09.07.2015

СИЁСИЙ ПАРТИЯ ҚАТЪИЯТЛИ ВА ТАШАББУСКОР БЎЛСА,

жамиятда унинг мавқеи ошади, мустаҳкамланади

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш йўлидаги ислоҳотларнинг қай даражада самара бериши кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигига чамбарчас боғлиқдир. Сиёсий партиялар мамлакат ҳаёти, тараққиёти билан алоқадор долзарб масалаларда ўз ғоялари, позициясини қатъий туриб ҳимоя қилмас, мақсад-муддаосини амалга ошириш учун дадил курашмас экан, том маънодаги демократия қарор топиши қийин бўлади. Президентимиз мустақилликнинг илк йилларидан бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келаётгани, сиёсий партияларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим таклифларни илгари сураётгани бежиз эмас.

Сўнгги йилларда парламентда қонунлар ва бошқа қарорлар қабул қилинишида, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида сиёсий партиялар, улардан сайланган депутатлик бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилди. Улардан қай даражада фойдаланиш сиёсий партияларнинг жойлардаги маҳаллий ташкилотлари фаолияти самарадорлигига боғлиқ, албатта.

Хўш, ЎзХДПнинг нуфузи ва таъсир кучини оширишда партиянинг Самарқанд вилоят ташкилоти, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотларининг ўрни қандай бўлмоқда? Эришилган натижалар, келгусидаги режалар қандай?

Газетамизнинг ушбу сонида мазкур саволларга Самарқанд вилоят партия кенгаши етакчилари, депутатлари жавоб бермоқда.

Камолбой ИСОБЕКОВ, ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси:

– Президентимиз Конституция­миз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимизда амалга оширилаётган оламшумул ўзгаришлар, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора чирой очиб, аҳолимизнинг фаровонлиги юксалиб бораётгани ҳақида гапирганда, бундай янгиланишларнинг ғоят муҳим манбалари – аввало, одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва кайфияти тубдан ўзгариб, уларнинг ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси, эртанги кунга муносабати ва ишончи тобора мустаҳкамланиб бораётганида эканини алоҳида таъкидлаган эди. 

Ҳақиқатан ҳам, бугун одамларда интилиш, талабчанлик юқори. Ўз навбатида, сиёсий партияларга муносабат ҳам шакл­ланган.  Партиядан, улардан кўрсатилган депутатлардан ҳаётий ташаббуслар, амалий ишларни кутишяпти. Бундай шароитда, албатта, қўлни қовуштириб ўтирган сиё­сий куч халқ ишончига сазовор бўлолмайди. Одамларни ташвишга солаётган муаммолар ечимини топишга астойдил ҳаракат қилаётган, ўз амалий ишлари билан жамиятга нафи тегаётган партиягина эътибор қозонади, тарафдорларини кўпайтиради.

Шу маънода Самарқанд вилоят партия ташкилоти ўз фаолиятини бугунги талаблар асосида ташкил этишга, доимий хабардорлик ва ҳамкорлик тамойили асосида ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Депутатларимиз, фаолларимиз бугун кечагидан, эртага бугунгидан кўра яхшироқ ишлашга ҳаракат қиляпти.

Вилоятда партиямизнинг 17550 нафардан ортиқ аъзоси 657 бошланғич ташкилотга бирлашган. Қуйи бўғин фаоллари мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, шу мақсадда қабул қилинган қонун ва қарорлар мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, уларнинг мустақил фикрини шакллантиришга жиддий эътибор қаратяпти. Шунингдек, қонунлар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар самарадорлиги таҳлил қилиниб, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини оширишга қаратилган тадбирлар қамрови кенгайтирилмоқда.

Шуни айтиш керакки, партия тизимида ўтказилаётган сиёсий ўқувлар бу борада ижобий самара беряпти. Уларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари мунтазам иштирок этиб, қонун ва қарорлар мазмун-моҳияти, ислоҳотлар самарасини ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб бермоқда. Шунингдек, мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ушбу жараёнларда партиямиз иштироки ҳақида мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Биламизки, партиямиз учун кучли ижтимоий сиёсат юритиш, шу орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш долзарб масала ҳисобланади. Шу боис фаолиятимизга танқидий ёндашиб, амалий ишларимизни янада кучайтиришимиз, маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари билан изчил ҳамкорликда ишлашимиз керак. Чунки депутатлар ўз сайлов округларидаги ижтимоий-иқтисодий вазият, электорат вакилларини ўйлантираётган масалалар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини яхши билишади.

Ўтган йили партия гуруҳлари йиғилишларида Ҳаракат дас­турида белгиланган 16 масала ва ҳудудларда депутатлар томонидан муҳим деб топилган яна 15 масала кўриб чиқилди. Улар асосида амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, муаммолар ҳал этилди. 2015 йилда ҳам партиямиз Ҳаракат дас­турига асосан бир қанча масалаларни ўрганишимиз, сессияларга олиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришишимиз лозим.

Ўктам САИДМУРОДОВ, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

– Партиямизнинг вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги нуфузини оширишда депутатларимизнинг фаоллиги муҳим ўрин тутиши барчага маълум. Шундан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари электорат вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббусларни кўтариб чиқишга жиддий ёндашмоқда.

2015 йилнинг ўтган даврида Ҳаракат дастурида белгиланган 6 масала, қўшимча яна 7 масала партия гуруҳлари йиғилишларида кўриб чиқилиб, тегишли доимий комиссияларда муҳокама қилиш бўйича таклифлар берилди. Шунингдек, халқ депутатлари Пай­ариқ, Пастдарғом, Тайлоқ, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан Ҳаракат дастури асосида 5 масала ўрганиб чиқилиб, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари кун тартибига киритиш учун тақдим этилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари аъзолари томонидан ўтган йили 26 депутатлик сўрови юборилиб, ижроси назорат қилинган. 2015 йилнинг ўтган даврида 37 депутатлик сўрови юборилгани ва ижроси назорат этиб борилаётгани депутатларнинг сайловчилар, электорат вакиллари олдидаги масъулият ҳисси ошаётгани, партия ташкилотлари билан ҳамкорлик кучаяётганидан далолат, десак, хато бўлмайди.

Шуни унутмаслик керакки, партия гуруҳи фаоллиги унга аъзо депутатларнинг ижтимоий-сиёсий соҳадаги билими, малакаси ҳамда ташаббускорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бугун депутатлар ваколати кенгайиб бормоқда. Аммо, афсуски, уларнинг барчаси ҳам бу имкониятлардан тўла фойдаланяпти, деб бўлмайди. Аҳолини ўйлантираётган айрим масалаларни ҳал этишда уларнинг фаоллиги сезилмаяпти. Демак, бошланғич партия ташкилотлари ишини самарали ташкил этиш, депутатларнинг ўз сайловчилари билан алоқасини янада мустаҳкамлаш лозим.

Бир сўз билан айтганда, зиммамизга давлатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини юксалтириш борасида масъулиятли вазифалар юкланган. Уларни бажариш учун биз, депутатлардан ҳар доим қатъият кўрсатиб, фидойи бўлиб меҳнат қилиш талаб этилади.

Ҳафиза АЗИМОВА, Самарқанд вилоят партия кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

– Давлат ва жамият бошқарувини демократлаштиришда хотин-қизлар иштирокини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Партиямиз Сайловолди дастурида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касаначилик асосида меҳнат қилувчи аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Жойларда «Фаол аёллар» қаноти ташаббуси билан бу йўналишда қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда хотин-қизларни ўйлантираётган масалалар чуқур ўрганилиб, депутатлар, қанот етакчилари ва ҳамкор ташкилотлар ёрдамида уларга ечим топилмоқда. Натижада кўплаб хотин-қизлар ишга жойлашди, ижтимоий нафақалар ўз вақтида олинишида амалий кўмак берилди ва кам даромадли оилаларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Битирувчи қизларга имтиёзли кредит олиш бўйича ҳам ёрдамлашиляпти. Бу йўналишдаги ишларимизни янада кучайтириш зарур, албатта.

Партия сафидаги хотин-қизлар ва ёшлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш, юксак сиё­сий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизлар ва ёшларни аниқлаш, уларни партия тизимига жалб этиш, кадрлар захирасини шакл­лантириш мақсадида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» 3 босқичли кўрик-танлови, «Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий фаоллик сари», «Қишлоқда қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муҳим жиҳати» каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Вилоятда партиямиз аъзоларининг 7381 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Партиямиз аъзоси бўлган 2443 нафар аёл маҳаллий ҳокимият бош­қаруви органларида, 1542 нафари ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотларида, 1895 нафари эса корхона-ташкилотларнинг раҳбарлари сифатида фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон ХДПдан сайланган 110 нафар маҳаллий Кенгашлар депутатларидан 38 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Электорат вакилларининг ижтимоий-сиёсий билими ва фаоллигини оширишда, уларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ижобий ҳал этишда депутатларнинг имкониятдан самарали фойдаланиш чораларини кўришимиз керак.

Зарима НОДИРОВА, Самарқанд вилоят партия кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бўлим бошлиғи:

– 2015 йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб номланиши партиямизга катта масъулият юклади. Ёши улуғ кишиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш партиямиз дастурида устувор масалалардан бири сифатида белгиланган. Шунинг учун ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан «Маҳалла – аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш», «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» лойиҳалари доирасида кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда асосий эътибор кексаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари фаоллигини оширишга қаратилмоқда.

Шу кунга қадар вилоятдаги 70 га яқин маҳаллада мазкур лойиҳалар асосида тадбирлар ўтказилди. Уларда «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, солиқ, соғлиқни сақлаш тизимлари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вакилларининг иштироки тадбирларнинг жонли, қизиқарли ва очиқ тарзда ўтишида муҳим ўрин тутмоқда. Иштихон туманидаги «Файзобод», Самарқанд шаҳридаги «Шуҳрат», Пайариқ туманидаги Алишер Навоий номли, Ургут туманидаги «Дўстлик», Булунғур туманидаги «Меҳржон» каби маҳаллаларда ўтказилган шундай тадбирларда электорат вакиллари фаол қатнашди.

Ҳозирги пайтда вилоятда 1618 киши якка-ёлғиз фуқаро сифатида рўйхатга олинган. 290 нафар Иккинчи жаҳон уруши, 5000 нафарга яқин фронт орти қатнашчилари, 303 минг нафар пенсионер истиқомат қилмоқда. Ўтказилаётган тадбирлар, учрашувлар ва давра суҳбатларида Президентимизнинг «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касбий реабилитация қилиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларининг мазмун-моҳияти ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бериляпти.

Аммо шуни ҳам айтиш керакки, тадбирлар фақат маърузалар, мутахассислар фикр-мулоҳазалари асосида ўтмаслиги керак. Буни иштирокчилар ҳам қайд этишмоқда. Бугун аудиторияни умумий мавзулардан кўра, уларнинг кундалик ҳаётига яқин мавзулар кўпроқ қизиқтиради. Давра суҳбатлари, сиёсий ўқувларда электорат манфаатига оид масалаларни батафсил муҳокама этиш, бу борада партиямиз аъзоларидан кўпроқ таклифлар олиш тадбирлар самарасини оширишга хизмат қилади.

Мамашариф НЕЪМАТОВ, Булунғур туман партия кенгаши раиси ўринбосари, ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси:

– Бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимидаги ҳар бир тузилма фаолияти, энг аввало, сайловчилар ва электорат манфаатлари ҳимоясига қаратилган. Буни Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг таҳлили мисолида ҳам кўриш мумкин. Мурожаатлар асосида жойлардаги масалалар ўрганилиб, ЎзХДП гуруҳлари, ҳамкор ташкилотлар ва давлат идоралари орқали ҳал этилаётгани натижасида Жамоатчилик қабулхоналарига одамлар ишончи тобора ошмоқда.

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида 17 Жамоатчилик қабулхонаси фаолият юритмоқда. 2015 йилнинг март ойигача халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари аъзолари Жамоатчилик қабулхоналарига тўлиқ бириктирилди.

Ўтган йили Булунғур туман партия кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига 50 га яқин мурожаат тушган бўлса, жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида 23 нафар киши турли масалаларда мурожаат этди. Уларнинг асосий қисми коммунал, иш билан таъминлаш, ижтимоий ва соғлиқни сақлаш, халқ таълими соҳалари ҳамда банкдан кредит олиш масалалари билан боғлиқдир.

Албатта, ҳаёт муаммосиз бўлмайди, орамизда алоҳида эътиборга муҳтож кишилар бор. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган инсонлар, кам таъминланган кишилар муҳофаза қилиниши, қўллаб-қувватланиши керак. Жамоатчилик қабулхоналарига умид билан келган кишиларнинг мурожаатини беэътибор қолдириб бўлмайди.

Мурожаатлар асосида яқинда туманимиздаги «Янги қўрғон» маҳалласида истиқомат қилувчи Қўзибой Жияновнинг хонадонига алоқа тармоғи ўрнатилиб, рақамли телевидениега уланди. «Оқтош» маҳалласида яшовчи пенсионер Сапура Бўкановага касаба уюшмаси туман Кенгашидан «Қашқадарё соҳили» санаториясига йўлланма олишда ёрдам кўрсатилди.

Мурожаатларни ҳал қилиш бўйича мутасадди корхона-ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Шунингдек, мурожаатларда кўтарилган масалаларни атрофлича ўрганишда депутатлар ҳамда турли соҳа вакиллари кенг жалб этилмоқда. Бу электоратни ўйлантираётган масалалар ўз вақтида ижобий ҳал этилишида муҳим омил бўлмоқда.

 

Махсус саҳифани ўз мухбирларимиз

Абдурасул САТТОРОВ ва

Гулруҳ ОДАШБОЕВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.