Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
18.07.2015

ОДАМЛАРНИНГ УМИДИ ВА ИШОНЧИ

сиёсий партияга катта масъулият юклайди

Куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2015 йил биринчи ярим йиллик якунига бағишланган йиғилишида партия дастурий мақсадларини тарғиб қилиш, партия электорати, сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари ва сессияларига масалалар киритиш, қабул қилинган қарорларнинг ижроси устидан изчил депутатлик назоратини ўрнатиш каби муҳим вазифалар белгиланди. Бу борада Жиззах вилоятида вазият қандай? Мазкур саволга жавоб топиш учун вилоят партия ташкилотининг бугунги фаолиятини ўрганишга қарор қилдик.

Бугун вилоятда 434 бошланғич ва ҳудудий ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг сафига 16 мингга яқин партия аъзолари бирлашган. Ўтган йилнинг ўзида 800 нафарга яқин киши аъзоликка қабул қилинди. Жорий йилнинг беш ойида ЎзХДПга қабул қилишларини сўраб, 650 нафардан ортиқ киши ариза берди. Партия сафининг тез суръатларда ўсишига қандай омиллар сабаб бўлаяпти? Шу мазмундаги савол билан яқинда ЎзХДП аъзолигига қабул қилинган айрим фуқароларга мурожаат этдик:

Шоҳсанам Ҳақбердиева, Жиззах шаҳридаги тран­спорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси:

— Бошланғич партия ташкилотлари ҳар қайси сиёсий партиянинг одамларга, аҳолига энг яқин бўғини ҳисобланади. Кишиларда партияга бўлган қизиқишнинг ортиши ҳам кўпроқ ана шу бўғин фаолияти билан боғлиқ. Чунки у муайян ҳудудни, маҳалла, корхона ёки ташкилотни қамраб олади, ўша жойдаги катта-кичик муаммолардан яхшигина хабардор бўлади. Назаримда, ЎзХДПда бошланғич ташкилотлар бош­қа партияларга қараганда анча фаол. Бу эса партия электорати манфаатларини ифодалаш ва ҳимоялашда қўл келади. Шуларни назарда тутган ҳолда ушбу партия сафида бўлишга қарор қилдим.

Мавлуда Самадова, Мирзачўл туманидаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини фаоли:

— Туманимизда барча сиёсий партияларнинг кенгашлари бор. Аммо ўтказилаётган катта-кичик тадбирларнинг аксариятида бошқа партияларнинг эмас, айнан ЎзХДП аъзолари, ундан сайланган депутатлар, фаоллар бош-қош. Буни инкор этиш қийин. Аслида ҳам қайси партия ҳаракатчан, ташаббускор, ташкилотчи бўлса, одамлар орасида ўша партиянинг обрўси юқори бўлади. Фаоллари фидойи бўлган партиянинг оммавийлиги ҳам ошади. Шунинг учун мен ЎзХДПни танладим.

 

АМАЛИЙ НАТИЖА УЧУН ИШЛАШИМИЗ КЕРАК

 

Мўътабар Каримова, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Жиззах вилоятининг иқтисодиёти, ижтимоий ривожланиш омиллари ўзига хос ҳисобланади. Шунинг учун депутатларимиз туман ва шаҳарлар ҳаётини чуқурроқ ўрганишга, самарадорликни ошириш, долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича таклифлар билан чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки депутат билдираётган ҳар бир таклиф, кўтариб чиқаётган ҳар бир ташаббус одамларнинг турмушини янада яхшилашга, ислоҳотларга кенг йўл очишга хизмат қилмоғи керак.

Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий Кенгашларнинг сессияларида 2, доимий коммиссияларида эса 4 масаланинг кўриб чиқилгани, мансабдор ва масъул шахсларга электоратнинг ҳаётий эҳтиёжларига дахлдор жами 12 депутат сўрови киритилгани, уларнинг аксариятига вақтида жавоб олингани ҳам аслида фаол­ларимиз, депутатларимиз, бошланғич ташкилотларимизнинг амалий ишлари кўпайиб бораётганидан далолат беради.

Жамоатчилик қабулхоналарига ўтган йили 534, жорий йилнинг ўтган даврида эса 134 мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти корхона, ташкилот ва муассасалар кўмагида ижобий ечим топди. Жиззах шаҳрида истиқомат қилаётган фуқаро Фотима Ҳазрат­қулованинг мурожаатини олайлик. У шаҳар ва вилоят кенгашлари, депутатларимизнинг ёрдами билан Республика кардиология илмий марказида даволаниб, саломатлигини тиклаш имконига эга бўлди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Якунланган йил ва шу йилнинг ўтган ойларида вилоят партия ташкилоти тизимида жами 700 га яқин турли тадбир, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида 400 га яқин маш­ғулот ўтказилди. Уларда эскича андозалардан воз кечиб, кўпроқ янгиликларни, ноанъанавий услубларни қўллашга ҳаракат қилдик. Натижада тадбирлар ҳам, маш­ғулотлар ҳам қизиқарли, таъсирчан ўтаяпти, аъзоларимизнинг фаоллиги ошаяпти.

Албатта, ҳамма ишларимиз камчиликлардан холи, силлиқ кечаяпти, деган фикрдан йироқмиз. Арнасой, Зарбдор, Бахмал, Жиззах туманларидаги айрим бошлан­ғич ташкилотларимиз фаолиятида яқин-яқингача сиёсий ўқувлар номига ўтказиб келинганидан кўз юмолмаймиз. Бошлан­ғич ташкилотларнинг вазифаси, аввало, электорат билан алоқани мустаҳкамлаш, дастурий мақсад ҳамда вазифаларимизни аъзоларга етказиш,  амалий ишларни кўпайтириш ор­қали хайрихоҳларимиз сафини кенгайтириб боришдан иборат бўлмоғи зарур, деб ўйлайман. Амалий ишлар назарий гаплардан юқори туришини унутмаслигимиз керак.

Айнан қуйи бўғинда кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигига ҳам эътибор қаратиш зарур. Бу борада партиянинг туман кенгашлари, депутатлик тузилмалари, бошланғич ташкилотлари томонидан кўпроқ ташаббуслар кўрсатилишига, таклифлар айтилишига эҳтиёж сезиляпти.

 

САФИМИЗ КЕНГАЙМОҚДА

 

Наргиза Маматмуродова, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Жиззах вилоят бўлими етакчиси:

— Ўтган йили 346 нафар ёшни сафимизга қабул қилган бўлсак, шу йилнинг беш ойида бу кўрсаткич 320 нафарни ташкил этди. Ҳозир партиямиз аъзоларининг 4 минг нафардан ортиғи ёшлардир. Кейинги пайтда сафларимизни ёшартириш, партияга сиёсий фаол ёшлар оқимининг кириб келишини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Бугун «Истиқбол» ёшлар қаноти партиямиз ғояларига эътиқодли ёшларни ўз атрофига жипслаштираётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Ёшлар орасидан бўлажак етакчиларни аниқлаш, уларни келгусида партия ташкилотларида ишлашга тайёрлашдаги фаолиятимиз ҳам ижобий самаралар бераётир. Ўтган сайловда маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларимизнинг 14 нафарини ёшлар ташкил этгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Биз ёшларнинг ҳуқуқий-сиёсий билимини ошириш, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бу борада «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови, ўтказилаётган турли форумлар, давра суҳбатлари, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги машғулотларнинг самараси катта бўлмоқда.

Бироқ ёшларимиз дуч келаётган айрим муаммоларни ҳал этишда, уларга ижтимоий, ҳуқуқий кўмак беришда камчиликларимизнинг борлиги ҳам сир эмас. Фикримча, бу ёшларга мўлжалланган, уларни ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ижтимоий-психологик маслаҳатхоналар ва шунга ўхшаш бошқа ёрдамчи тузилмаларни ташкил этиш зарурати пайдо бўлаётганини кўрсатади.

 

ИШЛИ АЁЛ ЎЗ ОИЛАСИГА ҲАМ, ЖАМИЯТГА ҲАМ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ

 

Жамила Шукуралиева, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Вилоятимиздаги 6 минг нафарга яқин хотин-қиз партиямизга аъзо. Электоратимизнинг ҳам салмоқли қисми хотин-қизлардан иборат. Уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий савиясини ошириш, ижтимоий ҳаётда, сиёсий жараёнлардаги фаоллигини таъминлаш, етакчи кучга айлантириш асосий вазифаларимиздан. Бунинг учун биз ўнлаб лойи­ҳалар устида иш олиб бор­япмиз. Ташвиқот ишларини кучайтириш, аёлларни партиямиз сафларига, фаолиятига кенг жалб этиш натижасида маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларимизнинг 27 нафарини хотин-қизлар ташкил этяпти. Қонунчилик палатасига сайланган бир нафар депутатимиз ҳам аёл киши. Кўплаб фаол, ташаббускор хотин-қизларимизнинг корхона, ташкилот ва муассасаларда раҳбар бўлиб ишлаётгани бизни қувонтиради.

Ўтган йили 16 нафар хотин-қизнинг имтиёзли кредитлар олишига ёрдам берилган эди. Улар оилавий кичик корхоналар очишга муяссар бўлишди. Шунинг ҳисобига жойларда қўшимча 128 иш ўрни яратилди. Бу эса ўнлаб оилаларнинг даромадларини оширишга, аҳоли, электорат вакиллари турмуши янада фаровон бўлишига имкон яратилганини англатади.

Аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлами, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар, ёлғиз қарияларни ишончли тарзда манзилли ҳимоялаш, тўйлар, тантаналарни исрофгарчиликларсиз, мазмунли, ихчам ўтказиш сингари ўнлаб йўналишлардаги ишларимизда ҳали фойдаланилмаётган ёхуд такомиллаштиришга эҳтиёж сезилаётган жиҳатлар бор. Биз уларни ўз кучимиз, қолаверса, маҳаллий ҳокимиятлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида ҳал этишга ҳаракат қилаяпмиз.

 

ДЕПУТАТ СЎРОВИ: БУРЧ ВА МАСЪУЛИЯТНИ ҲИС ҚИЛАЙЛИК

 

Акром Иномов, халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Бир неча чақириқдан бери туман, шаҳар, вилоят Кенгашлари депутатлигига сайланиб келяпман. Сайловчиларнинг ишончини оқлаш, хоҳиш-иродаларини рўёбга чиқариш, уларни ўйлантираётган муаммоли масалаларнинг ечимини топишда депутатга берилган ваколат ҳамда имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпман. Депутат сўровини эса ана шундай имкониятларнинг бири деб биламан ва фаолиятимда бу институтга кўп мурожаат қилиб тураман.

Жиззах туманидаги «Қўшбармоқ» қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қаҳрамон кўчаси 23-уйда истиқомат қилаётган фуқаро Жамила Чинозова фарзандларига кам таъминланганлик нафақасини ололмаётганидан арз қилди. Туман пенсия жамғармаси раҳбарига депутат сўрови киритдик. Масала уч кун ичида ҳал бўлди.

Ёки 4P — 39 автомобиль йўлининг Учтепа-Оқтом участкасига эътибор қаратилмаётгани ва унинг 3 километрдан кўпроқ қисми деярли яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳақида Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармаси раҳбарига депутат сўрови билан мурожаат қилдик. Жамғарма дирекцияси масалага масъулият билан ёндашди. «Ўзавтойўл» АК жорий таъмирлаш иш тури бўйича ўрнатилган тартибда нуқсонлар далолатномаси расмийлаштирилиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида муаммони бартараф этиш учун амалий ишлар бошлаб юборилганини маълум қилди.

 

ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАЛАРИ

 

Ғайрат Пирназаров, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши бўлим бошлиғи:

— Жамоатчилик қабулхоналари партиямизнинг одамлар, хусусан, электоратимиз билан алоқаларини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини ўрганишда муҳим ўрин тутади. Жойларда қабулхоналаримизга кўплаб фуқаролар мурожаат этишяпти. Масалан, яқинда арнасойлик Дўстмурод Каримов ўзига тегишли бўлган уй-жойни нотариал тартибда турмуш ўртоғи номига расмийлаштириш жараёнида муаммоларга дуч келаётгани ҳақида мурожаат этди. Туман Кенгаши депутати Эрмамат Ражабовнинг ёрдами билан масала қонуний ечим топди.

Бахмал туманилик фуқаро Одил Ҳайдаровнинг иш билан таъминлаш масаласида ёрдам сўраб партия туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига мурожаати ҳам мутасаддилар кўмагида ҳал этилди. Айни пайтда у туман таълим тизимида фаолият кўрсатмоқда.

Пахтакор туманидаги Буюк Ипак йўли қишлоғида партиямиз фаоли, туман Кенгаши депутати Озотой Қўшбоқованинг ташаббуси билан тикувчилик цехи очилди. Бу эса 70 нафарга яқин қишлоқ аёлларини, асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш имконини берди. Улар орасида иш сўраб Жамоатчилик қабулхоналаримизга мурожаат қилганлар ҳам бор, албатта.

Маъсума Жуматова:

— 1992 йилда туғилганман. Болаликдан ногиронлигим сабабли қийналиб юрардим. Даволаниш учун имкониятимиз ҳам етарли эмасди. Газетадан партия кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари ҳақида ўқиб қолдим. Шаҳар кенгашидаги шундай қабулхонага мурожаат қилдим. Партиянинг шаҳар ҳамда вилоят кенгашлари, депутатлар, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси менга кўмак берди. Апрель ойида Республика травматология ва ортопедия илмий-текшириш марказида даволандим. Ҳозир саломатлигим яхши.

Мамлакат Ибрагимова, уй бекаси:

— Қизимнинг тўсатдан тоби қочиб қолди. Қўлимиздан келганча қаратдик. Натижа бўлавермагач, ЎзХДП вилоят кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонаси ҳақида эшитганларим ёдимга тушди. Умид билан у ерга бордим. Мени тўғри тушунишди. Ёрдам кўрсатишга ваъда беришди. Чиндан ҳам, қизимнинг вилоят марказидаги шифохоналарда даволаниши учун имконият яратилди. Фарзандим соғайиб, бағримга қайтди.

Анора Эргашева, пенсионер:

— Айрим пайтларда пенсиямни вақтида ололмаётган эдим. Туман пенсия жамғармасида турли сабабларни рўкач қилишарди. Бир танишим ЎзХДП туман кенгашидаги Жамоатчилик қабулхонасига борсанг, ёрдам беришар, деди. Ишониб-ишонмай қабулхонага бордим. Кенгаш раиси Ҳаким Намозовга учрашдим, қабулхонага мурожаат қилдим. Бир неча кундан сўнг қўнғироқ қилиб,  мурожаатим ҳал бўлганини айтишди. Ҳозир пенсиямни ўз вақтида олаяпман.

* * *

Одамлар сиёсий партияларнинг фаолиятига уларнинг амалий ишларига қараб баҳо беришади. Амалий иш эса фаоллик, ташаббус ва изланиш бор жойдагина бўлади. Партиянинг вилоят ташкилоти, шаҳар, туман кенгашлари, депутатлик бирлашмалари, энг қуйи бўғинларида ҳам фаоллик тобора кўпроқ, яққолроқ кўзга ташланяпти. Бу эса одамлар, электорат орасида партиямиз нуфузини, мавқеини белгиламоқда, бизга ишонаётган, эргашаётган кишиларни, хайрихоҳларимизни кўпайтирмоқда.

 

Махсус саҳифани ўз мухбирларимиз

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ ва Бобур ЭЛМУРОДОВ тайёрлади.

Суратларда: Жиззах вилоят партия ташкилотлари фаолиятидан лавҳалар



DB query error.
Please try later.