Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.07.2015

БИЗ БАХТЛИ МАМЛАКАТДА ЯШАЙМИЗ

Болалари бахтли мамлакатнинг истиқболи нурафшон бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон дунёнинг энг бахтиёр мамлакатларидан биридир.

Буни биз — педагог ва мураббийлар ҳаммадан яхшироқ биламиз, ҳис этамиз, десам хато бўлмайди. Боиси, Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларда бевосита иштирок этаётганимиз учун унинг кўламини ҳам, аҳамиятини ҳам бошқалардан кўра, теранроқ англаймиз. Давлатимиз раҳбари томонидан болалар спортини ривожлантириш борасида кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик юксак самаралар бераётир. Буни амалий фаолиятим давомида кўриб турибман.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини битирганимдан сўнг қишлоғимиздаги 11-умумтаълим мактабида иш бошладим. 90-йиллар бошида қишлоқ мактаблари қандай аҳволда бўлгани, собиқ тузумдан қандай оғир мерос қолгани, жисмоний тарбия дарсига муносабат қандай бўлганию, ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишига қай даражада эътибор қаратилганини (аниқроғи, умуман эътибор қилинмаганини) яхши биламан. Ўша вақтларда теварак-атрофимиздаги қишлоқ мактабларининг бирортасида рисоладагидек спорт иншооти йўқ эди. Қишлоқ у ёқда турсин, бутун тумандан спортнинг бирор тури бўйича мамлакат миқёсидаги мусобақада иштирок этиш оламшумул воқеа ҳисобланарди. Қитъа, жаҳон чемпионати, Олимпия ўйинларида қатнашиш, совриндор бўлишни-ку, орзу ҳам қилиб бўлмас эди. 

Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг илк йилларидан дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни воя­га етказиш, уларнинг ўз истеъдод ва имкониятини намоён этиши, бинобарин, ғурур ва ифтихор билан бошини баланд тутиши учун яратилаётган шароитларни кўриш, бунинг натижасида юксак марраларга эришаётганимизни билиш учун ўқитувчи ёки мураббий бўлиш шарт эмас, деб ўйлайман. Ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашдаги давлат дастурларининг муваффақиятли амалга оширилиши натижасида фарзандларимиз илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳасида илгари тасаввур қилиш қийин бўлган ютуқларни қўлга киритмоқда. Энг муҳими, буни ўзимиз кўриб, билиб турибмиз, дунё ҳамжамияти тан олаётир, эътироф этмоқда.

Ўзбекистон Болалар спо­р­тини ривожлантириш жам­ғармаси ташкил этилган 2003 йилдан буён нафақат шаҳар ва туман марказларида, балки олис  қишлоқларда ҳам замонавий ва муҳташам спорт иншоотлари қад ростлади, зарур анжомлар билан жиҳозланди, малакали мураббий кадрлар билан таъминланди. Бу қишлоқ ёшларининг ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиши, мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишига замин яратди. Қишлоғимиздаги 11-умумтаълим мактабида ҳам замонавий спорт зали барпо этилди. Айни пайтда мактаб ўқувчилари турли мусобақаларда сов­риндорлар сафидан жой олмоқда.

Қишлоғимиз болалари йил давомида ўзи қизиққан спорт тури тўгарагига қатнайди. Қишлоғимиздаги ўқувчиларнинг 30 фоизга яқини спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг деярли ярми қизлар экани янада қувонарлидир.

Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби иқтидорли болаларни тарбиялаш, вилоят терма жамоалари учун малакали спортчилар етказиб беришда услубий-амалий марказ вазифасини ўтаётир. Бу ерда спортнинг 9 тури бўйича 347 ўқувчи тарбияланмоқда. Уларнинг 12 нафари вилоят, 4 нафари мамлакат терма жамоалари аъзоси. Дзюдочи Шоҳиста Анорбоева ўтган йили Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритди.

Фаолиятимиз болаларни фақат мусобақаларга тайёрлашдан иборат эмас, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун спортни уларнинг кундалик ҳаёт тарзига айлантириш, спортнинг оммавийлигини таъминлашга ҳисса қўшишдир. Мактабларда жисмоний тарбия дарслари ўқитилишини янада яхшилаш, ўқувчилар ўртасида мусобақалар ташкил этишга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг болалар спортини ривожлантиришда соҳани малакали мураббийлар билан таъминлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратаётган эътиборини алоҳида таъкидлаш керак. Қишлоқ мактабларида ишлайдиган хотин-қиз мураббиялар учун устама ҳақ тўлашнинг жорий этилиши қизларни спортга жалб этишдаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.

Бу йил туманда болалар спортини ривожлантириш бўйича яна бир катта иш амалга оширилаётир. Туманда болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг янги биноси қурилиши бошланди. Ушбу спорт мажмуаси таркибида замонавий футбол стадиони, ёпиқ сув ҳавзаси, волейбол ва баскетбол майдончалари, гимнастика зали ва бошқа иншоотлар бўлади.

Спорт — соғлом турмуш тарзи, маънавий камолот, демакдир.  Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган  эзгу мақсад ҳам айнан шу, яъни Ўзбекистонни бахтиёр инсонлар мамлакатига айлантиришдир.

 

Абдумутал ҲУСАНОВ,

Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

(ЎзА)



DB query error.
Please try later.