Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
23.07.2015

МУСТАҚИЛЛИК – ҒУРУРИМИЗ, ИФТИХОРИМИЗ

Патилахон ЭРГАШЕВА, Бувайда туманидаги «Патилахон» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП фаоли:

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорини диққат билан ҳаяжонланиб ўқир эканман, беихтиёр ёшлигимда кўрган-кечирганларим бир-бир кўз олдимдан ўтди...

Ота-онамнинг суяги далада қотган. Ёш бола эдим. Ҳамон эсимда, дала четидаги иккита дарахтга арқон тортиб беланчак ясаб, унга укамни солиб қўярдилар. Мен эса уни тебратиб, «бола боғчалик» қилардим. Баъзи-баъзида устимиздан аэроплан учиб ўтар, сариқ аччиқимтил дори устимизга ёмғирдек ёғарди. Нафас олишга қийналардик. Маҳалламизда бир қанча болалар жигар касалига мубтало бўлгани, бу ўша «сариқ дори»нинг иши экани ҳақида ота-онам суҳбатлашгани ҳам қулоғимда қолган. Тенгдошларим орасида касалхонадан қайтмаганлари бўлган.

Бугун бу гаплар узоқ ўтмишдаги эртакдек бўлиб қолди. Бугунги ёшларга, невараларимга қараб, «қани энди ҳаёт ғилдираги бир айланса-ю, ёш бўлиб қолсам», дейман энтикиб.

Мен деҳқонман, фермерман. Илгари ер давлатники, ер ҳамманики, деган қараш бор эди, аслида эса ернинг эгаси йўқ эди. Мустақиллик туфайли ер эгасига, деҳқонларга берилди. Бир пайтлар йил ўн икки ой боши қора меҳнатдан чиқмаган, тонналаб пахта етиштирган деҳқоннинг, очиғи, косаси оқармаган. Жафокаш деҳқон Мустақиллик йилларида қадр топди, фермер бўлди, ўз ери, ўз мулкига эга бўлди. Меҳнатидан ҳузур кўрди, фарзандларига, оиласига яхши шароит яратиб, кўнгли ҳаловат топди.

Мана, яқинда донни барвақт пишириб, вақтида ўриб олдик. Ҳосилдорлик 50 центнерга етиб, 170 тонналик хирмон кўтардик. Пахтамиз дуркун ривожланяпти. Ўтган йили деҳ­қончиликдан 130,0 миллион сўм соф даромад олгандик. Бир қисмини қишлоғимиз ободончилигига сарфладик. Фермер хўжалигимиз аъзолари соғлиғини мустаҳкамлаш, фарзандларимиз таҳсил олаётган мактабга қўшимча замонавий ўқув жиҳозлари сотиб олиш каби ишларга ҳам маблағ ажратдик.

Яна бир гапни айтай, илгари қишлоқ аҳли асосан пахта етиштиришни биларди. Энди барча озиқ-овқат маҳсулотларини ўзимиз етказаяпмиз. Бири бирига туташ боғларни кўриб, қувонасан киши. Болаликда «вьетнам гуручи»ю «польша картошка»сини егандик. Энди-чи? Бувайданинг сархуш ерларида шунақа ширин картошка бўладики, асти қўяверасиз. Дарё бўйларига туташ бурсиққан майдонлардаги шолидан энг мазали ош дамлаймиз.

Дала шийпонимизга ком­п­ьютер қўйганмиз. Баъзан интернетдан хорижлик деҳқонлар тажрибаси ҳақида ўқиб, муҳокама ҳам қиламиз. Бундай неъматлар фақат Мустақиллик туфайлигина бизга насиб этди. Шунданми, Мустақиллик сўзидан кейин хаёлимга, энг аввал, бахт сўзи келади.

Президентимиз қарорида  бугунги кунда фермер хўжаликларимиз нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини ишлаб чиқараётгани, балки қишлоқ тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олган қудратли ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланиб бораётганини кўрсатиб бериш зарурлиги белгиланди.

Шу сўзларни ўқиганимда, тўғрисини айтай, меҳнатга меҳрим, ҳаётга муҳаббатим янада ошди, шундай кунларга етказганига шукур қилдим. Халқ­имизнинг ризқи бутун, Она юртимиз обод ва фаровон бўлиши биз деҳқонлар, фермерларга ҳам боғлиқ эканини англадим. Танамга қувват кирди, кучимга куч қўшилгандай бўлди.

Кечаги деҳқон билан ҳозирги деҳқон — фермерларнинг турмушида, фикрлаш тарзи ва ҳаётга муносабатида ер билан осмонча фарқ бор, десам, ҳеч муболаға бўлмайди.

Биз оғир кунларни бошидан кечирган, юрагидан ўтказган авлод эрксизлик, қарамлик нима эканини, мустақил бўлиб ишлаш ва яшашнинг қадрини ёшларимизга кенгроқ тушунтиришимиз, уларнинг қалбига етиб боришимиз керак, деб ўйлайман. Биз бу ишни энг аввал ўзимизнинг оиламиз, фарзандларимиз, набираларимиздан бошлашимиз лозим. Агар фарзандларимиз мустабид замонда бошимизга қандай кулфатлар солингани, ҳаётимиз қанчалик оғир бўлганини билса, ҳис қилса, мустақилликнинг қадрини, халқимиз тақдири ва келажагидаги аҳамиятини чуқурроқ тушуниб етади. Ёш авлодга  буни тушунтириш бизнинг вазифамиз, халқимиз, Ватанимиз олдидаги бурчимиз, деб биламан.



DB query error.
Please try later.