07.07.2015

ПАРЛАМЕНТ ЭШИТУВИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА

Ҳозирги кунда бутун дунёда аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни ишга жойлаштиришга долзарб масала сифатида қаралмоқда. Мамла­катимизда бу борада алоҳида дастур қабул қилиниб, ижроси қатъий назоратга олинган.

Касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшлар ўзлари амалиётни ўтаган корхона ёки ташкилотга уч томонлама шартнома асосида ишга жойлашмоқда. Аммо айрим ҳолларда коллеж битирувчилари билан тузилаётган уч томонлама шартномалар бажарилмаётгани ота-оналарни ташвишга солмоқда.

Ота-оналарнинг айтишича, уч томонлама шартномани имзолаган баъзи корхона-ташкилотлар бўш ўрин йўқлиги, шартнома тузиш вақтида бўш бўлган жойга яқинда одам олинганини маълум қилишар экан.

Хўш, қўл қўйиб, муҳр босилган шартнома бир кун келиб бажарилмай қолишига нима сабаб бўлмоқда, бандлик дастури ижросини изчил йўлга қўйиш учун қайси масалаларга эътиборни кучайтириш зарур?

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида ўтказилган семинар тренингда шу каби саволларга ҳам жавоб изланди, уларнинг ечими юзасидан таклифлар билдирилди. Семинар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг режасига асосан жорий йилнинг 3-чорагида ўтказиладиган «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ишларининг аҳволи ва унинг самарасини ошириш истиқболлари» тўғрисидаги парламент эшитувига тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ­раиси ўринбосари ­Улуғбек Вафоев партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, аҳоли ижтимоий муҳофазасини таъминлашда фракция ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари салоҳиятидан унумли фойдаланиш кераклигига эътибор қаратди.

— Бугун биз ҳар бир айтилаётган таклифни пухта ўйлаб, таҳлил қилган ҳолда амалиётга татбиқ этсак, бандлик масаласидаги муаммолар ечим топиши шубҳасиз, — деди у. — Бунинг учун, аввало, ҳудудлар ва иқтисодий тармоқларнинг иш ўринларини яратиш бўйича имкониятларидан келиб чиқиб, бандликнинг самарали шаклларини ривожлантириш лозим. Шунингдек, демографик ва меҳнат бозори омилларини ҳисобга олиш зарур. Белгиланган дастур ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, маҳаллий вакиллик органларида депутатлик назоратини изчил олиб бориш, меҳнат қонунчилиги талабларини кенг тушунтириш йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.

— Яқинда республикамизнинг барча ҳудудларида фракциямиз аъзолари томонидан 300 га яқин учрашув ўтказилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракция­си аъзоси Ёқуб Умаров. — Уларда 36 мингдан зиёд сайловчи билан учрашдик. Суҳбатлар давомида аҳолини ўйлантираётган масалалар ва мавжуд таклифлар билан танишдик. 1300 дан ортиқ турли мазмундаги саволлар ўртага ташланди. Аксарияти ўз жо­йида ечим топди. Фракциямиз бандлик дастури ижроси ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратди. Бандлик юзасидан ўртага ташланган масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, уларни парламент эшитувига тайёрлаш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда.

— Партиямизнинг Ҳаракат дастурида ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини битирган ёшларни ишга жойлаштириш учун қўшимча шароитлар ва имкониятлар яратишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб қўйилган, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод ­Юсупов. — Сўнгги йилларда коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди. Жумладан, уларни синов муддатисиз ишга қабул қилиш тўғрисидаги меъёр жорий қилинди, халқаро амалиётга мувофиқ ишга жойлаштириш бўйича нодавлат ташкилотларнинг хизматларига ҳуқуқий мақом берилди. Ҳудудий дастурларни мониторинг қилиш, битирувчиларни ихтисослиги ва таълим йўналиши бўйича ишга жойлаштириш шартлари белгиланди. Албатта, ушбу қонуний меъёрларни ҳаётга изчил татбиқ этишда Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партия гуруҳлари ва фаоллари ўзаро ҳамкорликда иш юритиши талаб этилади.

Парламент томонидан қабул қилинган «2015 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури» ижроси юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи, маълум идора ва ташкилотларнинг комплекс чора-тадбирларни амалга ошириши каби масалаларда айрим муаммолар кузатилаётганини кўрсатмоқда.

Жумладан, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, йигит-қизларни эгаллаган мутахассисликларини ҳисобга олган ҳолда, ишга жойлаштириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, буни, айниқса, қишлоқ жойларда ривожлантириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, семинарда битирувчиларнинг касбий маҳорати замон талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги, ёшларнинг ўз мутахассислиги бўйича ишлаб кетишига касбий малака етишмаслиги сабаб бўлаётгани ҳам айтиб ўтилди.

Коллежлар томонидан расмий тақдим этилаётган материаллар ва маълумотномаларда нохолис ахборотларни акс эттириш ҳоллари учраб турибди. Ушбу ҳолат статистика маълумотларини шакллантириш, вазиятни тўғри таҳлил қилишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Айрим касб-ҳунар коллежларида битирувчиларга дипломларини беришдан олдин улардан ишга жойлашгани тўғрисида маълумот олиб келиб топшириш талаб қилинмоқда. Яъни, битирувчиларни ишга жойлаштириш масаласи уларнинг ўзларига ташлаб қўйилмоқда. Бундай салбий ҳолатлар ёшлар ишга жойлашгани тўғрисида нотўғри маълумотлар шаклланишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Семинарда 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросидаги ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.

Парламент эшитувига тайёргарлик кўриш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.