Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
23.07.2015

ТАРИХИМИЗНИНГ НОЁБ ЁДГОРЛИГИ

Жонажон Ватан тарихини ўрганиш унинг буюк сиймолари ҳаёти, шаън-шукуҳи билан фахру ифтихор этиш туйғусидан келиб чиқади ва чиндан ҳам, шундай ишга қўл урган арбоб, олим ёки адибга қарата ҳақиқий Ватан ўғли экан, ўз фарзандлик бурчини адо этибди, деб тасаннолар  айтамиз.

Профессор Акмал Саидовнинг «Ҳазрат Занги ота» китоби ана шу фикримизга яққол мисол бўла олади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан китобга ёзилган сўзбоши «Фарзандлик масъулияти» деб номлангани ҳам бежиз эмас.

Муаллиф китобни ёзишга киришишдан олдин узоқ тайёргарлик кўргани, чуқур изланишлар қилганлиги, синчковлик билан катта илмий-тадқиқот ишлари олиб боргани шундоққина намоён бўлиб турибди. Келтирилган далилларнинг қайта-қайта назардан ўтказилгани, текширилгани, китоб охирида айрим сўз ва ибораларга батафсил изоҳ берилиши унинг илмий-маърифий қиммати юксак даражада бўлишини таъминлаган.

Халқимизнинг улуғ пирларидан бўлган Занги отанинг ғаройиб ҳаёти, унга бўлган муносабатлар, Арслонбоб, Хожа Юсуф Ҳамадоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Ҳаким ота каби устозлари ва Узун Ҳасан ота, Саййид ота, Бадр ота, Садр ота сингари халифа-издошлари силсиласи, оила ва авлодлари, туғилиб ўсган ҳамда истиқомат айлаган юрт­лари, маҳалла ва даҳаси, қишлоғи тарихи, пир шахсияти ҳамда фаолиятининг ўрганилиши, ҳаётининг кўҳна қўлёзмалар ва тарихий асарлардаги талқини, тасаввуф ва маънавият ҳақида теран мулоҳазалар ҳақидаги ишонарли кўплаб манбалардан олинган далиллар Занги ота шахсининг ҳам яқиндан, айтиш мумкинки, ҳам янгидан кашф этилишида катта омил бўлиб хизмат қилган.

Занги ота мақбараси қурилишига доир Соҳибқирон билан боғлиқ нақллар ғоятда катта аҳамиятга эга экани, мус­тақиллик даври архитектурасида Амир Темур бунёд эттирган ва Мирзо Улуғбек таъмирлатган ушбу тарихий-меъморий мажмуанинг роли алоҳида эътиборга лойиқлиги ҳақидаги фикрлар жуда ҳаётий ва ўринли.

Айниқса, муаллиф XIV асрнинг охирларида Амир Темур томонидан Занги ота мажмуа­сининг бунёд этилгани манбаларда тасдиғини топган тарихий ҳақиқат эканини қайд этиб, бунинг бир эмас, нақд 10 та асосий сабабини кўрсатиб бергани таҳсинга сазовор, деб ўйлайман.

Ана шу сабабларни мухтасар тарзда кўриб чиқайлик.

Биринчидан, Амир Темурнинг Аҳмад Яссавий шахси ва тариқатига, устозлари ҳамда издошларининг, шу жумладан, Занги отанинг фаолиятига қизиқиши катта бўлган.

Иккинчидан, Соҳибқироннинг отаси Амир Тарағай Хожагон тариқати намояндаси бўлмиш Сайид Амир Кулолнинг шогирди — жаҳрия шайхи Шамсиддин Кулолга мурид бўлганидек, Амир Темур ҳам мазкур шайхдан таълим олган. Ўз навбатида, сўфийлик таълимотида зикри жаҳрий айнан Занги ота томонидан кашф этилгани ва шогирдлари уни такомиллаштиргани, шу боис мазкур зикр тури баъзан «Занги ота зикри» номи билан ҳам қўлланилгани маълум.

Учинчидан, Амир Темур адабиёт ва санъатнинг қадрига етадиган, жуда кўп шеърий ва насрий асарлардан хабардор зот бўлган. Шу маънода, Занги ота шахси ҳам машойих ва сўфий, ҳам ҳаким ва шоир, ҳам ориф ва кароматгўй авлиё сифатида Амир Темурнинг эътиборини тортган ҳамда ўзига мухлис қилиб олган бўлса ажаб эмас.

Тўртинчидан, Амир Темур ўша даврнинг бир қатор машҳур мутасаввифлари, хусусан, Амир Кулол, Шамсиддин Кулол, Саййид Барака, Зайниддин Абу Бакр Тойободий, Бобо Сунгу, Хожа Али каби шайхлар билан дўстлик ришталарини боғлаган, уларнинг пиру устозлари бўлмиш кўплаб азиз-авлиёлар мозорлари устига мақбаралар тиклаган.

Занги отанинг халқ орасида катта обрў-эътиборга эгалигини, унинг Саййид ота каби илғор шогирдлари Яссавий ҳикматлари билан қуролланиб, мўғулларни туркий тил ёрдамида мусулмонликка даъват қилганини Амир Темур яхши билган, албатта. Шунинг учун Соҳибқирон Занги отага ихлос қўйиб, ул зотнинг қабри устига ҳам кўркам мақбара қурдирган.

Бешинчидан, Тошкент ҳудуди Амир Темурнинг шимолдаги ерларга ҳарбий юришлари арафасида буюк саркарданинг қўшинлари тўпланадиган ёхуд олис сафарлардан сўнг тўхтаб ўтадиган стратегик манзил, Тошкент шаҳри эса мустаҳкам ҳарбий истеҳком ҳисобланган.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, «Соҳибқирон ҳазратлари Туркистон ўлкасида буюк ва қудратли давлат барпо этишда Тошкент­нинг қандай ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини яхши тушунар эди. Шунинг учун ҳам Тошкент ҳақли равишда темурийлар давлатининг мустаҳкам қўрғонига, салтанат таянчига айланди».

XIV асрнинг сўнгги йигирма йили давомида Соҳибқирон томонидан Тошкент ҳудуди тубдан кенгайтирилган, унинг мудофаа тизими қайтадан қурилган. Шаҳар атрофида ҳам бир қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Занги ота мажмуаси Амир Темурнинг Шош минтақасидаги шу каби изчил ободлик фаолияти доирасида бунёд этилган.

Олтинчидан, Амир Темур 1361, 1363-1367, шунингдек, 1391, 1405 йиллари Тошкентда бўлган. Шундай ташрифларидан бирида Соҳибқирон бу ерда маълум муддат бетоб бўлиб ётган. Айрим манбаларга кўра, Амир Темур мўътабар аждодларнинг руҳий мададига ишонгани учун соғайи­ши билан азиз-авлиёларнинг мақбараларини обод этишни ният қилган. Занги ота мажмуаси ана шу қутлуғ ниятнинг амалдаги ижобатидир.

Еттинчидан, Шош минтақасида, айниқса, Тошкент шаҳрида ўша даврда йирик зиёратгоҳлар ва меъморий ёдгорлик обидалари мавжуд бўлмагани учун Амир Темур Занги ота мажмуасини барпо этиш орқали бу бўшлиқни тўлдириш чорасини кўрган.

Саккизинчидан, мўғуллар босқини оқибатида юз берган шафқатсиз вайронгарчиликлардан сўнг Шош минтақасида бир ярим аср давомида биронта масжид, мадраса ва мақбара тикланмаган. Шуни  ҳисобга олган ҳолда, Соҳиб­қирон бу ҳудудда ўз салтанатининг нуфузига мос келадиган муҳташам меъморий обида қурдирган.

Тўққизинчидан, Занги ота тарихий-меъморий ансамблининг барпо этилиши, айрим манбаларга кўра, Амир Темур туркий халқларнинг атоқли дин арбоблари мозорларида хотира маросимлари ўтказиш, шу аснода давлат аҳамиятига молик масалаларни ҳал этиш анъанасига риоя қилганининг ўзига хос намоёнидир.

Ўнинчидан, ушбу мажмуанинг бунёд этилиши Амир Темурнинг, ҳойнаҳой, 1396 йилги Туркистонга сафари чоғида Хожа Аҳмад Яссавий мажмуасини бунёд эттириши воқеалари билан узвий боғлиқ.

Кўриб турганингиздек, келтирилган сабабларнинг барчаси асосли ва бири бошқасини моҳиятан тўлдиради, лекин инкор этмайди. Энг муҳими, бу сабаблар негизида Занги ота мажмуасини XIV асрнинг 90-йилларида Амир Темур қурдиргани факти ўзининг қайта-қайта тасдиғини топган.

Ҳақиқатан ҳам, Амир Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳр ва Хуросон дунёнинг энг ривожланган ўлкаси сифатида машҳур бўлган. Бу даврда қанчадан-қанча жозибали ва ҳайратомуз тарихий обидалар бунёд этилган ва уларнинг айримлари бизгача етиб келган. Занги ота ансамбли шундай бебаҳо меъморий ёдгорликлардан биридир.

XV асрнинг биринчи ярмида, яъни Мирзо Улуғбек ҳукмдорлик қилган даврда Шош минтақаси ҳам ушбу Темурий шоҳга қарашли ҳудуд ҳисобланган. Чунки Амир Темур 1404 йили Тошкент шаҳрини севикли невараси Мирзо Улуғбекка суюрғол қилиб берган. Мирзо Улуғбекнинг кўрсатмаси билан 1420 йилда Занги ота меъморий мажмуасининг ҳозирги пештоқи барпо этилиб, безак ишлари бажарилган, ҳалимхона ва зиёратчилар учун ҳужралар қурилиши якунига етказилган.

Алқисса, китоб бу каби қизиқарли тарихий материалларга бой, қолаверса, ниҳоятда тушунарли тилда иншо этилган. Мазкур китоб тарихимизни ўрганаётган олимлар ва адибларга жуда-жуда зарурдир. «Ҳазрат Занги ота» китоби, айниқса, ёшларимизга ғоятда фойдали бўлишига, эл-юртимиз тарихини теран идрок этишда уларга янги куч-қувват бағишлашига асло шуб­ҳа йўқ.

 

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, филология фанлари номзоди.



DB query error.
Please try later.