Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
11.07.2015

СЕССИЯ МУҲОКАМАСИДАГИ МАСАЛА

депутатлар, ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар ҳамжиҳатлигида ҳал этилмоқда

Бугунги кунга келиб мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида сиёсий партияларнинг таъсир кучи сезиларли даражада ошди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кўтариб чиқишда депутатлик бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайди. Шунинг учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ўз фаолияти самарадорлигини кучайтиришга, электорат манфаатлари ҳимояси йўлида ташаббускорликни янада оширишга эътибор қаратмоқда. Натижада ижтимоий-иқтисодий жараённи чуқур таҳлил этиш, муаммолар ечими бўйича таклифлар бериш кўникмаси шаклланди, бу борада партия тизимида ўзига хос механизм юзага келмоқда. 

Хўш, сайловдан кейинги 6 ой давомида маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари Сайловолди дастури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қандай ташаббуслар билан чиқди?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлим мудири ­Боймурод Юсуповнинг айтишича, халқ депутатлари вилоят Кенгашларида 214 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 1659 нафар ЎзХДП депутати фаолият юритмоқда. Уларнинг вакиллик ҳокимиятида, тегишли ҳудудда ўз ўрни бор. Масалан, вилоят ёки туман миқёсида амалга оширилаётган кўпгина ташаббуслар ортида партиямиз вакилларининг ҳиссаси ортиб бормоқда.

Яқинда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳларининг доимий комиссия ва сессиялардаги иштирокининг жорий йил 6 ойлик натижаларини умумлаштирди. Маълумотларга қараганда, йилнинг биринчи ярим йиллигида ЎзХДП депутатлари ташаббуси билан партия гуруҳларида 154, доимий комиссияларда 55, сессия­ларда эса 24 масала кўриб чиқилди.

Маълумки, йил бошида Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини қабул қилди. Дастурда партия кенгашлари ва депутатлар зиммасига аниқ вазифалар белгилаб берилди. Муҳим томони, улар ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатига қараб ишлаб чиқилган. Айтайлик, қайсидир туманда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга эҳтиёж катта бўлса, қайсидир жойда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш керак. Яна қаердадир касаначиликни ривожлантириш зарур, қайсидир жойда эса аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш масаласи одамларни ўйлантириб келмоқда. Шунинг учун ЎзХДП Ҳаракат дастурида сайловчилар манфаатларига алоқадор масалалар ҳудудлар кесимида белгилаб берилган.

ЎзХДП гуруҳлари томонидан кўриб чиқилган, доимий комиссия ва сессия­ларга киритилган масалаларнинг аксарияти Сайловолди дастурига асосланган.

Масалан, Ҳаракат дастури асосида халқ депутатлари Фарғона вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан йилнинг биринчи ярим йиллигида 21 масала партия гуруҳларида ва доимий комиссия йиғилишларида кўриб чиқилди. Сессиялар муҳокамасига эса 12 масала олиб чиқилди. Бундай ижобий натижани Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги депутатларимиз фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.

Албатта, кўпчиликнинг манфаатларига дахлдор масалани ўрганиш, унга муносабат билдириш, таклиф ишлаб чиқиш ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Бунга осонликча эришиб ҳам бўлмайди, баъзида ҳар хил англашилмовчиликларни бартараф этишга, баъзан эса турли тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келади. Масаланинг илдизига етиб бориш учун айрим ҳолларда битта соҳа эмас, бир нечта тизимни ўрганиш, таҳлил этиш, жойларда қандай ютуқ ёки камчиликлар борлиги, умуман, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва истиқболлари ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш талаб этилади. Бунинг учун кун-у тун изланиш, жон куйдириш лозим, албатта. Шундагина халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комис­сия­ларининг йиғилишларида, сес­сия­ларда депутат кўпчиликни ўйлантирадиган саволлар ва масалаларни кўтаради, ҳаётий таклифлар айта олади.

Бугун туман ёки шаҳарни ривожлантириш билан боғлиқ қандай масалалар долзарб бўлиб турибди, доимий комиссия ва сессия муҳокамасига масала тайёрлашда қандай тажрибалар тўпланган. Ушбу савол билан маҳаллий Кенгашлардаги айрим депутатларимизга мурожаат қилдик.

Бўриқул Жаъфаров, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Партиямиз депутатлари ташаббуси билан ҳудудлардаги кўпгина муаммолар ҳал этилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўтган давр мобайнида бу борада катта тажриба тўпланди, фаолиятимизга янги усуллар жорий этилди. Очиғини айтиш керак, илгари партия гуруҳларида, доимий комиссия ва сессияларда кўриладиган масалалар шунчаки расмиятчилик учун тайёрланадиган ҳоллар ҳам учрарди. Бугун эса бу жараёнга муносабат тубдан ўзгарган.

Муайян масала юзасидан дахлдор ташкилот, корхона раҳбарлари ва ижро ҳокимияти вакилларининг ҳам фикрлари тингланаётгани ишлаб чиқилаётган таклифлар, сессияда белгиланаётган чораларнинг ҳар томонлама пишиқ бўлишига хизмат қилмоқда.

Биз қайси лавозимда, соҳа ва тармоқда ишламайлик, қайси сиёсий партияга аъзо бўлмайлик, ҳу­дуд­ларни ривожлантириш, унинг муаммоларини ҳал қилиш каби ягона мақсад барчамизни бирлаштирмоқда. Булар кўтарилаётган масаланинг комплекс ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Турсунбой Солиев, халқ депутатлари Тошлоқ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Йил бошида аҳолини иш билан таъминлаш, тиббий ва коммунал хизматлар кўрсатиш, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг манзиллилигини ошириш, қонунлар ижросини ўрганиш чораларини белгилаб олган эдик. Барча масалалар ҳозиргача партия гуруҳи йиғилишларида кўриб чиқилди.

Хусусан, партиямиз гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига «Мактабгача таълим муассасаларига болаларни жалб қилиш, улар учун яратилган шароитлар ҳамда берилаётган таълим-тарбия­нинг аҳволи тўғрисида»ги масала олиб чиқилди. Муҳокамалар жараёнида аксарият боғчаларда «Таълим тўғрисида»ги Қонун талаблари тўлиқ бажарилмаётгани маълум бўлди. Сессияда мутасадди ташкилотлар вакилларига таълим муассасаларидаги хато ва камчиликлар бўйича ўз саволларимизни бердик. Тўғриси, масала сессияда ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинди, пухта таклифлар айтилди. Унда мактабгача таълим ­муассасаларининг талаб даражасида бўлмаган биноларини таъмирлаш чораларини кўриш, уларни тоза ичимлик суви, болаларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, тизимдаги кадрлар малакаси ва масъулиятини ошириш бўйича муҳим қарор қабул қилинди.

Кўп ҳолларда ҳудудимиздаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, сессияларга киритилса-да, айрим мутасадди корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг эътиборсизлиги туфайли уларнинг ижроси вақтида таъминланмаяпти. Шунинг учун биз тегишли масалаларни сессия кун тартибига киритиш билан чекланмасдан, қабул қилинган қарорлар ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтиришга, шу орқали муаммони ўз вақтида ҳал этишга ҳам жиддий эътибор беряпмиз. 

Яқинда боғчаларда туман Кенгаши сессияси қарори ижроси қандай олиб борилаётгани устидан назорат-таҳлил ўтказдик. Ишлар қарор талаблари даражасида ташкил этилаётганига гувоҳ бўлдик.

Демак, аҳолини ўйлантираётган масала кўтарилса, депутатлар, мутасадди раҳбарлар билан биргаликда рўй-рост муҳокама этилса, сессияларда ҳар томонлама пухта қарор қабул қилинса, ҳудуд ривожланади, бундан ҳамма манфаат кўради. Одамларнинг ўзгариш ва янгиланишга, демократик ислоҳотларга хайрихоҳлиги ошади. Энг катта ютуқ, энг катта натижа ҳам шунда бўлади, назаримизда.

 

Лазиза ШЕРОВА.



DB query error.
Please try later.