04.07.2015

ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН УЧРАШУВЛАР

қашқадарёликларни янги марралар, буюк бунёдкорликлар сари руҳлантирмоқда

Ҳисор тизма тоғларининг қор босиб ётган чўққиларидан сув ичадиган Ғузор тумани даштларидан ўтгач, ям-яшил дарахтлар ғуч ўсган зангори кенгликларга етиб келинади. Бу – қадимий ва навқирон Қарши шаҳри.

Қаршига кириб келганимизда, тонг энди ота бошлаган эди. Айланма йўл орқали тўғри қадимий кўприк олдида тўхтадик. Тарихий манбаларда бу кўприкни буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур қурдиргани битиб қолдирилган. Шу жойда Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ғайрат Убойдуллаевни учратдик.

— Бугун биз қашқадарёликларнинг қалбимиз фахр-ифтихорга тўла, — дейди у ҳаяжонини яширмай. – Юртбошимиз ҳар гал вилоятимизга келганида меҳрли гаплар билан кўнглимизни кўтаради, янги ташаббусларга бизни руҳлантиради, янги-янги таклифларни билдиради. Бу гал ҳам шундай бўлди. Тўғрисини айтсам, шаҳримизни обод қилиш давлатимиз раҳбари вилоятда ишлаган кезларида бошланган. Қаршининг қутлуғ 2700 йиллик тўйи муносабати билан олиб борилган қурилишлар режасини ҳам у киши тузиб берган. Масалан, болалар боғи ҳудудидаги эски бозор кўчирилди. Натижада истироҳат боғи кенгайди. Ёки Президентимизнинг Қарши шаҳрини қайта қуриш ва ободонлаштириш бўйича қарорида шаҳарга оқар сув келтириш масалалари қамраб олинган эди. Натижада ҳозир Бешкент ариғидан оқаётган сув 6 маҳалла ерларини қондиряпти. Чап қирғоқ, айрим каналларидан ҳам шаҳарга сув оқиб келяпти. Бу – боғлар, дарахтзорлар яшнайди, ҳовлиларда ноз неъмат етиштириш кўпаяди, дегани.

Бошқармамизнинг ўзига тегишли боғлар 125 гектардан, яшил майдонлар 80 гектардан ортиқ. Айрим ҳисобларга кўра, шаҳарда 7,5 мингдан зиёд турфа дарахт ўсмоқда. Бу йилнинг ўзида 33 минг дона дарахт ва гул кўчатлари ўтқаздик. Режага кўра, шаҳарда 16 та янги майдон ва хиёбон барпо этилмоқда. Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида шаҳардаги улкан қурилишларни кўздан кечириб, амалий маслаҳатлар берди. Узоққа бормайлик, мана шу тарихий кўприк атрофида ҳам ўзига хос дам олиш маскани вужудга келади.

Қурилишлар билан танишиб бўлгач, «Нуроний» жамғармаси вилоят Кенгаши раҳбари, ЎзХДПдан вилоят кенгаши депутати Январ Иноятов ҳузурига бордик.

— Одамлар қалбидаги қувонч сабабини англаса бўлади, — дейди Январ Иноятов кайвониларга хос вазминлик билан. — Чунки хал­қимизнинг бахтли ҳаёти, шу жумладан, Қашқадарё воҳасининг тараққиёти, Қарши, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларнинг кун сайин обод бўлаётгани мамлакатимиз раҳбарининг эътибори маҳсули эканини қашқадарёликлар яхши билади. Президентимиз Қарши шаҳридаги бунёдкорликлар билан танишгач, янги йўл-йўриқлар берди. Сўнгра Касби туманидаги «Камол Султон» фермер хўжалиги дала шийпонида дилдан суҳбат бўлиб ўтди.

Раҳбаримиз бугун Ўзбекистон дунёда жадал ривожланаётган 5 давлатдан биттаси эканини айтганида, қалбимиз ифтихорга тўлди. «Ким эдигу — ким бўлдик?», — деган савол қўйилганда, мен Деҳқонобод тумани раҳбари бўлган кезларимни эсладим. Эсимда, вилоятга раҳбарлик қилаётган Ислом ­Абдуғаниевич четдан келган бир меҳмонни олиб бордилар. Туман иқтисодий ночорлик ботқоғига ботган, ўзини-ўзи таъминлай олмас эди. Агар 50 та шифер топсак, олиб боришга транспорт излаб қолардик. Ўшанда раҳбаримиз узоқни кўрсатиб, «Бу тоғларни гўё одам тиклаганга ўхшайди. Аммо уларга инсон қўли тегмаган. Мен ишонаман бу тоғлар ўз хазинасини очади», деган эди. Мен учрашувда ана шуларни хотирлаб, айтиб бердим. Шукрки, бошқа туманлар қатори Деҳқонобод ҳам бугун саноати ривожланаётган, обод масканлардан бирига айланмоқда. Президентимизнинг истиқлол байрами арафасида вилоятимизга ташрифи, берган маслаҳатлари бизни янада улуғ бун­ёдкорликларга даъват этади.

— Касби туманидаги учрашувда мен ҳам қатнашдим, — дейди Ғузор туманидаги «Зарбдор» ҚФЙ раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Раъно Жон­қувватова. — Ўзим олий маълумотли агрономман. Собиқ иттифоқ замонида пахтачилик бригадири эдим. Ўттиз ёшимда халқ депутати сифатида Мос­квага сессияга борган эдик. Ислом Абдуғаниевич вилоятдан сайланган депутатларни Арбат кўчасига сайрга олиб чиқдилар. Аёллар атлас кўйлакларини кийиб олишган эди. Шу жалб қилдими, бир гуруҳ ёшлар бизни ўраб олди. Танишсак , ўзимизнинг Фарғона воҳасидан ўқишга келган ёшлар экан. Улар «Юртимизнинг келажаги қандай бўлади?», деб савол беришди. Шунда раҳбаримиз «Юртимизнинг келажагини ўз қўлимиз билан барпо этамиз», деган эдилар ишонч билан.

Мен истиқлол ҳақидаги Президентимизнинг фикрларини ўшанда эшитган эдим. Қувончлиси, улуғ орзуларимизнинг рўёбини ўз кўзим билан кўрдим. Яратганга шукр. Мен ана шулар ҳақида гапирганимда, мамлакатимиз раҳбари: «Ҳа, ўша учрашув эсимда турибди. Ўзингиз яхшимисиз, болаларингизга салом айтинг, тўйга қачон йўқлайсиз», деб сўради. Бу инсоний сўзларни эшитиб, қаттиқ ҳаяжонландим, қувониб кетдим. «Невараларимнинг тўйига айтаман. Халқимиз бахтига омон бўлинг», дея олдим, холос. 

Юртбошимизнинг жамиятда аёлларнинг ўрни, уларга ғамхўрлик ҳақидаги сўзларидан сўнг, кўзларимга ёш келди. Ахир, мен ҳам бахт­ли аёлман-ку. Истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб қишлоқ фуқаролар йиғинига раҳбарлик қилиб келаман. 2013 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирландим. Одамлар ишонч билдириб, вилоят Кенгаши депутатлигига сайлашди.

Учрашувдан қалбим янги-янги орзуларга тўлиб қайтди. У кишининг сўзлари, ўгитларини сайловчиларимга, қишлоқдошларимга етказаман.

Касби туманидаги «Камол Султон» фермер хўжалиги даласида бугун иш қизғин. Бошоқлари донга тўла ғаллазор майин шамол эпкинида оҳиста чайқалади, бир томонда комбайн ишлаяпти. Фермер хўжалиги раҳбари, ЎзХДП аъзоси Шомурод Султонов асли агроном, ҳозир 56 ёшда. У 2002 йилда 38 гектар ер олиб иш бошлагани, ҳозир жами майдон 170 гектарга етгани, 44 бош зотли моли, 70 бош қўйи, 4 бош йилқиси борлиги ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилади.

— Давлатимиз раҳбари шу жойларнинг эгаси гапирсин-да, деганларида роса ҳаяжонландим, — дейди Шомурод Султонов кенгликларга хаёлчан боқаркан. — У киши қийинчиликлар, муаммолар ҳақида сўрадилар. Тўғриси, бироз ўйланиб қолдим. Нима қийинчилик бор?.. Фермер хўжалигимизда 32 киши ишлаётган бўлса, ҳар бирининг даромади ойига бир миллион сўмдан кам эмас. Ўтган йили 5 киши Чиноздаги санаторийга бориб даволаниб келди. Пахта ва ғалладан юқори ҳосил олаяпмиз. Эсимда, 1960 йилларда латта жилд­га китоб-дафтар солиб мактабга борардик. Бугун ёшларга қандай мактаблар, коллежлар, олий таълим даргоҳлари яратиб берилган. Катта ўғлим Ойбекжон молия инс­титутини битиряпти, Улуғбекжон Сингапур инс­титутининг Тошкентдаги филиалида таълим ­олаяпти. Фарзандларимга иккита намунали уй олиб бердим.

Президентимиз ташрифи билан даламиз, қалбимиз нурга тўлди. Насиб этса, бу йил ишларимиз янада баракали бўлади...

Қамаши туманига, Қашқадарё соҳилидаги далага ва оппоқ рангга бўялган дарахтзорлар бағридаги шийпонга етиб келганимда, кун ёнбошлай бошлаган эди. Бу — «Бозор ўғли Абди» фермер хўжалигининг даласи, 200 гектардан ошиқ. Ўтган йили шартномадаги 124 тонна ўрнига 246 тонна дон етказиб беришган эди. Бу йил ҳам режани ошиғи билан уддалашибди. Яна 65 гектар майдонда ғўза дуркун ўсаяпти.

— Нима ҳақда гапирдингиз дейсизми? — қайта сўрайди фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қахрамони Абдумурод Бозоров шовуллаб оқаётган дарё томонга боққанча. — Шўро даврида шунча ишлаб қадр топмаганимизни гапирдим. Раҳбаримизнинг ноҳақ қамалганлар оқланишига ёрдамлашгани, одамлар оилалари бағрига қайтганини эсладим. Мустақиллик туфайли ер эгаси бўлганимизни, одамларда ерга ҳам, меҳнатга ҳам муносабат ўзгарганини айтдим.

Биласизми, ана шу даламизда Ислом Абдуғаниевич бир неча бор бўлганлар. Бу сафар янги пахта навларини яратиш ҳақида гапирдилар. Айниқса, у кишининг ёшларни муносиб ўринбосарлар қилиб тарбиялаш ҳақидаги фикрлари мени ҳаяжонга солди. Шукрки, ўғилларим — Бекзод ва Шерзод олий маълумотли агроном ва чорва мутахассиси, Бахтиёржон механизатор, Дилшоджон ҳосилот. Вақти келиб, улар қўлимдан ишимни олишади, халқимизга астойдил хизмат қилишади. Юртбошимиз зиммамизга қутлуғ вазифаларни юкладилар. У кишининг ҳар бир гапи бизга тенгсиз руҳ, жасорат ва ғайрат бағишлайди. Буни ҳар бир қашқадарёлик юракдан ҳис этмоқда.

Дарҳақиқат, Юртбошимизнинг воҳага ташрифи меҳнаткаш, бир сўзли қашқа­дарё­ликларни янада улкан мақсадлар ва баланд марраларга чорлади.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.