16.07.2015

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ —

давлат бюджети ижросида шаффофликни таъминловчи муҳим механизм

Фарҳод УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюд­жет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Парламент назорати кон­с­титуциявий, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Парламент назорати жамият ҳаётининг турли жаб­ҳаларида олиб борилиши мумкин. Молиявий соҳа бундан мус­тасно эмас.

Одатда парламент назорати келгуси йил бюджетини тасдиқлаш, бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш, парламент ва депутат сўровларини ҳукумат ёки унинг аъзоларига юбориш каби кўринишларда амалга оширилади.

Ривожланган давлатлар ҳуқуқий амалиётидан маълумки, парламент назоратининг самарадорлиги мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга ижобий таъсир кўрсатади. Ўз нав­батида, давлат бюджети устидан назорат қанча кучли бўлса, давлатнинг бошқарув салоҳияти ҳам шунча юқори бўлиши дунё тажрибасида исботланган. Чунки давлат бюджетининг назорати иқтисодий ва ижтимоий дастурлар ижросида, айниқса, ижро ҳокимияти органлари, шу жумладан, жойлардаги маъмурий тузилмалар, алоҳида тармоқларда фаолият кўрсатувчи ва давлат ресурсларидан фойдаланувчи хўжалик субъектларининг иштирокини холисона баҳолаш имконини беради.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, молия-бюджет соҳасини тартибга солмасдан ва барқарор молиявий назоратни йўлга қўймасдан туриб давлат аҳамиятига молик масалалар, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни самарали ҳал этиб бўлмайди. Шунинг учун мамлакатимиз қонунчилигида давлат бюджетини қабул қилиш ва ижро этишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан давлат бюджетининг қабул қилиниши ва ижроси юзасидан молиявий назорат олиб бориш тартиби қонунчилигимизда аниқ кўрсатилган. Хусусан, Конституциянинг 78-моддасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Вазирлар Маҳкамаси тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш ваколатига эга экани қайд этилган.

Давлат бюджети муносабатларини тартибга солиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексида ҳам ўз ифодасини топган. Унинг 96 ва 97-моддаларида белгиланганидек, давлат бюджети лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ҳисоб палатасининг хулосаси билан жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Олий Мажлис палаталарига киритилади ва парламентда тегишли тартибда кўриб чиқилади.

Юқоридаги норма талаблари «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунда ҳам ўз ифодасини топган. Қонуннинг 152-моддасига мувофиқ, давлат бюджети лойиҳасини дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси кўриб чиқади. Шундан сўнг ўн кун мобайнида бошқа қўмиталар, депутатлар бирлашмалари ҳамда депутатлардан лойиҳага доир таклиф ва мулоҳазалар олиб, уларни умумлаштиради.

Навбатдаги босқичда асосий вазифа масъул қўмита зиммасига тушади. Яъни, унинг мажлисида Молия вазири ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг давлат бюджети лойиҳаси тўғрисидаги ахбороти эшитилади. Қонуннинг 153-моддасида давлат бюджети лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузаси билан бошланиши, кейин масъул қўмита вакилининг қўшимча маърузаси эшитилиши, маърузалар бўйича муҳокама ўтказилиши ҳамда давлат бюджети лойиҳаси бўйича Қонунчилик палатасининг таклифлари ва мулоҳазалари уч кун ичида Вазирлар Маҳкамасига юборилиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамаси эса ўн тўрт кун ичида Қонунчилик палатасининг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда давлат бюджети ло­йиҳасини маромига етказиши ва уни яна Қонунчилик палатасига иккинчи ўқиш учун юбориши, лойиҳа Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 15 ноябридан кечиктирмай кўриб чиқилиши керак бўлади.

 Давлат бюджети лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан рад этилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолларда бунинг сабаблари аниқ далиллар билан асослаб берилади ва лойиҳа маромига етказиш учун Вазирлар Маҳкамасига қайтарилади. Таъкидлаш жоиз, қонуннинг 155-моддасидаги ушбу норма келаси йил учун бюджет лойиҳасини кўриб чиқишда парламентга кенг ваколат берилганини англатади.

Агар молия йили давомида давлат бюджетига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати туғилса, бу масала ҳам Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади.

Бюджет кодексининг қатор моддалари ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунда давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни Олий Мажлисда кўриб чиқиш тартиби кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси давлат бюджети ва давлатнинг мақсадли жам­ғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этади. Бироқ ҳисобот парламент қуйи палатасига киритилгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ташқи аудит ўтказиб, тегишли хулосасини тақдим этиши шарт.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли ҳисобот даври учун тақдим этилган давлат бюджети ва давлатнинг мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботи Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари ва қўмиталарда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқилади. Кейин ҳисобот Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилади ҳамда қуйи палатанинг қарори билан тасдиқланади. Шундан сўнг ҳисобот йили учун давлат бюджети ва давлатнинг мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Давлат бюджети ва давлатнинг мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳар чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан худди шундай тартибда кўриб чиқилади.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси парламент қуйи палатасида бюджет масалалари бўйича масъул қўмита ҳисобланади. У республика назорат органлари иштирокида бюджет ижроси бўйича назорат-таҳлиллар олиб бориш, натижалари юзасидан муҳокамалар ўтказиш, тегишли тавсиялар бериш ваколатига эга. Қолаверса, Олий Мажлис депутатлари бюджет ижроси бўйича депутат сўровлари, раҳбарият билан келишилган ҳолда эса парламент сўровларини юбориш ёки парламент эшитувларини ташкил этишга ҳақли.

Кўриниб турганидек, парламент назорати институти ижро ҳокимиятининг давлат бюджети ва бошқа давлат ресурсларидан фойдаланишида тийиб турувчи механизм вазифасини бажаради. Асосийси, парламент назорати бюджет маблағлари сарфланишида шаффофликни таъминлаб, давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.