14.07.2015

САНЪАТ ОЛАМИНИНГ ЯНГИ ИФОРЛАРИ

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон давлат консерваториясида бир неча кун мобайнида ёш истеъдодлар учун «Ниҳол» мукофоти танловининг республика саралаш босқичи ўтказилди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида миллий санъат йўналишида таълим-тарбия олаётган навқирон иқтидор соҳибларини излаб топиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Ёш истеъдодлар навбатдаги «Ниҳол» мукофоти танловида муваффақиятли иштирок этиб, миллий ва жаҳон мумтоз мусиқа санъати, анъанавий ижрочилик йўналишларида ўз иқтидорларини намойиш қилдилар.

Ўзбекистон давлат консерваториясида тўрт кун давомида ўтказилган «Ниҳол» мукофоти танловида мамлакат бос­қичида халқ орасидан етишиб чиқаётган, Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган 172 нафар номзод орасидан 17 дан 25 ёшгача бўлган энг иқтидорли ёшлар саралаб олинди.

— Мамлакат босқичида ўтказилган бу галги танлов  ёшларимизнинг маҳорат даражаси ниҳоятда ўсганлигини кўрсатмоқда, — дейди «Ниҳол» мукофоти Республика кенгаши аъзоси, Ўзбекис­тон санъат арбоби, профессор Дилором Омонуллаева. — Ёш-ёш йигит-қизларимиз опера, миллий ва жаҳон мумтоз мусиқа дурдоналаридан жуда кўп янги асарларни маромига етказиб ижро қилди. Бу — ёшларнинг санъат соҳасида ижодий ўсиш жараёнида эканидан далолат беради ва биз катта авлод санъаткорлари учун қувонарли ҳолдир.

Саҳнада қумқўрғонлик Адҳамбек Рихсиев қашқар рубобида, хал­қаро кўрик-танловлар сов­риндори Сурайё Тиллахўжаева жўровозлигида жаҳон мумтоз мусиқаларидан бирини ижро этганида залда қарсак ва ол­қишлар янгради.

— Мен Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманиданман, — дейди Аҳмад Тўхтаев. — Ҳозир ҳаяжоним ичимга сиғмаяпти. Фарзандим Ад­ҳамбек Рихсиев саралаш босқичида ҳам мухлислар ва ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди. Биздай оддий инсонларнинг фарзандлари ҳам шу даражага етиши илгари тушимизга ҳам кирмаганди. Буларнинг ҳаммаси давлатимиз раҳбарининг ёшларга кўрсатаётган ғам­хўрлиги туфайли бўляпти.

— Очиғи, танлов кенгаши аъзолари томонидан тўрт кун мобайнида олиб борилган ишларни кўриб, бу нақадар сермашаққат жараён эканини ҳис қилдим, — дейди рақс бўйича танлов иштирокчиси, «Эътироф — 2014» танловида «Йилнинг энг яхши рақс ижрочиси» мукофоти совриндори наманганлик Шодиёра Омонова. — Чунки ҳар бир ижро ортида инсон тақдири турибди. Ҳар бир истеъдод эгаси холис­она, муносиб баҳоланди, деб ўйлайман. Устозларим — балетмейстерлар Дилдора Хўжаева, Чарос Жўрабоевалар раҳбарлигида бу босқичга етиб келиш учун рақс ижросида ҳар бир ҳаракат қайта-қайта ишланди, сайқалланди. Натижа қандай бўлишидан қатъи назар, ўз олдимга қўйган мақсадларим бор. Ўзбекистон маданият ва санъат институтининг ижтимоий-маданий фаолиятни ташкил этиш йўналиши бўйича магистратурада ўқиб, диплом олдим. Энди докторлик бўйича илмий изланишлар олиб бориш ниятидаман.

— «Ниҳол» мукофоти танловида иштирок этаётган ёшларнинг қанчалик истеъдодга эга эканини ўзингиз кўрдингиз, — дейди танлов кенгаши аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси Нодира Қурбонова. —  Илгари мамлакатимизнинг чекка туманларидан танловга қатнашадиганлар кам эди. Бу галги туман, шаҳар ва вилоят босқичларига пойтахтдан бириктирилган тажрибали мутахассислар, санъатшунос олимлар ҳакамлар ҳайъати таркибида иштирок этиши кўплаб янги-янги истеъдодларни кашф этишга ёрдам берди.

— Танлов давомида битта нарсани аниқ ҳис қилдим, — дейди ҳайъат аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков. — Бир неча давралардан ўтиб, мамлакат саралаш босқичигача етган ёшлар шунчаки ҳаваскор ёшлар эмас. Улар устоз-санъаткорлар, педагоглар тарбия­сини олгани учун шу даражага етган. Демак, вилоятларда устоз-шогирд анъанаси яхши йўлга қўйилган, шуниси одамни қувонтиради. Ёшларимизга кўрсатилаётган эътибор, оддий бир қишлоқда яшаётган истеъдод эгасини топиш, уни халққа танитиш қанчалик машаққатли иш. Лекин кенгаш аъзолари эринмай, жойларга бориб, уларни топаяпти, рағбатлантираяпти, санъатини тарғиб қилаяпти. Ёш истеъдодларни саралаш давомида 105 нафар йигит-қизнинг санъати юқори баҳоланди, улар бемалол жаҳон саҳналарига чиқиб, ўз санъатини намойиш қилиш даражасида. Бировини бировидан ажратишга кўзинг қиймайди. Ахир Президентимиз боқий қадриятлари улуғ миллатимизни «ижодкор халқ» деб бекорга айтмаган-да!

Бухоро санъат коллежида шу йил ўқишни тугатган навоийлик Гуласал Қўзиева дуторда Хоразм достончилик усулида «Илғор» куйини ижро этганида залдаги мухлислар мусиқа оҳангларини энтикиб тинглади.

Ҳа, танловда ҳар бир йигит-қиз, ҳар бир истеъдоднинг чиқиши янги нафас, санъат оламининг янги ифорларидир. Уларнинг энг саралари эса ҳакамлар ҳайъати томонидан танловнинг Республика кенгаши совринига тавсия этилди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.