25.07.2015

CАМАРҚАНДДА 400 ЙИЛДАН СЎНГ ЎЗ ЕЧИМИНИ ТОПГАН КАШФИЁТ

Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан қадим ва ҳамиша навқирон Самарқандга минг-минглаб сайёҳлар келишади. Регистон майдонидаги бири-биридан бетакрор ва жозибали минора-ю мадрасалар кўрку жамоли, ҳусни-латофати уларни лол қолдиради, ҳайратга солади. Асрий обидалардаги гўзалликка маҳлиё бўлган меҳмонлар Франциядаги Эйфель минораси, Ҳиндистондаги муҳаббат рамзи бўлмиш Тож Маҳал, Мисрдаги гиза эҳромлари каби Регистонни ҳам Самарқанднинг, Ўзбекистоннинг тимсоли деб билишади ва унга талпинишади.

Дарҳақиқат, Самарқандда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» Халқаро мусиқа фестивали садолари Регистон майдонида янграши ҳам бежиз эмас. Ушбу нуфузли анжуманга келган санъат аҳли афсонавий мадраса ва минораларда мусиқа сеҳрини, қўшиқ парвозини ҳис этишади.

Албатта, ҳар бир сайёҳ ва меҳмон мадрасалар пештоғига нақши нигор қилинган турли тасвирлар сир-синоати, ғояси ва мантиқий ечимига қизиқиши табиий. Ҳар бир тасвир эса ўзининг мазмун-моҳиятига эга.

2014 йил 15-16 май кунлари қадим Самарқандда юксак савияда ўтказилган «Ўтган аср­лар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусида хал­қ­аро конференциянинг очилиш маросимида Президентимиз Ислом Каримов ўз маърузасида жумладан, шундай деган эди: «Бугун ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкин ва буни алоҳида айт­моқчиман, Ўрта Шарқ даҳоларининг буюк кашфиётларидан иборат илмий мероснинг чуқур қатламлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчиларини кутмоқда».

Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасаси, Шердор мадрасаси, Тиллакори масжид-мадрасаси Самарқанд меъморлари ижодидан нодир намуна бўлиб келмоқда. Бу улуғ заминда неча-неча мутафаккир, зиёлилар, алломалар, пирлар, устозу шогирд­лар, олимлар қадамларининг изи бор.

Уч муборак мадрасанинг ҳар бири миллий меъморчилигимизнинг ноёб дурдоналари ҳисобланади.

Самарқанд ҳокими Яланг­тўш Баҳодир ватанпарвар инсон бўлган. У ободончилик, қурилиш ишларига катта эътибор берган. Жумладан, Самар­қанддаги Шердор мадрасаси (1619-1636 йй.), Тиллакори масжид-мадрасаси (1646-1660 йй.), Махдумқули Аъзам масжиди, хонақоси (1618 й.) ва бошқаларни қурдирган. Ялангтўш қудратининг рамзи мадраса равоғида қараб турган икки қуёш тагида оҳуларга ҳамла қилаётган шерлар тимсолида ифода этилган.

Мадраса самар­қандлик меъмор Абдужаббор (XVII аср­да яшаб ўтган меъмор Шердор мадрасасининг меъмори (1619-1636 йй.) лойиҳаси бўйича 17 йил давомида қурилган, уни меъморий безак устаси Муҳам­мадаббос зийнатлаган.

Мадраса пештоғи симметрик қилиб рамзий нақшлар билан безатилган, қизғиш зар­ҳал Шер нозик оқ оҳуни қувиб кетаётгани тасвирланган. Уста мулла Абдужаббор нафақат нақш тилини, балки гўзаллик фалсафасини, рамзийликни билган ва мустақил ижодкор уста бўлган. Бундай тасвирнинг улкан бино пештоғида ишланиши билан меъмор қандай мақсадни назарда тутган экан?

Бу масалада ҳозиргача та­йин аниқлик йўқ­дир. Шу ҳақда ўзимизни баъзи мулоҳазаларимизни билдирмоқчимиз.

-              Таниқли олим, академик Пўлат Зоҳидов ўзининг «Меъмор олами» китобида Шердор мадрасасининг безаги ҳақида шундай дейди: «Самарқандлик олим Абу Тоҳир­хўжа XIX-асрнинг 30-йилларида ёзган «Самария» китобида Шердор мадрасаси пештоғидаги тасвирларни бироз бош­қача талқин қилади. У тасвир мазмунини мусулмон астрологиясида кенг тар­қалган осмондаги юлдуз буржлари билан боғлаб таърифлайди. Абу Тоҳир­хўжанинг айтишича, хуршид — Қуёш шакли Шер буржи (юлдузлар туркуми) билан қўшилиб кетган: оҳуни тутмоқчи бўлган Шер ҳамласини қуёш нурларининг тиғи қайтармоқда. Гўёки, нур-зиё офатни даф этмоқда. Ҳар ҳолда, ижодкорлар чуқур ғоявий фикрни рамзий тахлитда беришгани кўриниб турибди. «Лекин, — дейди Пўлат Зоҳидов, — ҳозирча, тасвирнинг талқини ҳақида бошқа бирор аниқ тарихий маълумотга эга эмасмиз».

 

Шердор мадрасаси пештоқлари намоёни таҳлили.

1-эркак шер боши; 2-зулуксимон қора шакллар; 3-шернинг оёғи; 4-шернинг қулоғи; 5- шернинг тиши; 6-шернинг сочи; 7-шернинг қорни; 8-шернинг думи; 9-оҳу; 10-инсон пешонаси; 11-қуёш нури; 12-қошнинг қовоғи; 13-қора соч; 14-сочнинг гажаги; 15-инсон яноғидаги холлар; 16-намоён; 17-тилла рангли ислимий нақшлар; 18-оқ ранг; 19-яшил ранг; 20-ҳаво ранг; 21-шернинг тирноғи; 22-инсон қоши; 23-инсон бурни; 24-оқ нуқталар; 25-шернинг тили; 26-шернинг кўзи; 27-шернинг соқоли; 28-инсон лаби.

 

Ҳақиқатан ҳам Шердор мадрасаси пештоғидаги нақш композициясининг тилсими етарлича асосларда талқин қилиб берилмаган. Чунки нақш­ни ўқиш тили алифбоси бизгача етиб келмаган. Ҳозирча нақшларни рамзий ўқиш алифбоси тузилмаган. Шунинг учун нақшларни ўқиш масаласи муаммо бўлиб келмоқда. Шердор мадрасаси пештоқидаги безак мураккаб композиция бўлиб, уни таҳлил қилиш ва ундан тўғри хулоса чиқариш учун санъатшунос олим бир қанча илм турларидан хабардор бўлиши лозимдир. Масалан, безакни таҳлил қилиш учун олим нақш санъатини юқори даражада билиши, шу қатори тарих, астрология, психологиянинг икки тармоғи бўлмиш «Физиогномика» (қиёфа илми), ранг психологияси, рамзийлик, тарих, фалсафа, мантиқ дун­ёвий ҳамда ғайб илмидан хабардор бўлиши талаб этилади. Демак, меъмор — наққош Абдужаббор юқорида айтиб ўтилган илмлардан хабардор бўлгани ўз исботини топди.

Зиёли инсонлар руҳий пок­ликка, руҳий поклик орқали комилликка эришади, деган фалсафий фикрни илгари суради. Шунинг учун меъмор Абдужаббор бўлажак мадраса пештоғига шундай тасвир ишлаш керакки, бу нақш биринчидан, безак қалбидаги гўзалликни акс эттирсин. Муқаддас китобимиз Қуръони Каримда айтилганидек, «Оллоҳ гўзалликни яхши кўради» деган фалсафий ғояни кўтаради. Чунки атроф-муҳит ҳам гўзал бўлиши кераклигини тушунтиради. Иккинчидан, Ялангтўш Баҳодир, бу тасвир орқали инсонларни зиёли бўлишга, яъни зиё орқали, руҳий поклик орқали комилликка эришиш мумкинлигини кўрсатишни, учинчидан, менинг ҳақимда яъни нақш тили билан яшаган давримни ҳамда менинг суратим ва сийратимни баён этсин, деган мақсадни олдига қўяди. Абдужаббор ушбу вазифани етук наққошлар гуруҳи билан маслаҳатлашиб, ажойиб, мукаммал композиция тузади ва ўз олдига қўйган мақсадга эришади.

 

Шарқий мучал

Бурч бўйича

ЙИЛ

ОЙ


1576 йил

15 сентябрь

1578 йил

Август

Йўлбарссимон шер

Ялангтўш Баҳодирнинг Шарқий мучали, буржлар ва шамсий йил ойлари тасвирланган чизма. Бу чизма йил ўн икки ойдан, ой эса кунлардан, кун эса кун ва тундан иборатлиги рамзий маънода ҳам берилган. Ялангтўш Баҳодир Шарқий мучал бўйича йўлбарс, буржи эса шер экан. Шу асосда у 1578 йил августда туғилган, деган тахминга келамиз.

  

Меъморчиликдаги бу безакларда ўзига хос шундай композиция чизилганки, нақш тили орқали шаҳар ҳокими Ялангтўш Баҳодир номдор қаҳрамон, зиё тарқатувчи, ўз халқига фидойи инсон эканлиги моҳирона акс эттирилган. Наққош танаси йўлбарс, боши шер бўлган афсонавий ҳайвонни тасвирлаган. Композицияда биринчи шакл шерсимон йўлбарс, иккинчиси оҳу боласи, учинчиси қуёш, тўрт­инчиси намоён (комиллик) кўзга ташланади. Ком­пози­ция­даги қаҳрамон бу шердир. Асосий қаҳрамон — шерни наққош афтидан икки ўринда, яъни кўпликда инсонларни, иккинчи ўринда Яланг­тўш Баҳодирни рамзий маънода ифодалаган. Демак, Ялангтўш Баҳодирнинг сурати ва сийратини ҳамда туғилган йили ва ой, куни нақш тили билан ёзилган. Бунинг учун биз тарихга мурожаат қиламиз.

-              Самарқандлик олим Абу Тоҳирхўжанинг «Самария» китобида Шердор мадрасаси пештоғидаги тасвирлар астрология, яъни мунажжим илми билан боғлиқ деган фикри тўғри деб ҳисоблаймиз.

Юқоридаги воқеалар астрология илми бошқа фанларга ҳам кириб боришига сабаб бўлади. Жумладан, наққошлик санъатига кириб бориб, миллий меъморчилик ва амалий санъат безакларида ўз аксини топди. Бу ҳақида бир қанча мисоллар келтириб ўтамиз. Шулар қаторида Шердор мадрасаси пештоғидаги тасвир ҳам афтидан астрология фани асосида безатилган. Композиция­даги тасвирда Ялангтўш Баҳодир эркак шер рамзида акс эттирилган. Эркак шер боши орқали шарқий толенома асосида Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодирнинг буржи, йўлбарс танаси орқали эса унинг мучали рамзий берилганлиги аниқланди.

Шердор мадрасаси пештоғидаги композицияда эркак шернинг боши йўлбарс танасига бириктирилиб, йўлбарссимон шер тасвирланганлигининг сабаби шундаки, йўлбарс­симон шер орқали Ялангтўш Баҳодирга қиёсланган ва рамзий безак орқали Ялангтўш Баҳодирнинг мучали ва буржи ифодаланган. Бизнингча Ялангтўш Баҳодирнинг мучали йўлбарс бўлган. Агар шундай бўлса, у 1578 йилда туғилган бўлади. Ўзбек миллий энциклопедиясининг 10-жилди 367-бетида эса туғилган йили 1576 йил деб берилган шарқий мучал бўйича у сич­қон.

Қуёш ичида тасвирланган одам қиёфаси яноғидаги битта хол, холлар таъбирида айтилишича, комилликни (гўзалликни) англатади. Нима учун инсон қиёфасида симметрик иккита хол қўйилган? Бунинг маъноси қуйидагича: «Инсон қачон комил бўла олади, қачонки тили  билан  дили бир бўлса» дейди.  

Хулоса қилиб айтганда, аср­лар давомида улкан маданий бойлигимиз, хусусан, ўзбек миллий халқ амалий безак санъатининг кенг тарқалган турларининг ўзига хос томонлари, мактаблари, бажариш технологияси, услублари, уларни яратган усталарнинг муборак номларини унутишга ҳаққимиз йўқ. Ана шу сабабли бу ноёб санъат дурдоналарини сақлаш, илмий ўрганиш, уларни ёшларга ўргатиш ва келажак авлодга етказиш муҳим вазифамиз, деб ўйлайман.

 

Саидахбор БУЛАТОВ,

Низомий номидаги ТДПУнинг профессори, педагогика фанлари доктори.



DB query error.
Please try later.