11.07.2015

ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИГА ЧИҚИШ — ХАЛҚИМИЗНИНГ ОРЗУСИ!

Куни кеча Ўзбекистон футбол федерациясида ўтказилган матбуот анжуманида ҳам шу ҳақда сўз борди

Кейинги йилларда юртимизда миллионлар ўйини — футболни янада тараққий эттириш йўлида олиб борилаётган ишлар, айниқса, болалар футболига берилаётган катта эътибор ва ғамхўрлик ўз самараларини бера бошлади. Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар терма жамоалари нафақат Осиё миқёсида ютуқларга эришмоқда, балки жаҳон чемпионатларида ўзларининг муносиб ўйинлари билан эътибор қозоняпти. Бу қувонарли, албатта.

Аммо мамлакатимиз бош жамоаси — Ўзбекис­тон миллий терма жамоаси қўлга киритаётган натижалар билан ҳозирча мақтана олмаймиз. Шу йилнинг 6 июнида 2018 йили Россияда бўладиган жаҳон чемпионати Осиё минтақаси саралаш учрашувларининг иккинчи босқичига старт берилди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Миржалол Қосимов бош мураббийлигида дастлабки учрашувни сафарда КХДР футболчилари билан ўтказди. Афсуски, мазкур ўйинда футболчиларимиз рақибига 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Натижада Ўзбекистон футбол федерацияси терма жамоа мураббийлар штабида жиддий ўзгаришларни амалга оширди.

Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби бош менежери Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Шунингдек, 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун курашаётган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси мураббийлари штабида ҳам ўзгариш юз берди. Олимпиячиларимиз бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнида «Пахтакор» жамоаси катта мураббийи Виктор Жалилов иш бошлади.

Хўш, Ўзбекистон Олимпия ва миллий терма жамоаларининг кейинги тақдири нима бўлади? Футболчиларимизнинг жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиши учун қандай чоралар кўрилади?

Ўзбекистон футбол федерациясида ўтказилган матбуот анжуманида ЎФФ Терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжонов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян, Олимпия терма жамоа­си бош мураббийи Виктор Жалилов ҳамда терма жамоа­лар техник директори Деян Журжевич иштирок этди.

Асқар ТОЛИБЖОНОВ, Терма жамоалар маркази директори:

— Бир неча кун муқаддам ЎФФ Ижроия қўмитаси йиғилишида миллий ва Олимпия терма жамоаларига хорижлик мутахассисни жалб қилиш қарори қабул қилинган эди. Якунда сербиялик мутахассис Деян Журжевич билан 2016 йил 31 мартига қадар шартнома имзоланди. Бу мутахассис Олимпия ва миллий терма жамоаларимизда техник директор вазифасида фаолият кўрсатади.

Самвел БАБАЯН, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи:

Бугун ихтиёримиздаги таркиб — ўзбек футболи тарихидаги энг кучли терма жамоа,  деб бемалол айтишим мумкин. Бу жамоа билан катта ғалабаларни қўлга киритса бўлади. Таркибда жиддий ўзгаришлар амалга оширилмайди. Чунки жамоадаги тажрибали футболчилар ёшларга ўрнак бўлишлари керак. Навбатдаги йиғин 19-26 июль кунлари ўтказилади. Унда асосан миллий чемпионатда тўп сураётган футболчилар қатнашади. Шунингдек, ушбу йиғинга мамлакат ёшлар терма жамоасидан тўрт нафар ёш ўйинчини ҳам жалб этяпмиз.

Бундан буён миллий терма жамоа ҳам, Олимпия терма жамоаси ҳам фақат ФИФА кунларида йиғин ўтказади. Ўзбекистон чемпионати тақвимига мослаб шундай қарорга келдик. Албатта, расмий ўйинлар олдидан футболчиларни жамлашни таъминлаб берамиз. Энди футболчилар кўпроқ клуб ихтиёрида бўлади. Бу борада клублар мураббийлари ҳам кўп мурожаат қилдилар ва улар билан келишган ҳолда бир қарорга келдик. Шунга кўра, Ўзбекистон XXIV миллий чемпионати иккинчи давраси тақвимига ўзгартириш киритилди. 

Футболчиларимизнинг жаҳон чемпионатига чиқишини нафақат ЎФФ, балки бутун халқимиз орзиқиб кутмоқда. Ҳукуматимиз ва ЎФФ томонидан терма жамоанинг мусобақаларга юксак савияда ҳозирлик кўриши учун барча имкониятлар муҳайё этиб берилган. Фақат биз ундан тўғри ва унумли фойдалансак, албатта, зарур натижа ҳамда ғалабага эришамиз.

Деян ЖУРЖЕВИЧ, терма жамоалар техник директори:

— Ўзбекистон мен учун бегона эмас. Бундан бир неча йил илгари Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клубида фаолият кўрсатганман. Бухоро ва Самарқандни аллақачон томоша қилганман, бу сафар юртингизга сайёҳ сифатида эмас, балки ишлаш учун келдим. Зиммамиздаги вазифа бирмунча жиддий.

Яқинда сербиялик ёшлар жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди. Сабаби — у ерда болалар ва ўсмирлар футболига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистонга ҳам ҳавас қилса арзийди.  Юртингизда жуда кўплаб ёш ва қобилиятли футболчилар бор. Бабаян қандай мутахассис эканини ва талабчанлигини яхши биламан. Миллий терма жамоа учун барча бирлашиб ишлаши керак. Мен миллий, олимпия ва ёшлар терма жамоаларида «боғловчилик» қилмоқчиман. Бу борада Сербиядаги фаолиятим давомида тажриба орттирганман. Ишонаманки, Ўзбекистон 2018 йили бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани, албатта, қўлга киритади.

Виктор ЖАЛИЛОВ, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи:

— Мамлакат Олимпия терма жамоасига энг кучли футболчиларни жалб этишга ҳаракат қиламиз. Аслида мендан олдинги мураббийлар катта ҳажмдаги ишни олиб боришганини таъкидлайман. Июль ойидаги йиғинимизга бир қатор янги футболчиларни чақирдик. Ўз клубларида захирада қолиб кетаётган баъзи ўйинчиларга ҳам имкон берамиз. Ҳозир кенгайтирилган рўйхатимизда 50 нафар футболчи бор. 

Бир сўз билан айтганда, Олимпия терма жамоаси эшиклари барча учун очиқ. Номзодлар орасидан энг муносиблари эса халқаро майдонда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Келаси йили Қатарда ёшлар (U-23) ўртасида ўтказиладиган Осиё чемпионатида кучли тўртликдан жой олиб, Рио-де-Жанейрода бўладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш учун бор куч-ғайратимизни аямаймиз.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.