18.07.2015

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 

Халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган, мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини теран идрок этиш, ўтган давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, содда қилиб айтганда, биз кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни англаш, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантириш, биз учун энг улуғ, энг азиз айём бўлмиш Мустақиллик байрамини юксак даражада ўтказиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

2. Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин. 

3. Мазкур дастурни ишлаб чиқишда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин: 

мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар очиб берганини кенг акс эттириш; 

Ўзбекистон ўз вақтида собиқ мустабид тузумнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан, бирёқлама ривожланган ночор иқтисодиётдан, “шок терапияси” каби номаъқул моделлардан бутунлай воз кечиб, машҳур беш тамойилга асосланган ўз тараққиёт йўлини қатъий танлаб олгани ва дунёда “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ушбу ривожланиш стратегиясининг реал натижаларини аниқ таҳлиллар орқали очиб бериш;

яқин ўтмишда қолоқ аграр республика бўлган, иқтисодиётининг асосини пахтачилик ва пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этган Ўзбекистоннинг бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ривожланиб бораётган, замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этиш ҳисобидан иқтисодиётда саноатнинг улуши 25 фоизга етган, экспортбоп ва рақобатдош маҳсулотларнинг 60 фоиздан ортиғи юқори технологияларга асосланган соҳаларда ишлаб чиқарилаётган, куч-қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган мамлакатга айланганини кўрсатиш; 

тарихан қисқа даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 баробардан кўпроқ ўсгани, аҳолимизнинг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошгани, бунга эришиш учун ўтган давр мобайнида иқтисодиётимизга 190 миллиард доллар ҳажмидаги инвестициялар, жумладан, 65 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармояларни жалб этиш ҳисобидан биз учун мутлақо янги бўлган автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларга асос солинганини атрофлича ёритиш; 

қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати ривожи учун кенг йўл очиб берилгани, бугунги кунда фермер хўжаликларимиз нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини ишлаб чиқараётгани, балки қишлоқ тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олган қудратли ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланиб бораётганини кўрсатиб бериш; 

1990 йилда мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани, мустақиллик йилларида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари – 1,6 карра, картошка – 1,7 марта, сабзавот – 2 баробардан ортиқ, мева – қарийб 4 карра кўпайганини эл-юртимиз фаровонлиги тобора ортиб бораётганининг амалий тасдиғи сифатида талқин этиш; 

мустақилликка қадар мамлакатимизда умуман мавжуд бўлмаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғини ишлаб чиқараётгани, мазкур тармоқда жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи меҳнат қилаётгани ва бошқа мисоллар орқали юртимизда бу соҳа жадал ривожланиб, ўрта синф – мулкдорлар синфининг жамият таянчига айланиб бораётганини намоён этиш; 

ўтган даврда харид қобилияти бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 4 марта ўсгани ва ҳозирги кунда бу кўрсаткич 6,5 минг АҚШ долларидан зиёдни ташкил этаётганини бу борадаги амалий ишларимизнинг яққол самараси тариқасида акс эттириш; 

юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бораётгани, жумладан, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича жорий этилаётган дастурларнинг ижтимоий аҳамиятини очиб бериш; 

мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳолимиз, биринчи навбатда кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун давлат бюджетидан ижтимоий эҳтиёжлар, жумладан, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва социал соҳани мустаҳкамлашга ажратилаётган йиллик харажатлар изчил ошиб бораётганини, биргина 2014 йилда бу рақам 60 фоиздан ортганини мазкур йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ишларимизнинг мантиқий натижаси сифатида кўрсатиш; 

замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ўз она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган янги авлодни тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган улкан ишларнинг моҳиятини очиб бериш. Шулар қаторида фақат сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 523 та спорт иншооти ва 100 дан зиёд сузиш ҳавзалари қурилгани ва реконструкция қилингани, бугунги кунда 2 миллион нафар фарзандимиз, жумладан, 840 мингдан ортиқ қизларимиз спорт билан мунтазам шуғулланаётгани ва бошқа мисолларда соғлом турмуш тарзи ҳаётимиз қоидасига айланиб бораётганини ёритиш; 

юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, узоқ ва яқин атрофимиздаги давлатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиз эканига алоҳида аҳамият қаратиш;

Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани, хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган рейтингда кейинги 3 йилда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринни эгаллагани, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллагани ва бошқа мисоллар ёрдамида юртимизнинг барқарор тараққиёт суръатларини теран очиб бериш; 

биз қўлга киритаётган бундай юксак натижаларнинг асосий омили ва мезони сифатида биринчи навбатда халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги ортиб, фуқаролик позицияси тобора кучайиб бораётганига алоҳида урғу бериш. 

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармаларига Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамини юксак савияда нишонлаш учун жойларда ҳудудий комиссиялар тузиш ва тегишли тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилсин. 

5. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин. 

6. Республика комиссияси ўз йиғилишларида белгиланган чора-тадбирлар марказда ва жойларда қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарлари ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борсин. 

7. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин. 

8. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, “Тасвирий ойина”, Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари, Бадиий академия ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловининг якуний босқичини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ниҳол” мукофотига номзодларнинг республика саралаш босқичини ҳамда “Энг улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик”, “Ранглар жилосида – она диёр” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминласин. 

9. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари: 

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан; 

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади. 

10. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мустақилликнинг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин. 

11. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов 
Тошкент шаҳри, 2015 йил 17 июль 


DB query error.
Please try later.