07.07.2015

Ўзбекистон – Ҳиндистон: ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги имкониятлари

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди 6 июль куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. 

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар юксак даражага кўтарилгани ва ўзаро ҳамкорлик халқларимизнинг кўп асрлик дўстона алоқаларига асосланиши билан ажралиб туради. 

Ўзбекистонда Ҳиндистонни бой тарих ва ўзига хос маданиятга эга мамлакат сифатида азалдан яхши билади. Халқимизни ушбу мамлакат билан қадимий маданий ва савдо-иқтисодий алоқалар, энг муҳими, самимий дўстлик ришталари боғлаб туради. 

Ўзбек ва ҳинд халқлари ҳамкорлигининг тарихи, адабиёти, мусиқаси, тасвирий санъати ва меъморчилиги, уларнинг бир-бирини бойитиши кўп жиҳатдан буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқдир. 

Ҳиндистон Республикаси Бош вазири расмий ташрифининг асосий тадбирлари Кўксаройда бўлиб ўтди. 

Олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ислом Каримов ва Нарендра Моди тор доирада музокара ўтказди. 

– Сизнинг Ўзбекистонга ушбу дастлабки расмий ташрифингизни мамлакатларимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида азалдан қарор топган дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда янги босқич, деб биламиз, – деди Ислом Каримов. 

Нарендра Моди Ўзбекистон Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги энг ишончли ва муҳим шерикларидан бири ва мазкур ташриф ўзаро муносабатларни янада фаоллаштириш ва янги босқичга кўтариш учун яхши имконият эканини таъкидлади. 

Томонлар дунёда вазият шиддат билан ўзгариб бораётгани, қарама-қаршиликлар, кескинлик, глобал ва минтақавий геосиёсий рақобат авж олаётгани, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора кенг тарқалаётганини ва ушбу таҳдидлар Марказий Осиё минтақасига бевосита ёки билвосита таъсир ўтказаётгани инобатга олинадиган бўлса, бугунги музокараларнинг долзарблиги янада муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. 

Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини атрофлича таҳлил қилиш энг долзарб масалалардан бири бўлиб, Ислом Каримов ва Нарендра Моди музокараларни айнан шу масалаларни муҳокама этишдан бошлади. Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларини фойдаланилмаган имкониятларни амалга ошириш, сиёсий, иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш орқали янги босқичга кўтаришга доир фикр алмашилди. 

Икки мамлакатни бирдай ташвишга солаётган минтақавий ва халқаро долзарб муаммолар ҳам батафсил муҳокама этилди. Хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашиниб, бу муаммони ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Бу борада Афғонистонга иқтисодий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий, инфратузилмавий ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли бандлиги муаммоси, қашшоқлик ва ҳуқуқсизликка қарши курашиш бўйича долзарб вазифаларни ҳал этишга катта эътибор қаратиш, Афғонистон халқининг кўп асрлик анъана, урф-одат ва қадриятларини ҳурмат қилиш зарурлиги қайд этилди. 

Ушбу жафокаш мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатиш минтақамиз халқларининг манфаатларига мос келиши, кўплаб умумминтақавий мақсад ва вазифаларга эришишнинг муҳим омилларидан экани таъкидланди. 

Иқтисодий нуқтаи назардан Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш нафақат минтақавий ҳамкорликни кенгайтиради ва мустаҳкамлайди, айни чоғда Ҳиндистон ва Марказий Осиё бозорлари ўртасидаги масофани қисқартирадиган иқтисодий фойдали йўналишларни очиб бериш ва ривожлантиришга хизмат қилади. 

Муҳим минтақавий ва глобал масалаларни ҳал этишда ёндашувларнинг бир-бирига мос келиши ва ўхшашлиги томонларнинг халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорлигининг ишончли асоси экани қайд этилди. 

Мамлакатларимиз БМТ Бош ассамблеяси саммитларида бир-бирининг ташаббусларини, БМТнинг турли органларига номзодларини қўллаб-қувватлаб, бошқа халқаро ва минтақавий тузилмаларда ўзаро фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқалар ҳам йўлга қўйилган. Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик доирасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиб келинмоқда. 

Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, аввало, 2011 йилнинг май ойида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнот кенг кўламли йўналишлар, жумладан, ҳар икки томон учун манфаатли бўлган сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада фаоллаштириш борасида кенг имкониятлар очиб бериши таъкидланди. 

Ислом Каримов ва Нарендра Моди музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари музокараларнинг асосий мавзуси бўлди. 

Савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик масалалари Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисларида мунтазам муҳокама қилинмоқда. Ислом Каримов ва Нарендра Моди мазкур комиссия ўзаро манфаатли барча йўналишларда олий даражадаги келишувларни амалга оширишнинг самарали механизмига айланиши лозимлигини таъкидладилар. 

Томонлар ҳар икки мамлакатнинг давлат тузилмалари ва хусусий бизнес вакиллари товар ҳамда хизматлар етказиб беришни янада кўпайтириш ва диверсификация қилиш, иқтисодиётнинг ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, фармацевтика, биотехнология, енгил ва кимё саноати каби юқори технологияли тармоқларида ўзаро манфаатли қўшма корхоналар ташкил этиш, шунингдек, углеводород конларини қидириш ва қазиб олишдан манфаатдор эканини қайд этдилар. 

Айни пайтда Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокида 82 корхона ташкил этилган, ушбу мамлакатнинг 22 фирма ва компаниялари ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. 

Ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсиб бораётганига қарамасдан (сўнгги тўрт йилда 2 баробар), Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми мамлакатларимизнинг иқтисодий салоҳияти даражасида эмас. 2014 йилда бу кўрсаткич 21,2 фоиз ўсиб, 315,9 миллион АҚШ долларига етди. Томонлар иқтисодий муносабатлар стратегик шерикликнинг асоси эканидан келиб чиқиб, товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва маҳсулот турларини диверсификация қилишга, жумладан, савдо ярмаркалари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали бизнес вакилларининг бевосита алоқаларини фаоллаштиришга келишдилар. 

Ҳиндистон бизнес вакиллари Навоий шаҳри аэропортидаги трансконтинентал интермодал логистика маркази имкониятларига алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Айни пайтда ушбу халқаро марказдан дунёнинг бир қатор етакчи мамлакатларига, жумладан, Ҳиндистоннинг Деҳли ва Мумбай каби саноат марказларига мунтазам рейслар амалга оширилмоқда. Шунингдек, «Жиззах», «Ангрен» махсус индустриал зоналари ҳам ҳиндистонлик ишбилармонлар эътиборини тортмоқда. 

Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор йўналиш ҳисобланади. «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида «Минда» ва «Олив Телекомьюникейшн» компаниялари билан биргаликда амалга оширилаётган муваффақиятли ҳамкорлик бунга мисол бўла олади. 

«Новафарм», «Браво Фарм», «Ультра Хелс Кеар» ва «Гуфик Авиценна» қўшма корхоналари фармацевтика соҳасида фаолият кўрсатаётир. 

Ўзбекистон тайёр саноат маҳсулотлари, хусусан, талаб юқори бўлган кимёвий товарлар, замонавий ва юқори самарали дори-дармонлар, шунингдек, янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга юқори технологияли компанияларни жалб этишдан манфаатдор. 

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона каби шаҳарларда ҳиндистонлик шифокорлар кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, нефрология, онкология, гепатология, ортопедия ва бошқа йўналишларда доимий тиббий кўриклар ўтказмоқда, беморларга зарур маслаҳатлар бермоқда. Тиббиёт ходимлари икки мамлакат клиникаларида ўзаро тажриба алмашмоқда. 

Ҳаво транспорти соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим йўналишлардандир. Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Тошкентдан Деҳли ва Амритсар шаҳарларига мунтазам қатновларни амалга оширмоқда. 

Маданий-гуманитар алоқалар ҳам фаол ривожланмоқда. 1993 йилдан буён Ҳиндистон техник-иқтисодий кўмаклашиш дастури доирасида мингдан зиёд Ўзбекистон мутахассислари ушбу мамлакатда ахборот технологиялари, инглиз тили, банк иши, кичик бизнес, менежмент, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишлар бўйича малака оширди. 

Тошкент давлат шарқшунослик институтида ҳинд тили ўқитилмоқда. 2008 йилдан буён мазкур институтда Махатма Ганди номидаги ҳиндшунослик маркази фаолият юритмоқда. 

Деҳли шаҳридаги Жамия Миллия университетида ўзбек тили ўқитилмоқда. 

Бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасалари Ҳиндистоннинг ўндан ортиқ университет ва илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг қатор институтлари Деҳли, Мумбай, Пуна шаҳарларидаги илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. 

Ҳиндистон санъаткорлари «Шарқ тароналари» халқаро фестивалида мунтазам иштирок этиб келмоқда. 2013 йилги халқаро анжуманда ҳиндистонлик хонанда Рашми Агарвал Гран-прини қўлга киритган. 

Мамлакатларимиз спортчилари Ўзбекистон ва Ҳиндистонда ўтказилаётган турли мусобақаларда фаол иштирок этиб келмоқда. Ҳиндистонда ўзбек миллий кураши ассоциацияси фаолият юритмоқда. 

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикасининг Қўшма баёноти қабул қилинди. Туризм, ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар, маданият соҳасида 2015-2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди. 

Ислом Каримов ва Нарендра Моди оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳар томонлама муҳокама қилинганини, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилганини таъкидладилар. Кўрилган барча масалалар бўйича позиция, қараш ва ёндашувлар яқин ёки ўхшаш экани қайд этилди. 

Ўзбекистон ва Ҳиндистонда халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик тарихий, маданий ришталар билан боғланган муносабатлар юксак қадрланади. Ушбу ташриф давомида имзоланган Қўшма баёнот ҳамда ҳукуматлараро ва идоралараро қатор муҳим ҳужжатлар турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имконият очади. 

Томонлар Ҳиндистон Бош вазирининг ташрифи, олий даражадаги мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига кучли суръат бағишлашига ишонч билдирдилар. Ташриф ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олган ва узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик шериклик алоқаларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. 

Ҳиндистон Республикаси Бош вазирининг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда. 

Анвар Самадов, ЎзА


DB query error.
Please try later.