21.07.2015

АДВОКАТУРА

ҳимоя институтидир

Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишда адвокатура  муҳим ўрин тутади. Айтиш керакки, истиқлол йилларида адвокатура тизими жиддий ислоҳ қилинди. Натижада жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув таъминланяпти. Мухбиримиз адвокатура институтининг қонуний асослари, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси етакчи маслаҳатчиси Азизхон ШАРАФУТДИНОВ билан суҳбатлашди.

— Азизхон Алишерович, даставвал мустақиллик йилларида адвокатура фаолиятини тартибга солиш ҳамда мазкур институтнинг обрў-эътиборини ошириш учун қонунчиликда қандай ислоҳотлар ўтказилганлиги ҳақида маълумот берсангиз.

— Суд-ҳуқуқ соҳасининг ажралмас қисми бўлмиш адвокатура институтини янада такомиллаштириш, унинг таркибини малакали, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган кадрлар ҳисобига тўлдириш, адвокатуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини кучайтириш, чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Адвокатура институти шахс­нинг кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллаганлиги сабабли, фуқаролар ва ташкилотларнинг адвокатура томонидан кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (116-модда) билан кафолатланган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, собиқ иттифоқ даврида адвокатура соҳасини ривожлантиришга етарли эътибор қаратилмаган эди. Чунки бу давр­да инсон ҳуқуқларига олий қадрият сифатида қаралмаганлиги боис ҳимоя институтини ривожлантиришдан манфаатдорлик бўлмаган.

Юртимиз мустақилликка эришгач, 1996 йил 27 декабр­да «Адвокатура тўғрисида»ги ва 1998 йил 25 декабрда «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши адвокатура тизимини такомиллаштиришда ҳуқуқий асос бўлди.

Адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларида айрим масалаларнинг тартибга солинмаганлиги туфайли амалиётда ушбу йўналишда бир қатор муаммолар вужудга келди.

Президентимизнинг 2008 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармонининг қабул қилинганлиги юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар кўришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Фармон фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий меъёрни амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини оширишда, адвокатура институтини ислоҳ қилишда моҳият жиҳатдан янги босқични бошлаб бериб, таъбир жоиз бўлса, тарихий аҳамият касб этди.

Мазкур Фармонда қайд этилган вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида 3 та Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори ва 10 га яқин идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, 2008 йил 31 декабрда «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, мазкур қонун асосида қатор кодексларга ҳамда қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

— Адвокатуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрнини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталсангиз.

— Жаҳон ҳамжамияти олдида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ушбу масала билан жаҳон миқёсида бир нечта халқ­аро ташкилотлар шуғулланади. Бундан ташқари, ҳар бир давлатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос механизмлар яратилган.

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия ва Ички ишлар вазирлиги тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида бошқармалар ташкил этилган бўлиб, мазкур тузилмалар томонидан тегишли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Шунингдек, республикамизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан нодавлат ташкилотлари ҳам шуғулланиб келаётган бўлиб, улар орасида адвокатуранинг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 27 майда «Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди ва унда мажбурий аъзоликка асосланган ва ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Адвокатлар ассоциациясининг ҳуқуқий вориси сифатида унинг негизида ташкил этилган, адвокатуранинг марказлашган ўзини ўзи бошқариш тизими бўлган Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасини ташкил этиш назарда тутилди. Шу муносабат билан Адвокатлар палатаси 2008 йил 23 октябрда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Палатанинг ҳудудий бошқармалари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Адвокатлик тузилмаларининг фаолиятини марказлаштирилган ҳолда мувофиқлаштириб бориш, адвокатурани янада ривожлантиришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтиришга кўмаклашиш, шунингдек, адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига, адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш Адвокатлар палатасининг асосий вазифаларидан ҳи­соб­ланади.

— Кимлар адвокат бўлиши мумкин ва умуман мазкур соҳада ишлаш учун қўйиладиган талаблар қандай?

— «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси адвокат бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, адвокат илмий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек, Адвокатлар палатасидаги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги қонун билан белгиланган.

«Адвокатура тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан адвокат бўлишга талабгорлар учун талаблар кучайтирилди, яъни юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш, шу жумладан, адвокатлик тузилмасида камида олти ой стажировка ўташ шартлиги белгиланди.

Шунингдек, адвокатнинг асосий адвокатлик фаолиятидан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши тақиқланди. Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия адлия органлари томонидан Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида тузиладиган малака комиссияларининг қа­рорлари асосида берилиши, адвокатларнинг ҳар уч йилда бир марта ўз малакасини ошириши шартлиги каби бир нечта меъёрлар билан тўлдирилди.

Ҳозир мамлакатимизда 1342 адвокатлик тузилмалари, шундан 863 адвокатлик бюроси, 413 адвокатлик фирмаси, 65 адвокатлар ҳайъати ва 1 юридик маслаҳатхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, ушбу адвокатлик тузилмаларида жами 3 774 нафар адвокат фуқароларга юридик ёрдам кўрсатмоқда.

— Адвокат билан хизмат ҳақи қандай келишилади?

— Юридик хизмат учун ҳақ тўлаш адвокат билан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида ихтиёрий равишда тузиладиган битим (шартнома) асосида амалга оширилади.

Ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан адвокатга тўланадиган ҳақ ва адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимда (шартномада) назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тегишли адвокатлик тузилмасининг кассасига кирим қилиниши ёки адвокатлик тузилмасининг банк­даги ҳисобварағига ўтказилиши шарт.

— Айрим судлашаётганлардан адвокатим келмаганлиги учун суд мажлиси қолдирилди, деган гапларни ҳам эшитамиз. Хизмат ҳақини тўлаб қўйгандан кейин адвокатдан тўла фойдаланиш чоралари борми?

— Юқорида таъкидлангандек, адвокатлик фаолияти адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида амалга оширилади.

Шунингдек, мазкур битим (шартнома) асосида адвокатлик тузилмаси томонидан ордер расмийлаштирилади. Муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли эканлиги ордер билан тасдиқланиши қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Адвокат жисмоний ёки юридик шахслар билан тузган битим (шартнома)да белгиланган топшириқ ва мажбуриятларни бажаришга масъулдир.

Адвокат ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бунда, албатта, ишонч билдирувчи шахс ёки ҳимоя остидаги шахс­­нинг мурожаати керак бў­лади.

Мазкур мурожаат асосида адвокатга нисбатан белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказилади. Хизмат текшируви даврида мурожаатда келтирилган важлар тасдиғини топган тақдирда адвокатга нисбатан интизомий иш қўзғатилиб, тегишли ҳудуддаги малака комиссияси муҳокамасига киритилади.

Адвокатга нисбатан интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижалари бўйича малака комиссияси огоҳлантириш тўғрисидаги, лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги, лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ёки интизомий жазо чоралари қўллашни рад этиш ва интизомий иш юритишни тугатиш тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида авваламбор адвокатнинг юқори малакали ва кўп йиллик тажрибага эга бўлганлигига амин бўлиш, шунингдек, у билан тузилган битим (шартнома)ни имзолашдан аввал ундаги ҳар бир бандини яхшилаб ўрганиб чиқиш, лозим бўлса тегишли бандларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.

— Адвокат суд жараёнида ҳимоя учун бор имкониятини қўллаганига шуб­ҳа туғилган тақдирда қандай иш тутиш мумкин?

— Агар адвокатнинг ўз мажбуриятларини бажаришда бор имкониятларини қўллаганлигига шубҳа туғилган тақдирда, унинг хизматидан воз кечиб, бошқа адвокатнинг хизматидан фойдаланса бўлади. Бунда юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни (шартномани) бекор қилиш масалалари, агар мазкур битимда бошқа талаблар назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекис­тон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

— Бепул адвокат олиш тартиблари ҳам кўпчиликни қизиқтиради.

— Агарда шахс тўловга қобилиятсизлиги сабабли кўрсатилган юридик ёрдам ҳақини тўлашдан озод этилганда, жиноий ишни кўриб чиқишда қатнашишга тайинланган адвокатнинг юридик ёрдами учун ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат ҳисобидан амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, адвокатура институтининг тубдан ислоҳ қилиниши натижасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.