Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
14.07.2015

САМАРҚАНД – БОҚИЙ ҚЎШИҚ

Рўйи заминда шундай шаҳарлар борки, улар ўтмиш маданияти, тарихи, боқий қадриятлари, гўзаллиги ва улуғворлиги билан инсоният учун азиз ва мўътабардир.

Самарқанд — буюк Ипак йўлининг Шарқ билан Ғарб дийдорлашган олтин ҳалқаси, маданият чорраҳаси, нодир дурдонасидир. Яқинда шу азиз масканга йўлим тушиб, уни таниёлмай қолдим. Обод кўчалар, муҳташам кошоналар, камалакранг фавворалар, мислсиз бунёдкорлик ишлари шаҳар жамолини янада кўркамлаштириб, оқсоқол миноралар Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо қилган буюк салтанат маҳобатини эслатиб турибди. Улар узоқ давом этган мазлумликдан сўнг яна қаддини тиклаган, Соҳибқирон руҳи-пок­лари қўллаган озод ва мустақил Ўзбекистонни, ўзбек халқини қутлаётгандек гўё.

Самарқанд — байрам қиёфасида. Кўчалар четларида анвойи гуллар ял-ял яшнайди. Шаҳар аҳлининг нигоҳларида меҳр ва ғурур туйғуларини ҳис қиламан. Ободончилик ходимлари кўчаларнинг икки четини рангин байроқлар, дўстлик, биродарлик рамзлари билан безашаяпти. Ҳа, Самарқанд катта тўйга тайёргарлик кўряпти. Ҳадемай бу кўҳна заминда дунё машшоқлари ва санъатшунос олимларини жамулжам қилган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўнинчи бор ўз ишини бошлайди.

...Тонгда туриб, шаҳарнинг сўлим кўчаларини кезаман, хаёлга чўмаман. Самарқанд, муқаддас шаҳрим, сен мен учун кимсан? Эрталаб қарасам, дунёга омонлик тилаётган, қўллари самога чўзилган, кўзлари ўйчан маликага ўхшайсан, ҳусни жамоли таърифи етти иқлимга кетган гўзал малакни эслатасан. Кунботарда баҳодир лашкарбошига, тунда эса сеҳрли эртаклар айтаётган Шаҳризодага ўхшатаман сени.

Гоҳ онам, деб меҳринг қаршисида тиз чўкаман, гоҳ отамдек оёқларингга бош ураман. Гоҳ азизлигинг, гоҳ гўзаллигинг олдида сим-сим йиғлайман. Ҳайратим юрагимга сиғмай кетади. Булоқларингдан сув ичиб, шифоланаман. Боғларинг ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олиб, сафоланаман.

Самарқандим, меҳмонларини ширмойи нон билан кутиб оладиган, она шаҳрим, сендан нон ҳиди келади. Сендан гўдак ҳиди, гул ҳиди, бол ҳиди келади. Маҳаллалар, йўллар, йўлаклар бўстонга бурканган. Бу гуллар сеҳрланганми? Меҳрланганми? Иссиқда қуримайди, совуқда музламайди.

Бир ён Боғибаланд, бир ён Боғидилкушо. Бир ён Боғиферуз, бир ён Боғиэрам. Бу боғлар меҳринг тафти билан яшнаб турибди. Унда хушнуд юрган болаларингни кўраман. Уларнинг жон томирлари сенга туташган.

Мустақиллик туфайли елкасига офтоб теккан, мукаррамим. 1994 йил буюк бобомиз Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги, 1996 йил Соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллиги катта байрам қилинди. Ўша йили Президентимиз томонидан Амир Темур ордени билан тақдирландинг, 18 октябрь — Самар­қанд шаҳри куни, деб эълон қилинди. 2007 йилда эса 2750 йиллик тўйинг тантаналари олам узра ёйилди.

Юракдаги баётим, абадий барҳаётим. Башарият аҳли Ғарбда Римни, Шарқда Самарқандни танийди. Сен чиндан-да ер юзининг сайқалисан. Минорларингга боқиб, кўнглимда минорлар жило сочади, деворларингни силаб, илоҳий қувват оламан. 1997 йилдан бошлаб Президентимиз ташаббуси билан  ЮНЕСКО шафелигида афсонавий Регистон бағрида ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дунё халқларининг байрамига айланиб кетди. Ҳар икки йилда дунёнинг булбул хонишлари сенда янграйди. Сен истеъдодларга онасан, муаззамим. Сеҳргарсан. Дунё қалбига йўл топган соҳир овоз эгалари сен томон ошиқади.

Франциялик Шарль Азнавур ҳайрат билан кўчаларингни кезди. Унинг бир соатдан кўпроқ улуғ Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали ёнида бош эгиб турганини кўрган ёшларимиз, халқимиз ифтихор туйғуларини туйди. Италиялик хонанда Альбано Корризи Регистон саҳнасида тиз чўкиб, Самарқанд заминини ўпди. Альбанонинг истеъдодига миллионлаб санъат ошуфталари бош эгади, хоки пойини кўзга суртиб, гулларга кўмади. У эса тупроғингни ўпди, пешонангдан ўпди, онажон шаҳрим!

Халқаро туризм ташкилотининг маълумоти бўйича, Самарқанд­га бир йилда юз мингдан зиёд хорижлик сайёҳ келади. Бу рақам ҳар йили 10 фоизга ошмоқда. Дунё нигоҳини тортаётган бу кучнинг олдида ҳайратга тушаман.

...Тонг чоғи Регистон минорларига набираларимни олиб бораман. Бири беш ёшли, бири уч ёшли Жавоҳир ва Саидамирхонларнинг катталарга қўшилиб дуога қўл очганини кўриб, қувонаман. Улар менинг дуоларимга ўрганиб қолишган, ёд олишган. Дуодан сўнг уларнинг миннатдор қиёфасини кўриб, ич-ичимдан яшил кенглик сезаман.

Бу сафар Регистон майдонига қизил гранит тошлар тўшалибди. Бу тошларни замонавий дастгоҳларда сайқаллаган тоштарошларга раҳмат! Майдон пойида оқ мармар тошлар ярқирайди. Пиллапоя­лар бирлаштирилиб, яхлит амфитеатрга айлантирилган.

Асли насли покизаликка ўранган, биллур шаҳрим! Сен олим шаҳарсан, ориф шаҳарсан. Сен фикрлаётган шаҳарсан. Зеро, фикрлаётган одамни енгиб бўлмайди. Ҳар йили муҳташам бағрингда халқаро илмий анжуманлар, маънавий учрашувлар бўлиб ўтади. Бундай анжуманларда дунёга ақл бераётган, дунё қиёфасини ўзгартираётган олимлар иштирок этадилар.

2014 йил 15-16 май кунлари муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги конференция дунё илм аҳли ҳаётида ёрқин из қолдирди. Япониянинг оммабоп нашри — «NIKKEL SANGYO» газетасида босилиб чиққан «Самарқанд конференцияси: япон-ўзбек муносабатларини мустаҳкамлаш истиқболлари» номли мақолада бу муносабатлар япон ёшларининг илмий салоҳияти учун аҳамиятли эканлиги таъкидланди. Бу каби фикрлар бош­қалар томонидан ҳам кўп бор айтилди.

Сен донишмандлар шаҳрисан, Самарқандим! 2014 йил бағрингда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессия­си бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо давлатлар — АҚШ, Франция, Испания, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Миср, Туркия, Индонезия каби ўнлаб мамлакатлар мутахассислари, халқаро экспертлар қатнашди.

Президентимиз сессиянинг очилиш маросимида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан самарали ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи бу анжуман ташаббускори бўлган давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, унинг нутқида баён қилинган фикрлар БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

...Болалигим тўрт томони сув билан ўралган Нарпай боғларида ўтган. Ёдимда, турғунлик йиллари эди. Мен ўқувчиларнинг фан олимпиадаларида қатнашиш учун бағрингга келардим. Мадрасалар нураётган, табаррук дарвозаларингда қўпол қулфлар осиғлиқ турарди. Амир Темур зиёратгоҳига киролмас эдик, тақиқланган эди. Мустақиллик дарвозаларингдаги қулфларни улоқтириб юборди. Кўксингга шамол, елкангга офтоб тегди!

Юртбошимиз қаддингни тиклади, қадрингни оширди, олий қадриятим — Самарқанд! Эй, осмон сари юксалганим, ўтмиши достон қадарим, бугуни офтоб қадарим! Ақлларни чархлаганим, тамаддунни уйғотганим. Бугун сенда яна илм-маърифат, садоқат, меҳр-оқибат бўстонлари гуллади. Бу гулларнинг илдизлари юрагимизда.

Биз бу кунларни жуда узоқ кутдик. Олтин бошинг узра не-не шамширлар ўйнамади, не-не қиличлар қарсиллаб синмади?  Вужудинг­ни куйдириб олов ёққанлар, қонга ботганлар, мол-дунё ҳирсида бағрингни отлар дупури-ла ўйганлар, қутлуғ дастурхонинг­ни тўпга тутиб, талон-тарож қилганларни тарих ҳали унутгани йўқ. Унутмайди ҳам...

Пирлар паноҳи, авлиёлар бешиги, донишмандлар саждагоҳи! БУГУНГИ БАХТ МУБОРАК!

Мустақиллик қуёши бошинг узра мангу порлайверсин. Элу элатларни бирлаштирган «Шарқ тароналари» сенинг бағрингдан дунё бўйлаб таралаверсин!..

 

Зулфия  МЎМИНОВА,

Шоира



DB query error.
Please try later.