16.07.2015

ЎЗБЕК АВТОМОБИЛСОЗЛИГИ: КЕЧА ВА БУГУН

1992 йил июнь ойида Президентимиз Ислом Каримовнинг Корея Республикасига ташрифи доирасида икки томонлама келишувга биноан 1993 йилнинг мартида «O‘z­DAEWOОAVTO» Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси ташкил этилди ва Асака шаҳрида автомобиль заводи қурилиши бошланди. 1996 йил 19 июль куни «O‘z­DAEWOOAVTO» қўшма корхонаси ишга туширилиб, завод конвейеридан биринчи «Damas» автомобили чиқарилди. Шу тариқа мамлакатимиз иқтисодиётида бутунлай янги — автомобилсозлик тармоғига асос солинди.

Мазкур тарихий санадан бошлаб, Марказий Осиёда ягона бўлган Асака автомобиль заводида замонавий талабларга жавоб берадиган, қулай ва тежамкор автоуловлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўтмишга айланиб улгурган ўн тўққиз йил юртимиз автомобилсозлари учун том маънодаги синов ва юксалиш йиллари бўлди.

Дастлаб, 1996 йилда завод жамоаси енгил автомобилларнинг бир йўла учта тури — «Damas», «Nexia», «Tico» линияларини ишга тушириш билан илк муҳим қадамни қўйди. 2001 йилдан эса янги – «Matiz» модели ишлаб чиқарилмоқда.

2008 йил март ойида Ўзбекис­тон автомобиль саноати ҳаётида муҳим воқеа рўй берди. Завод негизида «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва «General Motors» корпорацияси таъсисчилигида янги «GM Uzbekistаn» корхонаси ташкил этилди. Натижада ўзбек автомобиллари янада замонавий ва кўркам автомобиль моделлари ҳисобига кенгайди. «Chevrolet» бренди остида «Epica» ва «Captiva» моделлари ишлаб чиқарила бошланди. Ўша йилнинг ноябрь ойидан эса кўркам ва кенг салони билан жўшқин ташқи кўринишини уйғунлаштирган миллионинчи автоулов — «Lacetti» автомобили конвейрдан чиқди. Юксак техник ютуқлар мужассамлигидаги бу автомобиль автоҳаваскорлар орасида тезда харидоргир бўлди.

Замон талаби асосида мунтазам такомиллашиб бораётган корхонада 2010 йилнинг августидан «Chevrolet Spark» автомобили ишлаб чиқарила бошланди. У жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган илк кунларданоқ юртдошларимизнинг севимли автомобилига айланди.

2012 йилнинг март ва октябрь ойларида тақдимоти ўтказилган «Malibu» ва «Cobalt» автомобиллари эса «GM Uzbekistаn» автомобиль заводида халқаро стандарт­ларга жавоб берадиган илғор технологиялар жорий этилгани, маҳаллий кадрлар уларни мукаммал ўзлаштириб олганидан дарак беради.

Корхона фаолиятининг биринчи йилида 25 минг 300 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, кейинги йили бу кўрсаткич 64 мингдан ошди. 2010 йилнинг январь-май ойларида 82 857, 2011 йилнинг январь-май ойларида 85 903, 2012 йилнинг олти ойи давомида 86 827 дона автомобиль ишлаб чиқарилди. Автомобилларнинг  нафақат сони кўпайди, балки сифати ҳам яхшиланиб борди. Халқаро молиявий-иқтисодий инқироз сабабли жаҳондаги «мана-ман» деган автомобиль концерни ва компаниялари ишлаб чиқаришни кескин камайтираётган бир пайт­да, бизнинг автосаноатда ўсиш йилдан-йилга ошиб бораётгани, автомобилларимиз сифати юқорилиги ва уларни такомиллаштириш тўғри йўлдан бораётганини кўрсатади.

2011 йил давомида дунё бўйича 80 миллион 100 минг дона автомашина ишлаб чиқарилган бўлиб, улардан 222 мингдан ортиғи «GM Uzbekistаn» автомобиль заводи маҳсулотлари ҳисобланади. 2013 йилда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган жами 250 минг­га яқин автомобилнинг 158 минг­га яқини мамлакатимиз ички бозоридаги харидорларга етказиб берилди, қолган 91 мингга яқин автомобиль эса хорижга экспорт қилинди.

«GM Uzbekistаn» автомобиль заводининг хорижий мамлакатларда 200 дан ортиқ дилерлик маркази фаолият кўрсатмоқда. Шу сабабли мамлакатимиз автомобиль тармоғи йилдан-йилга ўз маҳсулотлари экспортини ошириб, валюта тушуми ҳажмини кўпайтириб бормоқда.

Ҳозирги кунда «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси таркибидаги 40дан ортиқ ишлаб чиқариш корхонаси Асака автомобиль заводи  учун бутловчи материаллар етказиб беради. Жиззахда автомобиль аккумуляторлари етказиб бериш йўлга қўйилган бўлса, Наманганда «Ўз-Часис» МЧЖ қўшма корхонаси автомобиль чироқлари ва ёритиш мосламалари, Фарғонадаги «Автоойна» қўшма корхонаси эса автомобиль ойналарини тайёрламоқда. Шу тариқа маҳаллийлаштириш дастури изчил амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг таннархини камайтириш, аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш имконини бермоқда.

«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси истиқболли лойиҳаларни ривожлантириш ва юқори самарадорликка эришиш мақсадида янги моделларни яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2014 йилнинг март ойидан янги «Orlando» автомобили ишлаб чиқаришга жорий этилди. Шуни айтиш керакки, мазкур автомобилни яратишда харидорларнинг хоҳиш-истаклари ҳам ҳисобга олинган. «Orlando» модели мамлакатимиздаги енгил автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган ўнинчи русумдаги автомобилдир.

Ушбу автомобиль ҳажми 1,8 литрли 141 от кучи қувватига эга двигатель билан жиҳозланган. Ёнилғи сарфи эса 100 км масофага бор йўғи 7,9 литрни ташкил этади. Двигатель автомат ҳамда олти бос­қичли механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, юртимиз тадбиркорлари томонидан тижорий автомобиль сифатида қабул қилинган «Damas» билан бир қаторда кичик ҳажмдаги юк ташишга мўлжалланган «Labo» автомобили ҳам айни пайтда «GM Uzbekistan» заводининг Хоразм филиалида ишлаб чиқарилмоқда.

2011 йили Ўзбекистонда «General Motors» корпорацияси билан ҳамкорликда двигателлар ишлаб чиқарадиган янги қўшма корхона фаолияти йўлга қўйилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Маҳаллийлаштириш Дастури асосида ташкил этилган «General Motors Powertrain Uzbekistan» қўшма корхонасида йилига 150 мингдан зиёд двигатель ишлаб чиқарилмоқда. Аҳамиятлиси шундаки, «Евро-5» Халқаро экологик стандартларига тўла жавоб берувчи, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ушбу двигателлар Асака автомобиль заводига етказиб берилиши билан бирга, қатор хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

 Автомобилсозлик соҳаси жамиятнинг бошқа турдош соҳаларини ҳам ривожлантириш билан бирга мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги аҳолини иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун компания тизимида 23 минг нафардан ортиқ юртдошимиз меҳнат қилади. Бу рақам йил сайин ўсиб бормоқда.

Ўзбек автомобилсозлигида эришилаётган ютуқлар аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилашга, узоғини яқин, оғирини енгиллатишга хизмат қилмоқда.

 

Отамурод АБДУЛЛАЕВ,

«Ўзавтосаноат» АК ахборот хизмати ходими.



DB query error.
Please try later.