меҳнат меъёрлари, муҳофазаси ҳамда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик масалалари бўйича тушунтириш ишлари изчил олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Парламент томонидан маъқулланган 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурида белгиланган иш жойлари бўйича иштирокчиларга аниқ маълумотлар берилди.

Йиғилишда Халқаро меҳнат ташкилотининг мамлакатимизда ратификация қилинган конвенциялари бажарилиши тўғрисидаги ахборотлар маълумот учун қабул қилинди. Шу билан бирга, ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан айрим тавсиялар берилди. Бу ҳақда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.