Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
11.07.2015

ШҲТНИНГ УФА САММИТИ

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 9-10 июль кунлари Россия Федерациясининг Уфа шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Саммитнинг асосий тадбирлари 10 июль куни бўлиб ўтди. ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси тор доирадаги учрашув билан бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Ислом Каримов, Қозоғистон Республикаси ­Президенти Нурсултон ­Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти ­Алмазбек Атамбоев, Россия ­Федерацияси Президенти ­Владимир Путин, Тожикистон Республикаси ­Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди.

Мажлисда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, ШҲТни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти амалий мулоқот ва минтақавий ҳамда глобал муаммоларни самарали ҳал этиш учун қулай имконият экани таъкидланди.

ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари мажлисни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. Унда кузатувчи давлатлар раҳбарлари, мулоқот бўйича шериклар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.

Президентимиз Ислом ­Каримов ўз нутқида тобора глобал тус олиб бораётган таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш, ШҲТ фаолиятини кенгайтириш ва такомиллаштириш масалалари бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.

Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замоннинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда, хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг таъсири ва нуфузи ошиб бормоқда. Бу ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиш, кузатувчилар ва мулоқот бўйича шериклар қаторига қўшилиш истагини билдирган давлатлар сафи кенгайиб бораётганида намоён бўлмоқда ва бу табиий жараёндир, деди Ислом Каримов.

ШҲТ Хартияси ва ташкилотнинг барча асосий ҳужжатларида мустаҳкамланган ҳамда ШҲТ фаолияти бошқа давлатларга қарши йўналтирилмаганини таъминлайдиган тамойилга қатъий амал қилиш ва уни янада мустаҳкамлаш зарур.

Бошқача айтганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилотини ҳарбий-сиёсий альянсга айлантирмаслик, ШҲТни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва принципларга содиқ қолиш ва уларни янада мустаҳкамлаш даркор, деб таъкидлади Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини, унинг ягона йўли — донор мамлакатларнинг молиявий-иқтисодий ва гуманитар ёрдамида ва БМТнинг фаол иштирокида фақат тинч сиёсий музокаралар ўтказиш, қарама-қарши томонлар ўртасида ўзаро келишувга эришиш эканини қайд этди.

Ўзбекистон қўшни сифатида Афғонистонга мунтазам ёрдам бериб келмоқда, транспорт коммуникацияларини барпо этиш, аҳолини электр энергияси билан таъминлаш лойиҳаларини амалга оширмоқда, инсонпарварлик ёрдамини етказиб бермоқда.

Ўзбекистон Афғонистон билан муносабатларни миллий манфаатлардан келиб чиқиб, ­Афғонистон халқи танлаган йўлни ҳурмат қилган ҳолда давом эттирмоқда.

Маълумки, ШҲТга раислик Ўзбекистонга ўтди. Шу муносабат билан Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллиги нишонланадиган йилда ташкилотга ­раислик қилишдек масъулиятли вазифани зиммасига олаётганини ва бу, ўз навбатида, истиқболда кўзда тутилган режаларни муваффақиятли амалга оширишда умумий масъулиятни янада оширишини таъкидлади.

Ўзбекистон ташкилотга раис сифатида мавжуд анъаналарга амал қилиш, ШҲТга аъзо мамлакатлар манфаатларига мос келадиган ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, шунингдек, ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш принципларига қатъий риоя этади.

Терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши биргаликда курашишни кучайтиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, халқаро ва минтақавий хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш, ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодиётини барқарор юксалтириш ва уларнинг ижтимоий тараққиётини таъминлаш ташкилот олдидаги долзарб вазифа бўлиб қолаверади.

Минтақада барқарорлик ва тараққиётнинг ишончли кафолати сифатида ШҲТ ролини янада мустаҳкамлаш мақсадида унга аъзо мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, манфаатдор давлатлар билан муносабатларни изчил ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида аҳамият берилади.

Ўзбекистон ШҲТга раислиги доирасида маданий-гуманитар, илм-фан ва таълим соҳаларида самарали минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратади, деб таъкидлади Ислом Каримов.

Саммит якунида Уфа декларацияси, ШҲТни 2025 йилгача ривожлантириш стратегияси ва 2016-2018 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури қабул қилинди. Ҳиндистон ва Покис­тонни ШҲТга қабул қилиш жараёнини бошлаш, Беларусь Республикасига кузатувчи, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал давлатларига мулоқот бўйича шерик мақомини бериш бўйича қарорлар имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Уфа саммити доирасида 10 июль куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Томонлар ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш ­истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Ислом Каримов кенг кўламли Ўзбекистон — Хитой муносабатлари икки давлат раҳбарларининг дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган мулоқотлари негизида тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Хитой билан иқтисодиёт, транспорт коммуникациялари, таълим каби қатор соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўрта Осиё — Хитой газ қувури, Ангрен — Поп элек­тр­лаштирилган темир йўл линия­си, Ангренда автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналар ҳамда конвейер лентаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин намуналаридир.

Товар айирбошлаш ҳажми сўнгги 6 йилда 3 карра ортгани эътиборга молик. 2008 йилда бу кўрсаткич 1,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2014 йилда 4,7 миллиард долларга етди.

Си Цзиньпин давлатимиз раҳбарини жорий йил март ойида бўлиб ўтган Президент сайловидаги ғалабаси билан яна бир бор табриклаб, Ўзбекистон халқи Ислом Каримов раҳбарлигида барча соҳаларда янада катта ютуқларни қўлга киритишига ишонч билдирди.

ХХР Раиси Хитой томони Ўзбекистонда тиббиёт, таълим ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам сифатида 350 миллион юань миқдорида грант ажратганини маълум қилди.

Учрашувда ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу куни Россия Федерацияси ­Президенти Владимир Путин билан учрашди.

Ушбу учрашув Ўзбекистон билан Россия ўртасида ­иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилганининг 10 йиллигида ўтаётгани ҳамда ҳамкорликнинг барча устувор ва истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашиш учун қулай фурсат экани таъкидланди.

Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Минтақавий хавфсизликка доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Россия ШҲТ ва МДҲ доирасида фаол ҳамкорлик қилаётгани қайд этилди.

Россия Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ва сар­моя­вий шерикларидан бири эканлиги таъкидланди. Мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бораётир. 2014 йилда бу борадаги кўрсаткич 6 миллиард доллардан ошган.

Владимир Путин Ислом ­Каримовни давлат ташрифи билан Россия Федерациясига таклиф этди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Уфа шаҳрига ташрифи якунига етди.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА махсус мухбири

Тошкент — Уфа — Тошкент.



DB query error.
Please try later.