11.07.2015

САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК ОСОЙИШТАЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – ДОЛЗАРБ МАСАЛА

ЎзХДП фракцияси бу борадаги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш зарур, деб ҳисобламоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама этилди.

Йиғилишда ЎзХДП фрак­-ция­си раҳбари Ҳотамжон ­Кетмонов аҳолига бирламчи тиббиёт-санитария ёрдамини янада кенгайтириш ва унинг сифатини ошириш муҳим масала эканига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, партиянинг Сайловолди дастурида, айниқса, олис қишлоқ аҳоли пунктларининг аҳолисига бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланиш имкониятини таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш бўйича чоралар кўриш лозимлиги қайд этилганини таъкидлади.

Бунда имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи тегишли қонунчилик ҳужжатларининг сўзсиз ижроси устидан тизимли назорат самарадорлигини ошириш долзарб масаладир.

Йиғилишда таъкидландики, ЎзХДП фракцияси аҳолига малакали тиббиёт-санитария ёр­дамини кўрсатиш билан боғлиқ тегишли қонунлар ва бош­қа нор­матив ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришни муҳим вазифа, деб ҳисоблайди.

Маълумки, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда санитария-эпидемиология масалаларида аҳолининг осо­йишталиги ва радиация хавф­сизлигини таъминлаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, инсоннинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи ҳамда у билан боғлиқ бошқа ҳуқуқларни кафолатлашдан иборат. Унда атроф-муҳитни соғломлаштириш, инсоннинг овқатланиш, меҳнат қилиш, турмуш, дам олиш, тарбия ва таълим олиш шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар мажмуини амалга оширадиган меъёрлар ўз аксини топган.

Бунёджон ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасидаги «Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг ваколатлари» деб номланаётган моддани «профилактик эмлашларнинг миллий тақвимини ва эпидемик кўрсаткичлар бўйича профилактик эмлашлар ўтказиш тартибини тасдиқлайди», «атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқаради», деган меъёрлар билан тўлдириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Фракциямиз фикрича, профилактик эмлашларнинг миллий тақвимини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Бош давлат врачининг асосий ваколатларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқариш муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали фуқаролар соғлиғига хавф туғдирувчи юқумли касалликлар пайдо бўлиши, тарқалишининг олди олинади.

Муҳокама чоғида сўз олган фракция аъзолари, шунингдек,  мамлакатимизга чет­дан олиб кирилаётган озиқ-овқат, биологик фаол ва кимёвий моддаларга токсикология-гигиена жиҳатидан баҳолаш асосида рухсатномалар бериш орқали назорат қилиш аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда муҳим омил эканини таъкидлаб ўтишди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига «Радиоактив моддалар ва бош­қа ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан ишлашга доир талаблар» деб номланган янги модда киритиш таклифи ҳам ўртага ташланди. Ушбу моддада юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар радиоактив моддаларни ҳамда бошқа ионлаштирувчи нурланиш манбаларини кавлаб олиш, тайёрлаш, фойдаланиш, уларни ташиш, сақлаш ва утилизация қилиш жараёнларида санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена талабларига риоя этиши шартлигини белгилаб қўйиш лозимлиги қайд этилди.

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасидаги «Хориждан олиб кириладиган маҳсулотни етказиб беришга ва реализация қилишга доир талаблар» деб номланаётган моддасини тўлдириш лозим. Бунда давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар хориждан олиб кириладиган технологияларни, материалларни, хомашёни ва маҳсулотни етказиб бериш, реа­лизация қилиш, улардан фойдаланишда санитария меъёрлари, қоидалари ҳамда гигиена нормативларига риоя этиши шарт­лиги ҳисобга олиниши зарур.

Шунингдек, қонун лойиҳасидаги «Санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар» деб номланаётган моддани тўлдириш бўйича ҳам таклифларимиз бор. Яъни, юридик ва жисмоний шахслар санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўз вақтида ўтказилишини таъминлаши шартлиги белгилаб қўйилиши керак. Чунки эпидемияга қарши тадбирлар ўз вақтида ўтказилиши фуқаролар соғ­лиғига хавф туғдирувчи юқумли касалликлар пайдо бўлиши, тарқалишининг олдини олади.

Йиғилишда қонун лойиҳасини электорат манфаатлари ҳимояси нуқтаи-назаридан янада такомиллаштиришга қаратилган бошқа таклифлар ҳам билдирилди. Депутатлар тегишли таклифлар ва фикр-мулоҳазалар асосида қонун лойиҳасини маъқуллашди, бу ҳақда фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Анвар ШЕРОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати ходими.



DB query error.
Please try later.