14.07.2015

«ЁШ СИЁСАТЧИ — 2015»

янги иқтидорларни, бўлғуси сиёсатчи, депутат ва етакчиларни кашф этмоқда

ЎзХДП тизимида ўтказилаётган «Ёш сиёсатчи – 2015» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар  босқичлари якунига етди. 14 нафар ёш сиёсатчи республика босқичида беллашиш имконини қўлга киритди. Ватан равнақига ҳисса қўшишни ўз бурчи деб биладиган ғолиб ёшлар шу кунларда танловнинг якуний – республика босқичига қизғин тайёргарлик кўришмоқда.

Хўш, «Ёш сиёсатчи — 2015» кўрик-танловининг ҳудудий бос­қичлари қандай ўтди? Ёшлар ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудларни ривожлантириш, муайян­ ижтимоий масалани ҳал этиш учун қандай таклифлар, ташаббуслар билан чиқмоқда? Кўрик-танловнинг дастлабки якунлари  ҳақида иштирокчилар, ҳакамлар ҳайъати қандай фикрда?

— Бу йил кўрик-танловнинг бошланғич ташкилот, туман ва шаҳар ҳамда вилоят босқичларида 18 000 нафар йигит-қиз қатнашди, — дейди ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти маркази раҳбари Шоҳруҳ Абдураҳмонов. — Танлов иштирокчилари уч шарт бўйича беллашишди. Хусусан, ёш сиёсатчилар жисмоний имконияти чекланган ёшларга сифатли таълимни ташкил этиш, кўзи ожиз инсонлар учун овозли дарслик яратиш, туризм, ёшларга оид интернет сайтларини яратиш, атроф-муҳитга жиддий зарар етказадиган турли пластмасса буюмлар ва бошқа чиқиндиларни қайта ишлаш, хўжаликларда кенг фойдаланиш учун хилма-хил иккиламчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалаларида ўз лойиҳаларини тақдим этишди.

Танлов шартларининг йилдан-йилга такомиллашиб бораётгани ёшларни ўқиб-ўрганиш ва сиёсий жараёнлардан хабардорлигини оширишга ундамоқда, иштирокчиларнинг ўз фикрига эга бўлиш, сиёсий позициясини ҳимоя қила олиш, ўзаро мулоқот, тажриба алмашиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши бўлими мудири Санобар Бердиеванинг қайд этишича, танловнинг биринчи ва иккинчи бос­қичларида ёшлар уч шарт бўйича ўз иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этишди.

— Лойиҳа тақдимоти шарти кўпчиликка манзур бўлди, — дея сўзини давом эттирди у. — Масалан, янгиариқлик Сарвар Амановнинг ноанъанавий тарзда брусчатка ишлаб чиқариш борасидаги тақдимоти алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Сабаби ёш сиёсатчи ўзи яратган ва ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилган брусчаткалардан намуналар тунда ёғду таратиши, бу эса фуқаролар учун, шунингдек, корхона, ташкилот, турар-жойлар йўлакларини, болалар майдончаларини ёритишда қулайлилиги билан фарқ­ланади. Мазкур лойиҳани кўпчилик қўллаб-қувватлади ва уни амалга ошириш бўйича таклифларини берди.

Урганч шаҳрида икки кун давомида бўлиб ўтган кўрик-танловнинг вилоят босқичи ёшларимизнинг сиё­сий билим доиралари кенгайиб бораётгани, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Устав ва Дастурларининг мазмун-моҳиятини теран англайдиган, ташаббускор, иқтидорли ва интилувчан йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этишини кўрсатди. Шуларга таяниб, кўрик-танловдан кўзланган мақсадимизга эришдик, деб айта оламан.

Навоий вилоятида ҳам ЎзХДПнинг ёш аъзолари кўрик-танловнинг биринчи ва иккинчи бос­қичларида фаол иштирок этишди, улардан 9 нафари вилоят босқичидаги қизғин беллашувда қатнашди.

— Бу йил вилоят миқёсида танловда 1200 нафар ёш иштирок этиш истагини билдирди, — дейди ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Навоий вилоят бўлими етакчиси Баҳриддин Тошмаматов. — Уларнинг 450 нафари бошланғич партия ташкилотлари, 9 нафари эса туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлди. Биринчи шартда қатнашчилар ўз ҳудудидаги бирон-бир ижтимоий масалани ҳал этишга қаратилган янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган лойиҳаларини тақдим этишди. Иккинчи шартда Президент асарлари, Конституция, сиёсий пар­тиялар, парламент фаолияти ва сайлов жараёнлари, ёшларга оид қонунлар, Оила, Меҳнат кодекслари бўйича саволларга жавоб беришди. Учинчи шартда эса нотиқлик маҳорати бўйича синов бўлди.

Газетамизнинг Навоий вилоят бўйича мухбири Илҳом ­Сатторовнинг хабар беришича, танловнинг вилоят босқичида кураш анча муросасиз кечган. Лойиҳа тақдимоти шартида карманалик иштирокчи Севара Аслонова тақдим қилган кексалар учун махсус санаторий ташкил этиш лойиҳаси долзарблиги билан ҳакамлар, иштирокчилар эътиборини тортди. Маълумки, вилоятнинг Хатирчи тумани ўзининг бебаҳо табиати эга. Айниқса, унинг бағридан отилиб чиқаётган иссиқ сув оёқ, бўғим касалликларига даво. Бу ерда кексалар учун санаторий қуриш ёши улуғ кишиларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш билан бирга янги иш ўринлари очилишида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Навбаҳор туманидан Умиджон Холмўминовнинг маҳаллада «Оталар чойхонаси» очиш, Нурота туманидан Дилшода Файзиеванинг туристларга қўй терисидан тайёрланадиган маҳсулотларни таклиф этиш бўйича лойиҳаси кўпчиликка манзур бўлди.

Газетамизнинг Андижон вилоят мухбири Аҳмадилло ­Солиев бу йил вилоят ёшлари орасида кўрик-танловга қизиқиш жуда юқори бўлганини таъкидлади. Иштирокчиларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг аниқ масалалари, қишлоқ жойларда инфратузилмани ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратишни кўзлаган лойиҳалари алоҳида эътибор қозонди.

— Очиғи, танловни кузатиб, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, билимидан жуда қувондим, — дейди у. — Масалан, ёшлар танлов давомида кўплаб сиёсий-ҳуқуқий адабиётлар, қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан яқиндан танишиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан янада чуқурроқ хабардор бўлишганини исботлашди. Ана шундай фаол ва ташаббускор ёшларимиздан бири бўлган «Истиқбол» ёшлар қаноти Асака туман бўлими етакчиси Жасур Солиев кўрик-танловнинг Андижон вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди ва республика босқичига йўлланма олди.

Кўрик-танлов Тошкент вилоятида ҳам кўтаринки руҳда, қизғин ва баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.

— Анъанавий ўтказиб келинаётган танловда қатнашиш истагини билдираётган йигит-қизларнинг кўпайиб бораётгани партиямизнинг ғоялари, амалий ишлари ва ташаббусларига қизиқувчи ёшлар сафи кенгаяётганининг яна бир тасдиғидир, — дейди Истиқбол ёшлар қаноти Тошкент вилоят бўлими етакчиси Илмижаҳон Тлеубергенова. Бу йилги танловда ҳам БПТ, шаҳар ва туман босқичларида 600 дан ортиқ ёш «Мен Ватаним равнақига ҳисса қўшишни хоҳлайман» ғояси остида ўз билимларини синовдан ўтказишди. Улар орасида Зулфия номидаги давлат мукофоти, Алишер Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳиблари, нуфузли танловлар совриндорлари борлиги қувонарли. Танлов давомида 100 нафардан ортиқ йигит-қиз партиямиз сафига қабул қилинганини алоҳида таъкидлашни истардим.

— Сиёсат нима, сиёсатчи ким, унинг фаолияти қандай мезонлар билан ўлчанади, бурчи, жамиятда тутган ўрни нималардан иборат? Мен кўрик-танловда иштироким давомида ана шу саволларга янада батафсил жавоб олдим, — дейди Пскент туман босқичи ғолиби Ваҳобжон Ўразматов. — Танлов шартларига тайёргарлик кўриш, унда қатнашиш жараёнида ўзимни худди депутат, партия етакчисидек ҳис қилдим. Шуни англаб етдимки, интилишдан тўхтамасам, келажакда яхши сиёсатчи бўлиб етишишим мумкин экан.

Кўрик-танловнинг Сирдарё вилоят босқичи қандай ўтказилгани билан қизиқиб, вилоят мухбиримиз Ўктам Абдуллаев билан боғландик.

Айтиш жоизки, танлов бугун ёшларнинг юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар мазмун-моҳиятини яхши идрок этаётганини кўрсатди, — дейди у. — Очиғи, партиямиз ёш аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билими, маҳорати, интилувчанлиги мени лол қолдирди. ЎзХДПда ана шундай фаол йигит-қизлар сафи кенгаяётган экан, партиямиз таянчи келажакда мустаҳкам бўлиб бораверади.

— Танловда иштирок этган ёш сиёсатчилардан кўнглим тўлди, — дейди Гулистон Давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ўғилой Эрбўтаева. — Эзгу мақсадлар билан изланиб, ўқиб ўрганаётганликлари кўриниб турибди. Бу уларнинг лойиҳаларида ҳам ўз ифодасини топган. Энг муҳими, ҳар бир лойиҳада иқтисодий фойда олиш билан бирга, иш ўринлари яратиш, жамоанинг моддий манфаатдорлигини ошириш каби партиямизнинг дастурий мақсадларига мос ижтимоий муҳим масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, Боёвут агросаноат касб-ҳунар коллежининг тарих ўқитувчиси Фаррух Отабоев паррандачилик корхонасини ташкил қилиб, 30-35 кишини муқим иш билан таъминлашни режалаштирган бўлса, Гулистон туман Деҳқонобод касб-ҳунар коллежи талабаси Суман Раззоқова маҳаллалар қошида тадбиркорлик марказларини ташкил қилиб, юзлаб иш ўринлари яратишни ният қилибди. Партиямиз мақсад-ғояларини амалга оширишга бел боғлаган мана шундай ёшларнинг интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак, албатта.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.