14.07.2015

НУРОНИЙЛАРГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР КЎРСАТИЛМОҚДА

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши нуроний отахону онахонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш мақсадида «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!» лойиҳаси доирасида учрашув, давра суҳбатлари ўтказмоқда. Жорий йилнинг бошидан буён ушбу тадбирларда вилоятдаги 5 минг нафардан ортиқ ёлғиз кекса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийлари қамраб олинди. 30 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларида, 150 нафар меҳнат фахрийсига вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилиши учун тавсиялар берилди.

— Мазкур лойиҳа «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини жойларда аҳолига кенгроқ тушунтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Сирожиддин Аъзамов. — Бундан ташқари, партиямиз Сайловолди дастурида кексаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича депутатлик назоратини ўрнатиш ёлғиз кексалар, пенсионерларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, аниқланган камчиликларни ҳамкор ва мутасадди ташкилотлар билан ижобий ҳал этишда қўл келмоқда. Мазкур масалалар юзасидан маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ҳисоботлари эшитилмоқда. Шу мақсадда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари томонидан ўтказилган мониторинг натижалари асосида ишлаб чиқилган таклифлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига юборилмоқда.

Яқинда Бекобод туманидаги «Хос» қишлоқ врачлик пунктида Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, ­Касаба уюшмаси билан ҳамкорликда тадбир ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия вилоят кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

— Бугунги кунда Тошкент вилоятида 266 минг нафардан ортиқ 60 ёшдан ошганлар, 144 минг нафарга яқин 80 ёшдан 90 ёшгача бўлган нуронийлар истиқомат қилади, — деди Тошкент вилоят «Нуроний» жамғармаси раиси Нурмуҳаммад Абдуллаев. — Уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаб, саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда яшаётган уруш ва меҳнат фахрийлари рўйхати шакллантирилди. Санаторийларда кекса авлод вакилларини навбатсиз қабул қилиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, ташҳис қўйишнинг янги тартиби жорий этилган. Бундай сиҳатгоҳларда тажрибали шифокор ва ҳамширалардан иборат ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Соғломлаштирилаётган фахрийларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун миллий қадриятларимизга мос маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилаётир.

— «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида жорий йилда амалга ошириладиган хайрли ишлар белгилаб берилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Мазкур дастур кексаларнинг ҳаётини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган. Биз ҳам бу ишларда фаол иштирок этишимиз, кексалар турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган ҳаётий ташаббуслар, амалий ишлар самарадорлигини оширишга янада кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим.

— Кексаларимизнинг соғлиғини тиклаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш асосий вазифамиз, — деди «Хос» қишлоқ врачлик пункти мудири, халқ депутатлари Бек­обод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Минаввар Абдукаримова. — Маҳалламизда 3511 нафар аҳоли, 804 оила истиқомат қилади. 60 ёшдан ошганлар 227 нафарни ташкил қилади. Уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, саломатликларини тиклашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдамиз. Яқинда кексаларимиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширувлар натижасида 10 нафар кексамиз республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларида, 5 нафарига вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида тиббий ёрдам кўрсатилиши учун тавсиялар берилди. Буларнинг барчаси юртимизда ёши улуғ отахон ва онахонларнинг ҳаётдан рози бўлишлари учун уларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ифодасидир.

Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар иштирокида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди.

 

Меҳрож ДАРХОНОВ,

Жўрабек ТЎРАХОНОВ.



DB query error.
Please try later.