Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
25.07.2015

«АСАБ ВА РУҲИЯТ»

Ҳамма ҳам иссиқ жон, умрида шифокорга иши тушмаган одам бўлмайди. Унинг қабулига борганда малакаси, касб маҳоратидан ҳам кўра муомала-муносабатига, айтар сўзига кўпроқ эътибор берамиз. Бу табиий, албатта. Афсуски, кўпинча бундай мулоқотдан кўнглимиз тўлмайди. Сабаби, дардига шифо истаб келган беморга кўнгилдагидек эътибор бермайдиган, унинг дардини охиригача эшитмайдиган шифокорлар ҳам учраб туради. Ваҳоланки, шифокор, аввало, сўз билан даволаши лозим, суҳбатдан кейин бемор ўзини яхши ҳис этмаса, демак, у яхши мутахассис эмас.

Таниқли невролог ва нейропсихолог олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг «Шарқ» нашриётида чоп этилган «Асаб ва руҳият» китобини ўқиганимда шу фикр хаёлимдан ўтди. Рисола кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган бўлиб, ниҳоятда равон, содда ва тушунарли тилда ёзилган. Бу эса асарнинг қизиқарли ва мароқ билан ўқилишини таъминлайди, десак, адашмаймиз.

Ўзаро суҳбатларда турли касалликлар ҳақида гап кетганда «Ҳамма дард асабдан, ҳозир болалар она қорнидан асабий бўлиб туғиляпти» деган гапларни кўп эшитамиз. Бу мулоҳазаларда жон бор, албатта.

«Асаб ва руҳият» китобида жуда кўп касалликлар, ҳозирги замон тиббиётининг ўта муҳим муаммолари ҳақида қисқа ва лўнда тушунча берилади. Дарднинг давоси ҳақида ҳам маслаҳат, йўл-йўриқлар баён қилинади.

З.Ибодуллаев рисолада шундай мулоҳаза юритади: «Беморнинг дардини охиригача эшитиш зарур. У ўзини безовта қилаётган барча шикоятларини докторга айтиб бермаса, кўнгли жойига тушмайди. Гап шундаки, бемор дардини қанча тўкиб солса, шунча енгиллашади. Бу психоанализда катарсис, яъни руҳий покланиш деб аталади. Беморнинг узундан-узоқ сўзлари докторга ташхис қўйиш учунгина эмас, балки унинг дардини енгиллаштириш учун ҳам керак».

Тиббиётда муолажа қанчалик муҳим бўлса, тўғри ташхис қўйиш ундан ҳам муҳим. Мундоқ қараганда, ўта сезгир, замонавий аппаратлар ҳар қандай касалликни тез аниқлай олади.

«Афсуски, биз ташхис қўйишда қуйидаги хатоларга йўл қўямиз: беморни аввал палата врачи кўради ва ўз ташхисини қўяди, — деб ёзади муаллиф. — Унинг ташхисини бўлим мудири ўзгартиради. Мен бир-бирининг ташхисини маъқуллаган врачларни, афсуски, жуда кам кўраман. Бу жуда ачинарли ҳол, албатта. Беморга тўғри ташхис қўйиб, даволашни тезроқ бошлаш ўрнига ўзимизни бошқалардан ақллироқ кўрсатишга уринамиз. Қайсидир доктор даволаш муолажасини тўғри белгилаган бўлса ҳам, биз уни тан олишни хоҳламаймиз».

Муаллиф тиббиётда тўпланиб қолган ёки ўз ечимини кутаётган айрим муаммоларга ҳам муносабат билдириб ўтади. Хусусан, тиббиёт ва табобатнинг ўзаро муносабати, ҳамкорлиги масаласига тўхталади, бу борада ривожланган мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратади.

Китобдан ўрин олган «Бебош бола» синдроми ва уни бартараф этиш йўллари», «Матонатли Дилдора», «Врач йўқлиги синдроми», «Сиз қайси темпераментга мансубсиз?», «Бақа ютган аёл тақдири» каби мавзулар жуда қизиқарлилиги билан эътиборни тортади. Айни чоғда муаллиф ушбу ғаройиб тафсилотлар ор­қали китобхонни мулоҳазага чорлайди, саломатлик ҳар бир кишининг ўз қўлида эканига ишора қилади.

Китобнинг сўнгги саҳифаларида муаллиф ижод қилган афоризм­лардан намуналар берилган.

 

Шодмон ОТАБЕК



DB query error.
Please try later.