23.07.2015

ДЕПУТАТ СЎРОВИДА КЎТАРИЛГАН МАСАЛАНИ

ҳал этишда халқ вакиллари, ижро ҳокимияти ва мутасаддилар бирдек масъулдир

Миллий қонунчилигимизда депутатлик фаолия­тини амалга ошириш учун назорат ўрнатиш, сўров юбориш, парламент эшитуви ташкил этиш ва бош­қа  қатор қоида ва меъёрлар жорий этилган.

Маълумки, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонунда депутатнинг ҳуқуқ­ларидан бири сифатида депутат сўрови билан мурожаат этиш ҳуқуқи белгиланган. Унга асосан депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бош­қаруви ор­ганларининг мансабдор шахс­ларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби кўрсатилган мурожаат билан чиқишга ҳақли.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 900 га яқин депутатлик сўрови юборилган. Шундан 258 та иқтисодий, 245 та ижтимоий, 213 та уй-жой ва коммунал, 176 та соғлиқни сақлаш ва 45 та бошқа соҳаларга оид депутатлик сўровларидир.

Хўш, уларнинг натижалари қандай бўлди? Мутасадди ташкилотлар депутатлик сўровларининг ҳаммасига ўз вақтида жавоб беришдими? Электорат манфаатларини ҳимоя қилишда депутатлик сўровлари қай даражада самара бермоқда? Ушбу муҳим институтдан янада кенг фойдаланиш учун кўпроқ нималарга эътиборни кучайтириш керак?

Мўътабар КАРИМОВА, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

Айни кунларда халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашида партиямиздан сайланган 12, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 105 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Айтиш керакки, ҳокимият вакиллик органларидаги депутатларимиз партиямиз дас­турий мақсадлари ҳамда вазифаларини амалга оширишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишмоқда. Масалан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз депутатлари давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларига 32 та депутатлик сўрови билан чиқишган бўлса, бу кўрсаткич туман ва шаҳарлар кесимида 9 тани ташкил этди. Муҳими, уларнинг аксариятига вақтида жавоб олинди ва электорат манфаатларига дахлдор катта-кичик муаммоларни жойларда ҳал этишга эришилди.

Депутат сўрови турли масалаларда бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай сўров муаммо атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг юборилсагина кутилган самарани беради. Чунки сўровда масала аниқ ва асосли қўйилган бўлади. Ҳар бир депутат, унга кўмак берадиган партия ташкилоти шунга амал қилса, депутатлик сўровининг таъсир кучи юқори бўлади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, айрим мутасадди ташкилотлар депутат сўровига вақтида жавоб бермаяпти. Менимча, бу борада керакли тушунтириш-тарғибот тадбирларини ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.

Мақсуда Ворисова, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

Депутат зиммасида сайловчилар манфаатларини ифода этиш вазифаси туради. Депутат қайсидир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга. Тўғри, берилган ҳуқуқ ва ваколатлар кенг, лекин улардан самарали фойдаланиш ўзига хос мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки бу фақат депутат фаоллиги ёки партия ташкилотининг интилишига боғлиқ эмас.

Айтайлик, депутат қандайдир масала юзасидан назорат ўрнатди, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишга киришди. Шундан сўнг муаммога бевосита алоқадор ва масъул бўлган тегишли ташкилотларга сўров юборади. Албатта, бу билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Мутасадди ташкилот раҳбарининг депутат юборган сўровга жавоби устидан ҳам депутатлик назоратини ўрнатиш талаб этилади. Масалан, депутат аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича мутасадди ташкилотга сўров юборди. Жавобда бу масала ҳудудий дастурга киритилгани қайд этилди. Очиғини айтиш керак, кўпчилик депутатларимизда ана шундай ҳолларда «расмий жавоб олдим, вазифамни бажардим», деган фикр бўлади. Лекин шундай вазиятлар бўладики, масала ечилмай қолади. Масала белгиланган вақтда ҳал этилдими, йўқми, сўровимдан бирон-бир натижа чиқдими, йўқми, депутат ўзига доим шу саволларни бериши зарур, деб ўйлайман.

Яқинда халқ депутатлари Пскент туман Кенгаши депутати Роҳила Нишонова туман «Сув­оқава» очиқ акциядорлик жамияти раҳбарига депутатлик сўрови юборди. Унда тумандаги Кориз қишлоғи ҳудудида қудуқ ўрнатиш масаласи кўтарилган эди. Сўров натижасида масала ижобий ҳал этилди.

Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгаши депутати Олимжон Асатов томонидан «Ўзметкомбинат» АЖ раҳбариятига депутатлик сўрови юборилди. Унда «Андижон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Хоз-яз» каналига ўрнатилган сув чиқариш тармоғини таъмирлашда амалий ёрдам сўралган эди. Бу масала атрофлича ўрганилди, жорий йилнинг апрель ойида сув чиқариш тармоғи тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Депутат сўрови натижалари билан боғлиқ бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Саида ЖЎРАЕВА, Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Ҳаёт ўзгариб, кундан-кунга ол­димизга янги талаблар қўйилмоқда. Депутат ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараши, уни зийрак кузатиши керак. Қайсидир ҳудудда аҳолини ташвишлантириб келаётган муаммо бўлса, уни ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги зарур. Очиғини айтиш керак, ҳали ҳамон айрим депутатларимизда «Бу муаммо бўйича ҳеч ким мурожаат қилмадику, кимдир мурожаат қилсагина масалани ҳал этишга кўмаклашаман», деган қараш бор. Ҳозирги замонда бундай фикр билан келишиб бўлмайди. Ҳар бир масала ёки муаммони кузатиб, уни ҳал этиш чораларини кўрган депутатнинг одамларга, тараққиётга нафи тегади. Ишида натижа кўринган, кўпга ёрдами теккан депутат дарров эл назарига тушади, обрў-эътибори ошиб бораверади.

Биз яна бир масалани ёддан чиқармаслигимиз керак. Депутатлик сўровининг имкониятлари кенг, бу борада депутатга катта ҳуқуқ, ваколат берилган. Депутат муайян ташкилотга сўров билан мурожаат қилар экан, аввало, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини ҳисобга олиши, вазиятни чуқур таҳлил қилиши, кўпнинг манфаатини кўзламоғи лозим бўлади.

 

Лазиза ШЕРОВА



DB query error.
Please try later.