16.07.2015

ПАРТИЯМИЗНИНГ НУФУЗИ, ТАЪСИР КУЧИНИ ОШИРИШ,

сайловчилар ишончини оқлаш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини ислоҳ қилиш, янада демократлаштириш жараёнлари тобора чуқурлашиб бормоқда. Кучли фуқаролик жамиятини қарор топтириш мақсадида вакиллик ҳокимияти – парламент, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳуқуқ ва ваколатлари тобора мустаҳкамланмоқда. Юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларида таклифлар бериш, ташаббуслар билан чиқиш, айни пайтда ўз позициясини қатъий туриб ҳимоя қилиш бўйича янги-янги имкониятлар очилмоқда.

Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ ­демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг нав­батдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия­нинг Сайлов­олди дастури ҳамда 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурининг жорий йил биринчи ярмидаги ижроси, шунинг­дек, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Йиғилишни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон КЕТМОНОВ кириш сўзи билан очди.

Партия етакчиси мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётий самаралари ўлароқ, халқимиз турмуш фаровонлиги ортаётгани, айни вақтда жамиятда янгича фикр­лаш, демократик онг ва тафаккур  юксалиб бораётганини қайд этди. Бундай жараёнда сиёсий партия­га, унинг депутатлик бирлашмаларига талаб янада кучаяди.

Демак, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ҳаётга татбиқ этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатлари йўлида амалий ташаббусларни кўпайтириш, жойларда электорат вакилларини ўй­лантираётган муаммоларни ҳал қилиш каби долзарб масалаларда парламент ва депутатлик назорати институтлари имкониятларидан унумли фойдаланиш зарур, деди партия етакчиси.

Сайловолди дастурига мувофиқ тарзда аҳоли фаровонлиги, реал даромадлари узлуксиз ўсишини таъминлаш, бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик, уй меҳнати ва касаначиликни ривожлантириш, ижтимоий муҳтож қатлам ва кам таъминланган оилаларга давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари Ўзбекистон ХДП фаолиятида устувор аҳамият касб этмоқда.

Ҳозир Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 27 нафар депутатдан иборат партия фракцияси фаолият юритмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 214 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларига эса 1659 нафар депутат Ўзбекистон ХДПдан сайланган. Бу маҳаллий ҳокимият вакиллик идораларидаги жами депутатларнинг 32,1 фоизини ташкил қилади.

Йиғилишда Сайловолди ва амалий Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича депутатлар ташаббускорлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, депутатлик назорати ва депутат сўрови инс­титутидан самарали фойдаланиш механизмлари, бу борада тўпланган тажриба, хато ва камчиликлар таҳлил этилди. Мазкур йўналишдаги долзарб вазифалар юзасидан таклиф, тавсиялар билдирилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 900 га яқин депутатлик сўрови юборилган. Партия гуруҳлари ташаббуси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида 6 марта мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилиб, электорат манфаатларига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинишига эришилган.

Шунингдек, депутатлар томонидан 258 та иқтисодий, 245 та ижтимоий, 213 та уй-жой ва коммунал, 176 та соғлиқни сақлаш, яна 45 та бошқа соҳалар бўйича депутатлик сўровлари мутасаддиларга юборилган. Улар асосида партия дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилган.

Умумий ҳисобда жорий йилнинг олти ойи давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан 156 масала партия гуруҳларида, 55 масала доимий комиссияда, 25 масала сессия­ларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Ижроия қўмита йиғилишида партия тизими учун кадрлар танлаш, уларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш, кадрлар захирасини малакали ёшлар ҳисобига тўлдириш ва муносиб кадр­ларни танлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, етук мутахассисларга бўлган талабни қондириш, ўз сиё­сий позициясига эга, янгиликка интилувчан ходимларни қўллаб-қувватлаш ва касбий салоҳиятини ошириш мақсадида партия юқори органларининг ишчи аппаратларида амалиёт жараёни ташкил этилмоқда.

Ўтган олти ой давомида партия­га хайрихоҳ, уни қўллаб-қувватловчи, илғор, ташаббускор фуқароларни аъзоликка қабул қилиш ишлари изчил давом эттирилди. Натижада 13 998 нафар киши партия аъзолигига қабул қилинди. Ўзбекистон ХДП аъзоларининг умумий сони ҳозир 399 707 нафарни ташкил этмоқда.

Партия ташкилотлари томонидан электорат манфаатлари ҳимоясига қаратилган қатор лойиҳалар амалга ошириб келинаётир. Хусусан, жорий йилда «Коллеждан — корхонага», «Бугунги талаба — эртанги мутахассис», «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари», «Қишлоқда қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш — уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муҳим жиҳатидир» лойиҳалари шулар жумласидандир. «Ёш сиёсатчи — 2015» кўрик-танловининг ҳозиргача бошланғич партия ташкилотлари, туман ва шаҳар, вилоят босқичлари якунига етди. Уларда 18 минг нафар ёш сиёсатчи қатнашди. Ҳозир танловнинг якуний — республика босқичига тайёргарлик кўрилмоқда.

Одамлар ишончини қозониш, уларни ўйлантираётган масалалар ечими бўйича кўмак бериш сиёсий партиянинг халқ орасидаги обрўйини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бунга эришиш осонликча бўлмайди, албатта. Йиғилишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари партия аъзолари ва электорат вакиллари муаммоларини ўрганиш, уларга ҳар томонлама кўмак беришда энг самарали механизм экани яна бир бор таъкидланди.

Бугунги кунда минтақавий ва маҳаллий партия кенгашларида 207 Жамоатчилик қабулхонаси ишлаб турибди. Йил бошидан бери ушбу қабулхоналарга 3447 мурожаат келиб тушган, ҳозиргача уларнинг 71,3 фоизи ижобий ҳал этилган.

Ижроия қўмита аъзолари Жамоатчилик қабулхонаси фаолиятига оид кўрсаткичларни ҳар бир ҳудуд бўйича атрофлича таҳлил қилишди. Қабулларни аҳолига қулай вақт­да ташкил этиш, бу жараёнда депутатлар иштирокининг мунтазамлигини таъминлаш, Жамоатчилик қабулхонасининг тарғиботи ва нуфузини кўтариш масалалари алоҳида кўр­сатиб ўтилди.

Маълумки, Ўзбе­кис­тон ХДП Дастурида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёрдамга муҳтож қатлам манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бош вазифалардан бири сифатида белгиланган. Аҳо­лининг меҳнатга лаёқатли, аммо доимий иш ва барқарор даромад манбаига эга бўлмаган қатлами, ишга жойлашишда қийинчиликларга учраётган ёш­лар, шу билан бирга, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича иш берувчи олдида ишончли ҳимояга муҳтож одамларнинг манфаатлари учун курашишда парламент назоратини кучайтириш катта аҳамият касб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2015 йилги иш режасида «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ишларининг аҳволи ва унинг самарасини ошириш истиқболлари» тўғрисида парламент эшитуви ўтказиш режалаштирилган. Шу кунларда Ўзбекистон ХДП фракцияси мазкур эшитувга тайёргарлик кўрмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижросини атрофлича ўрганмоқда, тегишли таклифлар ишлаб чиқмоқда. Йиғилишда ишлаб чиқилаётган таклифлар ҳар томонлама пишиқ ва пухта бўлиши кераклиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари жойларда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тарғиб этишда партия иштирокини кучайтириш, тадбирлар таъсирчанлигини ошириш масаласини ҳам кўриб чиқишди. Электорат манфаатларига бевосита дахлдор долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларда партия позициясининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, бу борада самарадорликни кўтариш лозимлигига урғу берилди.

Таъкидландики, жорий йил 6 ойи давомида 8 мавзуда тўрт босқичда 6 мингдан зиёд машғулот ўтказилган. Мазкур тадбирларда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсатшунослар, олимлар, нуфузли ташкилотлар экспертлари, партия тарғиботчилари ўз фикр-мулоҳазалари, маърузалари билан фаол иштирок этган.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг мақсад-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, партия ташаббуси билан жойларда ўтказилиб келинаётган ижтимоий лойиҳаларнинг аҳамияти ҳақида ҳам гапириб ўтилди. «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази», «Кексаларимиз ёшлар эъзози ва эътиборида» ҳамда «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» лойиҳалари партия дас­турий вазифалари ижросига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Муҳокамалар чоғида партия сиё­сий позицияси ва дастурий мақсадларини чуқур тушунтириш учун ижтимоий-сиёсий тадбирлар ауди­тория­сини янада кенгайтириш таклиф этилди.

Кун тартибидаги ҳар бир масала танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан атрофлича кўриб чиқилди. Партиявий ишларда сусткашликка йўл қўяётган кенгашлар фаолиятидаги камчиликлар танқид қилинди. Ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлари олдида турган вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев, партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари Боймурод Юсупов, Аваз Саидов, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Қора­қалпоғис­тон республика ҳамда вилоят партия кенгаши раислари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Муҳокама қилинган барча масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ




DB query error.
Please try later.