23.07.2015

САЙЛОВЧИ САВОЛ БЕРАДИ

Дилёр ЮЛДАШЕВ, Андижон вилояти, Жалақудуқ туманидан:

— Cиёсий партиялар, парламент фаолияти ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлишга ҳаракат қиляпман. Лекин парламентдаги кўпчилик, парламентдаги мухолифат тўғрисида етарли тушунчага эга эмасман. Парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат деганда, нима тушунилади?

 

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган сиёсий партия фракцияси парламентдаги кўпчиликни ташкил этади, деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, ўз дастурий мақсад вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта сиёсий партиялар фракция­лари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Ўз навбатида, янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари, шунингдек, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат, деб эълон қилиш ҳуқуқига эга. Қайд этиш керакки, сиёсий партиялар фракцияларининг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.

Ўзини парламентдаги мухолифат, деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир. Хусусан, парламентдаги мухолифат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақт­да қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиши, муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига қўшиши мумкин.

 

Бекзод САЙФИДДИНОВ, Бухоро вилояти, Жондор туманидан:

— Туманимизда сиёсий партиялар фаол иш олиб боришяпти. Жойларда турли учрашувлар ўтказилиб, аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан фикр алмашиляпти. Шундай учрашувларда партия гуруҳлари ҳақида сўз боради. Лекин мен бу ҳақда тўлиқ тушунчага эга эмасман. Партия гуруҳларининг тузилиши ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари, кафолатлари қандай?

 

Аксавли ТУМИШОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Албатта, партия гуруҳларини тузиш бўйича «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга алоҳида модда киритилган. Қонуннинг 14-моддасида партия гуруҳи — сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмаси экани белгиланган.

Кенгроқ айтадиган бўлсак, сиёсий партиядан кўрсатилган ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ёки халқ депутатлари Кенгашига сайланган депутат фақат шу партиянинг партия гуруҳи аъзоси бўлиши мумкин. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатларнинг таъсис йиғилишларида тузилади. Партия гуруҳлари партия гуруҳи раҳбарининг тегишли аризаси ва таъсис ҳужжатларига асосан тегишли равишда Кенгашлар томонидан рўйхатга олинади. Партия гуруҳларини уларда тегишли сиёсий партиядан халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларига сайланган камида беш нафар депутат бирлашган тақдирда тузиш мумкин.

 

Гулноза СИДИҚОВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.