Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
25.07.2015

ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИГА САЗОВОР БЎЛИШ УЧУН

астойдил ишлашимиз керак

Куни кеча Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Унда мустақиллик йилларида қўлга киритилаётган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини кенг очиб бериш устувор вазифа сифатида қўйилди.

Хусусан, биз қўлга киритаётган юксак натижаларнинг асосий омили ва мезони сифатида, биринчи навбатда, халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги ортиб, фуқаролик позицияси тобора кучайиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Чиндан ҳам бугун одамларнинг ҳаётга қараши тубдан ўзгариб бормоқда. Ҳар бир киши ён-атрофда бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида ўз фикри, муносабатига эга. Айниқса, фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга бефарқ эмаслиги, энг муҳими, бу жараёнда фаол иштирокчи эканлиги тараққиётни янги бос­қичга кўтариш, эзгу мақсадларнинг тўлиқ рўёбга чиқишида катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Айни кунда Сирдарё вилоятида 15 102 нафар киши Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзосидир. Ўтган йилнинг ўзида 1500 нафар фуқаро аъзоликка қабул қилинди. Шу рақамнинг ўзиёқ бугун одамларимиз давлат бошқарувини демократлаштириш, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш ишларида жонбозлик кўрсатаётгани, бу жараёнга бефарқ эмаслигини англатади...

Бугун Сирдарё вилоятида ким билан суҳбатлашманг, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ижобий ўзгаришлар ҳақида фахр-ифтихорга тўла сўзларни эшитасиз...

Масалан, ўтган давр мобайнида вилоят иқтисодий салоҳиятини ошириш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш тизимида қатор эътиборга молик ишлар олиб борилди. Ҳар бир туман ва шаҳарнинг ривожланиш ҳолати, истиқболидан келиб чиқиб, ҳудудий ривожланиш дастурлари қабул қилиниб, амалиётга жорий этилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, бугун вилоятда эришилаётган ютуқларда, ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ҳаётга жорий этилишида партиядошларимизнинг, умуман олганда, ЎзХДПнинг  ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Маълумот учун: Ўтган йилги сайловда 130 нафар ЎзХДП вакиллари халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига депутат этиб сайланди. Демак, вилоят аҳлининг кўпчилиги партиямизга катта ишонч билан қараяпти.

Алишер ТОШМАТОВ, ЎзХДП вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

Бугун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқишда партия ташкилотлари ва депутатлар фаоллигини кучайтириш давр талабига айланди. Шу маънода сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиб, одамларнинг кайфияти ва фикрини ўрганиб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Масалан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдураззоқ Аллаёровга фуқаролар Оқолтин тумани, «Шодлик» қишлоқ фуқаролар йиғинидаги қишлоқ врачлик пунк­ти айрим сабабларга кўра ишламаётганлиги ҳақида мурожаат қилишди.  Депутат муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб, мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборди. Депутат ташаббуси билан муаммо ижобий ҳал этилди.

Ўтган йили Сирдарё туман «Ичимлик суви ишлаб чиқариш корхонаси» раҳбари Тоштемир Қаюмов номига ҳудуднинг Пахтакор, Ширин, Фурқат маҳаллаларида ичимлик сувидаги узилишларни бартараф этиш бўйича депутатлик сўрови берилган эди. Сайловчилар томонидан билдирилган эътирозга асосланган мазкур сўров ташкилот раҳбарлари томонидан ўз вақтида кўриб чиқилди ва ушбу ҳудудда 1,6 км узунликда сув қувури тортилди. Натижада 355 хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгаши депутати Олимжон Абдуллаевнинг янги иш ўринлари яратиш бўйича олиб бораётган ишлари ҳам ибратлидир. Ушбу депутатимиз 2015 йилнинг беш ойи давомида 10 киши ишли бўлишига яқиндан кўмаклашди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Биламизки, партиямиз тизимида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари аҳоли, хусусан, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда тажрибадан ўтган самарали усулдир. Шунинг учун аҳолидан тушган мурожаатларнинг ҳар бирига жиддий эътибор қаратяпмиз. Бу орқали нафақат одамларни ўйлантираётган масалалар бартараф этилмоқда, балки жойларда учраётган камчиликлар аниқланиб, уларни таҳлил этиш, ҳал қилиш бўйича ҳаётий таклифлар ишлаб чиқиляпти.

ЎзХДП вилоят ва туман, шаҳар кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарига жорий йилнинг биринчи чорагида 115 мурожаат бўлди. Шундан 70 таси ҳамкор ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал этилди. Қолгани назоратга олинди ва айримларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Масалан, шу йилнинг март ойида вилоят партия кенгаши Жамоатчилик қабулхонасига Ширин шаҳридаги Нур­обод маҳалла фуқаролар йиғинида газ таъминотида узилишлар бўлаётгани тўғрисида фуқаролар мурожаат қилди. Масала халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди, мутасадди ташкилотларга мурожаат этилди.  Энг муҳими, биз уни ижобий ҳал этишга эришдик. Газ таъминотига тўсиқ бўлаётган муаммолар аниқланди ва улар бартараф этилди...

Анвар ҚУРБОНОВ, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони:

Партия гуруҳларимиз электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловчилар ишончини оқлашда, дас­турий мақсадларимиз амалга ошишида асосий куч ҳисобланади. Албатта, бугун депутатлар зиммасида катта вазифалар турибди. Аввало, давлат ҳокимиятининг сайланадиган вакиллик органлари ишида фаол иштирок этиш орқали партия олдида турган вазифаларни бажариш, электорат манфаатларига хизмат қилувчи қонунлар ижросига самарали таъсир кўрсатиш механизмдан тўлиқ фойдаланиш лозим бўлади.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан 5 масала партия гуруҳларида, 2 масала доимий комиссия йиғилишларида кўриб чиқилди.

Хусусан, 2015-2019 йилларга мўлжалланган партиямиз Ҳаракат дастури асосида халқ депутатлари Боёвут туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи  аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, пенсия ва нафақаларнинг тўғри ва адолатли тақсимланиши бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб борди. Партиямиз вакиллари масала бўйича мониторинг натижаларини умумлаштириб, уни доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқишди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида доимий комиссия қарори қабул қилинди.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик, алоқа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари доимий комиссиясида ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлигини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгашининг сессия­сида ҳам бу масала атрофлича муҳокама этилди.

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши  партия гуруҳи аъзоси:

— Мустақиллик йилларида юртимизда хотин-қизларнинг мав­қеини ошириш, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш тизими тубдан такомиллашди, уларни эъзозлаш, фаоллигини ошириш бўйича кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун биз аёлларга ҳар бир соҳада ўз иқтидоримиз ва салоҳиятимизни намо­йиш этиш учун етарли шароит яратилган. Партиямиз тизимида «Фаол аёллар» қаноти ҳам хотин-қизлар фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келаяпмиз.

Бугун сирдарёлик хотин-қизларнинг 5 мингдан ортиғини ЎзХДП аъзолари ташкил этади. Қувонарлиси, йилдан-йилга бизга хайрихоҳ бўлган аёллар сафи кенгайиб бораяпти. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 62 нафар хотин-қиз сафимизга қўшилди. Бу зиммамизга катта масъулият юклайди...

Вилоятимизда «Фаол аёллар» қаноти ташаббуси билан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтисодий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларни оилавий тадбиркорлик ва касаначиликка жалб этиш ҳамда ижтимоий-маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилди. Масалан, «Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий фаоллик сари», қишлоқда қизлар спортини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳамда «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш», «Қонунлар тарғиботи» ойликлари доирасида амалий тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида «Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий фаоллик сари» лойиҳаси доирасидаги тадбирлар давомида шаҳар ва туманларда 50 нафар хотин-қиз иш билан таъминланишига кў­маклашилди. Шундан 40 нафари касаначиликка жалб этилди. Ишбилармон аёллар кредит олиб иш бошлашига яқиндан ёрдам берилди. 

Бугун қишлоқ аёлини, қишлоқда ўсаётган қизларнинг қандай муаммоси бор, уларнинг орзу-ҳаваслари, ниятлари, қизиқишлари қандай? Ана шу саволларга жавоб топишга интилиш, чекка ҳудудларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш зарур. Қанчадан-қанча истеъдодли, нимадир ишлаб чиқаришга иштиёқи бор қизларимиз бор. Биз уларни аниқлашимиз, қўллашимиз, рағбатлантиришимиз керак. Ана шу йўналишдаги тадбирларимизни кўпайтирсак, мақсадимизга етган бўламиз.

Мурод ҲАЙИТОВ, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Сирдарё вилоят бўлими етакчиси:

— Эл ишончини оқлайман, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиё­сий ҳаётида фаол иштирок этиб, уни янада равнақ топиши учун хизмат қиламан, деган эзгу орзулар билан камол топаётган ёшлар орасида партиямиз мақсад ва ғояларини қўллаб-қувватлаб сафимизга қўшилаётганлар кўп. ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Сирдарё вилоят бўлими ана шундай ёшлардан ташкил топган.

Бугунги кунда 5000 нафар сирдарёлик йигит-қиз бизнинг сафимизда. Улар ёшларга хос шижоат билан партиямизнинг туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этяпти.

Масалан, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг бу йилги босқичларида қатнашиш истагини билдириб, 1500 нафардан зиёд йигит-қиз мурожаат қилди. Шунингдек, улардан 165 нафари танловнинг биринчи, яъни бошлан­ғич партия ташкилотларида ғолиб бўлган бўлса, 11 нафар ЎзХДП­нинг ёш аъзоси танловнинг иккинчи туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритди. Танловнинг учинчи вилоят бос­қичида Санжар Аввалбоев ғолибликни қўлга киритиб, республикада вилоятимиз шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.

2015 йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниши муносабати билан жойларда «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими томонидан «Кексаларимиз ёшлар эъзози ва эътиборида», «Кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — менинг бурчим» мавзуларида қатор тадбирлар ўтказилди. Мазкур тадбирлар давомида 30 га яқин кексалар хонадонида ҳашар уюштирилди, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Шунингдек, «Ёш сиёсатчилар» клуби томонидан «Ёшларга оид қонунчилик ёшлар нигоҳида» лойиҳаси бўйича тадбирлар изчил ташкил этилди. Унда 1000 нафардан ортиқ йигит-қиз мазкур лойиҳада фаол қатнашди. Лойиҳа доирасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан 50 га яқин таклиф билдирилди.

«Ёшлар бандлигини таъминлашда уч томонлама шартномалар ижроси юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш», «Ёлланма ишчи сифатида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёшлар меҳнат қонунчилигига мувофиқ меҳнат дафтарчаларини олишларини доимий назоратга олиш», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бош­қа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантларини ёшлар томонидан ишлаб чиқилаётган энг долзарб лойиҳаларга ҳам ажратишни йўлга қўйиш» каби таклифлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Ўтган йилги сайловда 10 нафар 30 ёшгача бўлган истиқболчи ёшлар маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланди. Бу қанотимиз аъзоларининг ижтимоий-сиёсий билим даражаси, фаоллиги ошиб бораётганидан далолат беради, албатта.

Назира АБДУМЎМИНОВА, ЎзХДП вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Сирдарё вилоятида 309 та ЎзХДП бошланғич ташкилоти бор. Биз қуйи ташкилотлар фаолиятини замонавий талабларга мос равишда ташкил этиш, ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатларнинг қуйи бўғин билан ишлашга муносабатини ўзгартириш, етакчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини юксалтиришга эътибор қаратаяпмиз. Масалан, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўқувлар, эркин мулоқотларни кўпроқ ўтказаяпмиз.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзолари ҳамда бошланғич ташкилотлар етакчилари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш кун тартибидаги устувор вазифа этиб белгиланди. Хусусан, ҳар ойда ташкил этилаётган «Бошланғич партия ташкилотлари куни»да депутатлар билан биргаликда бошланғич ташкилотларга борилади, улар фаолияти, муаммолари ўрганилади, таклифлар эшитилади. Бу таклифлар депутатлар томонидан чуқур таҳлил этилиб, доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига электорат манфаати билан боғлиқ масалаларни олиб чиқишга асос бўлади.

Айни кунда шу тажрибадан янада кенгроқ фойдаланган ҳолда, қуйи бўғинлардан кўпроқ таклиф олишга ҳаракат қилаяпмиз. Чунки улар аҳолини, ёшларни ўйлантираётган, қизиқтираётган масалаларни яхши билгани сабабли ҳаётий, асосли таклифлар беради.

Фаол бошланғич ташкилотларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, Сирдарё иссиқлик электростанцияси акциядорлик жа­мият­идаги бошланғич ташкилотимизни мисол қилиб келтириш ўринли, назаримда. Бу ерда 685 нафар партиямиз аъзоси бор. Бошланғич ташкилот етакчиси Анвар Ярибеков партиямизнинг фаол ва жонкуяр аъзоларидан. Етакчи ташаббуси билан ташкилотда кўплаб тадбирлар ташкил этиляпти, партиямизга хайрихоҳ бўлганлар сони ошиб бораяпти.

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, етакчида малака, билим етишмаса, аъзолар билан ишлашни билмаса, у ерда иш юришмайди. Шу боис биз бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш учун, аввало, қуйи бўғин етакчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойили асосида фуқароларнинг давлат бошқарувидаги мавқеи, иштирокини кенгайтиришга қаратилган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг бугунги бос­қичида сиёсий партиялар зиммасига ҳар қачонгидан кўпроқ масъулият юкланмоқда. Бундай шароитда ҳаётий ғояларни илгари сурган, уларни амалга ошириш учун ташаббуслар билан чиқиб, қатъият кўрсатган партиягина эл-юрт ҳурматига сазовор бўлади.

 

Махсус саҳифани ўз мухбирларимиз

Ўктам АБДУЛЛАЕВ ва Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.

Суратлар муаллифи Фаррух АЛИЕВ.

 



DB query error.
Please try later.