11.07.2015

ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР, ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА ЛОЙИҲАЛАР

миллий иқтисодиёт тараққиётига хизмат қилади

Мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш, унинг илмий салоҳиятини янада юксалтиришда фан-таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш муҳим омиллардан саналади. Юртимизда сўнгги йилларда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, республиканинг реал секторида инновацион фаолиятни юксалтириш, ижтимоий ва иқтисодий ривожлантиришда фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 15 июлда «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Яқинда пойтахтимизда мазкур ярмарка саккизинчи маротаба ўтказилди. Унинг якунлари ва самараси ҳақида мухбиримиз Ўзбекис­тон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш дастурларини ишлаб чиқиш ва мониторинги бўлими бошлиғи Азиз Дильмурадов билан суҳбатлашди.

— Ярмаркада Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотларнинг 100 дан ортиқ илмий ва таълим муассасалари, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ташкилотлари, шунингдек, ихтирочилар ҳамда хусусий корхоналар ўзларининг 604 та илмий-амалий техник ишланмаси билан иштирок этди, — дейди суҳбатдошимиз. — Шундан 387 ишланма янги бўлиб, олдинги ярмаркаларда намойиш этилмаган.

 — Мазкур ишланмалар иқтисодиётнинг асосан қайси тармоқларига кўпроқ тегишли? Ярмаркага қизиқиш қандай бўлди?

— Тақдим этилаётган ишланмалар, иқтисодиётимизнинг қатор тармоқларида, асосан саноатда — 24,8 фоиз, соғ­лиқни сақлаш ва фармацевтикада — 13,6, ахборот технологиялари йўналишида — 12,4, қишлоқ хўжалиги соҳасида — 20, илм ва таълим йўналишида — 4,1, энергия ҳамда ресурстежамкор технологияларда — 8,3, юқори технологияларда — 5,1 фоизни ташкил этди. Шунингдек, ярмаркада ёш олимлар, талабалар ва «Ёшларнинг инновацион ғоялари» республика кўрик-танлови ғолибларининг 70 та ишланмаси (11,6 фоиз) тақдим этилди ва улар иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. Ўтган йили бундай ишланмалар сони 50 дан ошмаган эди.

Ярмаркада 12 мингдан ортиқ киши, жумладан, катта ва кичик саноат бизнес раҳбарлари ва вакиллари, фермерлар, олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот инс­титутларининг илмий ходимлари, олий ўқув юртлари талабалари ҳамда коллеж ўқувчилари, шунингдек, хорижий элчихоналар ва ваколатхоналар вакиллари иштирок этди.

Ярмарка доирасида илмий техника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида умумий қиймати 25,7 млрд. сўмлик жами 776 шартнома имзоланди. Умуман, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш натижасида 2008 йилдан 2015 йилгача 23 турдаги 1 триллион сўмдан ортиқ инновацион маҳсулотларни серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу рақам ва фактлар ярмаркага қизиқиш анча юқори бўлганини ҳамда у самарали ўтганини билдиради.

Катта талабга эга бўлган ишланмалар тўғрисида ҳам тўхталсангиз...

— Истеъмолчилар орасида катта талабга эга бўлган ишланмалар орасида Урганч давлат университетининг мева ва сабзавотларни қуритиш ускунаси, «Ливадия-Бухара» хусусий корхонасининг инфрақизил-импульсли қуритиш мосламаси, Буюк Британиянинг Кембриж университети иштирокида ташкил этилган Юқори технологиялар ўқув-экс­периментал марказининг уруғларни сунъий яратиш технологияси асосида олинадиган павловния дарахтининг кўчатлари,  Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг «Физика-қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг кичик қуёш фотоэлектр станция­си, Фарғона инновация фаолияти ва технологиялар трансфери марказининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини ошириш биоўғити кабиларни алоҳида кўрсатиш мумкин.

Айтиш жоизки, уларнинг ҳар бири ўз йўналиши бўйича ишлаб чиқаришда янги инновацион фаолиятнинг юксалишига замин яратади. Мисол учун, биргина павловния дарахтининг сунъий уруғларини «in vitro» усулида етиштириш ва кўпайтириш технологиясини олайлик.

«In vitro» пробиркаларда ўсимликни микроклонлаштириш орқали  кўпайтиришда, материалларни бир-бирига сифатли ўтқазишда тезкор усул ҳисобланиб, унинг бир қатор афзалликлари мавжуд. Бу афзалликлар павловния дарахтидан генетик жиҳатдан бир турдаги экин кўчатларини олиш; вируслардан озод қилиш; кўпайтириш коэффициентини ошириш; тез ўсишини таъминлаш каби жиҳатларда кўринади.

Павловния дарахтидан йилига 3-5 метр атрофида ўсиб, ҳар уч йилда гектаридан 100 тоннагача биомасса олиш имконини беради. Қолаверса, ундан олинган ёғоч материаллари ўзининг юқори зичлиги, мус­таҳкамлиги, деформацияга чидамлилиги билан ҳам тавсифланади. Истиқболда мамлакатимиз мебель саноатида бу дарахт ёғочларидан кенг фойдаланиш мумкин.

Тошкент давлат техника университети илмий жамоаси томонидан яратилган энергия тежовчи асинхрон электр қурилмаси ҳам эътиборга молик. Ушбу қурилманинг саноат корхоналарига татбиқ этилиши 20-30 фоизгача электр энергиясини тежаш имконини беради. Мазкур ишланма Навоий, Олмалиқ тоғ-кон металлургия, шунингдек, бир қатор йирик саноат корхоналарида жорий этилиб, сезиларли электр энергияси самарадорлигига эришилди.

Ярмаркада ҳудудий даражада ҳам анча фаоллик сезилди. Мисол учун, Андижон вилояти тадбиркорлик субъект­лари ва фермерлари томонидан илмий-техник маҳсулотларни харид қилиш бўйича 103 шартнома имзоланган бўлса, Фарғона вилояти — 100, Самарқанд вилояти — 77,  Тошкент шаҳри — 68 ва Тошкент вилояти бўйича 64 шартнома имзоланган.

Ярмарканинг олдинги йиллари ўтказилганларидан қандай фарқли жиҳатлари бор?

— Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу гал ярмарка доирасида илк маротаба Халқ­аро инновацион форум ўтказилиб, унда 39 нафар хорижий иштирокчи, жумладан, АҚШ, Германия, Италия, Франция, Япония, Греция, Польша ва Россия давлатларининг 20 нафардан ортиқ олимлари ва мутахассислари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган халқаро ташкилотларнинг 19 нафар вакили иштирок этди.

Форум доирасида илмий ва технологик паркларни қўллаб-қувватлаш, корхоналарни бошқариш бўйича инновацион ёндашув, илм ва ишлаб чиқариш интеграцияси, ёшларнинг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлашда ривожланган давлатларнинг тажрибаси, инновацион иқтисодиёт учун кадрларни тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш керакки, ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар, инновацион лойиҳаларни татбиқ этишга қаратилган бундай саъй-ҳаракатлар натижасида иқтисодиётимизнинг реал секторида инновацион фаолият самарадорлиги ошмоқда, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциялашуви янада мустаҳкамланмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Обиддин МАҲМУДОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.