21.07.2015

«БЕТАКРОРИМСАН, ЯГОНАСАН, ОНА ВАТАНИМ — ЎЗБЕКИСТОНИМ!»

Ҳар бир миллат, халқ учун озод, эркин, мустақил бўлиб яшаш, энг катта бахт, саодат. Узоқ йиллик қарамликдан сўнг, асрлар давомида интилиб, курашиб, қўлга киритилган Мустақиллик куни биз учун энг улуғ, энг азиз байрамдир.

Ҳар йили халқимиз катта қувонч, фахр-ифтихор, ғурур билан, бир тан, бир жон бўлиб, мустақиллик байрамига тайёргарлик кўради. Истиқлолимизнинг 24 йиллиги тобора яқинлашаётган шу кунларда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилингани бутун халқимиз руҳини янада кўтариб юборди. Ҳаммамизга янгича куч-қувват берди.

Қарорнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратар эканмиз, кўз ўнгимизда мустақиллик йилларида халқимиз босиб ўтган шарафли йўл, эришган юксак марралар, ҳаётимизда юз берган беқиёс ўзгаришлар намоён бўлади.

Бугун ушбу қарор Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари, депутатларимиз, партия фаоллари, умуман, кенг жамоатчилик томонидан чуқур ўрганилмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимизни муносиб нишонлаш ишларида фаол иштирок этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинмоқда.

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Истиқлол шодиёналарини ҳар йили бир асосий ғоя, эзгу шиор асосида ўтказиш яхши анъанага айланди. Халқимиз бу йилги байрам тантаналари қандай шиор остида ўтишини интиқлик билан кутадиган бўлиб қолди. Ўтган йиллардаги «Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон!», «Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан», «Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва обод Ватан», «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!», «Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!» деган ғоялар ҳар биримизнинг қалбимиздан, юрагимиздан чуқур жой олди.

Истиқлолимизнинг 24 йиллик тўйи муносабати билан ўтадиган тадбирлар эса «БЕТАКРОРИМСАН, ЯГОНАСАН, ОНА ВАТАНИМ — ЎЗБЕКИСТОНИМ!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этади. Тўғрисини айтиш керак, бундай шиор ҳар қандай одамнинг руҳини, кайфиятини кўтаради, ҳаётга, яшашга, она Ватанига муҳаббатини оширади.

Мана шундай нурафшон кунларда мустақиллик бизга қандай имкониятлар эшигини очиб берганини яна бир бора чуқур ҳис этасан, киши. Истиқлол биз учун энг аввало, миллий давлатчилигимиз, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш имконини берди. Дарҳақиқат, биз бугун дунёдаги айрим давлатлар мисолида кўраяпмиз, мустақилликни сақлаб қолиш, уни мустаҳкамлаш ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Чинакам мустақил давлатга айланганимиз, халқимизнинг сабр-қаноати, фидойилиги билан оёққа турганимиз, дунёда ўз ўрнимиз, ўз айтар сўзимизга эга бўлганимиз бизнинг энг катта ютуғимиз эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Мана шуларни танасидан ўтказган, ўзига тасаввур қилиб кўрган инсон, ўйлайманки, мустақиллик қадрини чуқур ҳис этади.

Барно САНАҚУЛОВА, иқтисод фанлари номзоди, ЎзХДП Марказий Кенгаши эксперти:

— Ҳар қандай давлатнинг қудратини унинг иқтисодий салоҳияти ҳам белгилаб беради. Ана шундан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, Ўзбекистон ўз вақтида собиқ мустабид тузумнинг маъмурий буйруқбозлик тизимидан, бирёқлама ривожланган ночор иқтисодиётдан, «шок терапияси» каби номаъ­қул моделлардан бутунлай воз кечиб, машҳур беш тамойилга асосланган ўз тараққиёт йўлини қатъий танлаб олгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Бугунги кунда дунёда «ўзбек модели» сифатида эътироф этилаётган ривожланиш стратегияси барча жаб­ҳада ўзининг самараларини бермоқда.

Бир пайтлар Ўзбекистон қолоқ аграр, иқтисодиётининг асосини пахтачилик ва пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этадиган республика эди. Бугунги кунда эса саноати тез суръатлар билан ривожланиб бораётган, замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этиш ҳисобидан иқтисодиётда саноатнинг улуши 25 фоизга етган, экспортбоп ва рақобатдош маҳсулотларнинг 60 фоиздан ортиғи юқори технологияларга асосланган соҳаларда ишлаб чиқарилаётган, куч-қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган мамлакатга айланди. Бунинг замирида ҳам ривожланишнинг тўғри танланган йўли ётибди.

Қарорда таъкидланганидек, яқин ўтмишда Ўзбекистон қолоқ аграр республика бўлиб, иқтисодиётининг асосини пахтачилик ва пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этган. Тарихан қисқа даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 баробардан кўпроқ ўсгани, аҳолимизнинг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошганини алоҳида таъкидлаш керак. Бунга эришиш учун эса ўтган давр мобайнида иқтисодиётимизга 190 миллиард доллар ҳажмидаги инвестициялар, жумладан, 65 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармояларни жалб этиш ҳисобидан биз учун мутлақо янги бўлган автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларга асос солинди.

Бу каби ўзгариш ва ютуқларни бугун ҳар бир ўзбекистонлик ўзи, оиласи, фарзандлари мисолида кўриб, билиб турибди.

Юқоридаги фактлардан кўриниб турибдики, бу ютуқлар замирида машаққатли меҳнат, уйқусиз тунлар, фидойилик ётибди. Ҳеч биримиз буни асло унутмаслигимиз, мустақилликни янада мустаҳкамлаш учун тинимсиз ҳаракат қилишимиз лозим.

Ҳасан НОРМУРОДОВ, «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

— Биз, собиқ тузумнинг оғир дамларини бошидан ўтказган кексалар Мус­тақиллик қадрини ёш­ларга қараганда теранроқ тушунамиз, десам, хато бўлмаса керак. Президентимиз Қароридаги бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Яъни, ижтимоий ҳимоя масаласига.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида ўртага ташланган беш тамойилдан бири — «кучли ижтимоий сиёсат» ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган кенг қамровли ишларнинг асосини ана шу тамойил ташкил этади.

Аҳоли, биринчи навбатда, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар, ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда. Айниқса, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий соҳани мустаҳкамлашга ажратилаётган йиллик харажатлар изчил ошириб борилмоқда. Биргина мисол, 2014 йилда ҳам бу рақам давлат бюджети умумий харажатларининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этди.

Жорий йилнинг мамлакатимизда «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниши замирида ҳам «кучли ижтимоий сиёсат» тамойили ётибди. Бу борадаги Давлат дастури бугунги кунда жадал суръатлар билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Хусусан, кексаларга ғам­хўрлик ва эътибор кучайтирилди, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиляпти. Пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилмоқда. Ёши улуғ инсонларга давлат хизматлари кўрсатишнинг энг қулай тизими шакллантирилаяпти.

Бу ишлар мамлакатимизда инсон қадри баланд эканини, инсонпарвар жамият бунёд этиш йўлида катта-катта қадамлар ташланаётганини англатади, деб ўйлайман.

Бунинг қадрига етиш, ёшларимизни ана шу руҳда тарбиялаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз ҳисобланади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.