21.07.2015

ЭЛЕКТР ЭНЕРГЕТИКАСИГА ОИД ҚОНУН ИЖРОСИ ЎРГАНИЛДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун талабларининг Қашқадарё ва Наманган вилоятларида ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганди. Унинг натижалари қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида кўриб чиқилди.

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аввало, таъкидлаш керакки, мамлакатимизда энергетика соҳасининг ҳуқуқий асослари «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонунлар ҳамда электр энергетикаси соҳасидаги муносабатларни белгилаб берувчи 30 га яқин қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда. «Ўзбекистон Республикаси энергетикасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 22 февралдаги Фармони энергетика соҳасида бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, энергетика тармоқлари корхоналарини бошқаришни такомиллаштириш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш ҳамда мамлакат энергетика тизимининг бар­қарор ишлашини таъминлаш, иқтисодиётимиз ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этди. Фармонга асосан «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унинг асосий вазифаси республика иқтисодиёти ва аҳолисини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, республика энергетика тизими иш режимларини бошқариш ва мувофиқлаштириш ҳисобланади.

Бугунги кунда «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти структурасида 54 та корхона ва 40 та акциядорлик жамияти, 11 та унитар корхона ҳамда 3 та масъулияти чекланган жамият фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 10 та иссиқлик электр станцияси, 6 та гидро электр станцияси, 5 та магистрал электр тармоқлари мавжуд.

«Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун ижросини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги электр тармоқлари корхоналари фаолияти билан танишди, соҳа мутахассислари билан фикр алмашилди, жойларда ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳамда фойдаланилмаган имкониятлар борлиги аниқланди. Масалан, Талимаржон иссиқлик электр станциясида умумий қувватдан фойдаланиш даражаси 95 фоиз бўлгани ҳолда, Муборак иссиқлик электр марказида ушбу кўрсаткич 50 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, ўрганилган вилоятларда электр энергия таъминотида барқарорликка эришиш, истеъмолчиларнинг тўлов интизомини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий ахборот ва коммуникация технологияларини жорий этиш, малакали ходимлар тайёрлаш ва уларнинг касбий маҳоратини ошириш масалалари долзарб экани кўринди.

Йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Қўмита йиғилишида кун тартибидаги масала юзасидан Қашқадарё ва Наманган вилоятлари ҳокимлари ўринбосарлари ахборот берди.

Муҳокамаларда депутатлар, мутахассислар ҳамда экспертлар мамлакатимизда электр энергетикаси соҳасини янада ривожлантириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдиришди. Йиғилиш якунида назорат-таҳлил фаолиятининг натижалари юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.



DB query error.
Please try later.