04.07.2015

МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН МАНФААТИ ТУРАДИ

Халқ депутатлари Жиззах туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижросини ўрганиб чиқди

Ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш мақсадида давлат органлари, мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиш фуқароларнинг устувор ҳуқуқларидан ҳисобланади.

Ҳеч ким бесабаб бирон идоранинг эшигини тақиллатиб келмайди.  Фуқаро бирон ташкилотга мурожаат этибдими, демак, уни нимадир ўй­лантираётган, қандайдир масала безовта қилаётган бўлади. Шунинг учун фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида ҳурмат ва масъулият билан ёндашиш давлат идоралари, корхона-ташкилотларнинг қонуний мажбурияти ҳисобланади.

Аҳоли мурожаатларини қабул қилиш, уларда кўтарилган масалалар ечимига эътибор қаратиш бўйича ташкилот ва корхоналар раҳбарларининг масъулиятини кучайтириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада тегишли қонунлар қабул қилиниб, мавжуд қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, фуқароларнинг мурожаат ҳуқуқини кафолатлашга эътибор қаратилмоқда.

2014 йил декабрь ­ойида қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун фикримиз тасдиғидир. Мазкур қонунда мурожаатларни қабул қи­лиш ва кўриб чиқиш ­кафолатлари, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахс­ларнинг ҳу­қуқ­­лари ҳамда давлат органларининг мажбуриятлари бел­­гилаб қўйилган.

Хўш, бугун бу қонун қай даражада амалга татбиқ этилмоқда? Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахс­лар, корхона-ташкилотларнинг раҳбарлари фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқишда қонунда белгиланган меъёрларга тўлиқ риоя қилишяптими?

Ҳар бир ташкилот, мутасадди раҳбар ушбу саволлар ҳа­қида яна бир бор жиддий ўйлаб кўрмоғи, қонун талабларидан келиб чиқиб, зарур чораларни белгилаб олмоғи талаб этилади. Бугун фуқаро мурожаатига «ҳа, кимдир ёзибди, қўйибди-да», «бошқа муҳимроқ ишлар бор, кейинроқ бу масала ҳақида ўйлаб кўрармиз» ёки «озроқ вақт ўтсин, ҳаммаси тинчиб кетади», деган ўй билан иш тутиб бўлмайди. Чунки одамлар қонуний ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, мурожаатдан натижа чиқмаса, юқори турувчи ташкилотга ёки ўзи сайлаган депутатга мурожаат қилади.

Халқ депутатлари Жиззах туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи яқинда туман «Сувоқава» корхонаси фаолияти мисолида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижросини ўрганди. Афсуски, натижалар қувонарли эмас. Ишчи гуруҳининг хулосаларига кўра, корхона томонидан аҳоли мурожаатларини қабул қилиш, уларга жавоб бериш, кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этишда камчиликларга йўл қўйилган.

Маълумотларга таянадиган бўлсак, Жиззах туман «Сув­оқава» корхонасида аҳоли ва ташкилотлардан тушадиган ариза ва хатларни рўйхатга олиш дафтарида жорий йил 14 апрелга қадар 14 та мурожаат қайд этилган. Лекин уларнинг ҳеч бирига жавоб қайтарилмаган.

Фуқаролардан қатор масалаларда мурожаатлар тушган. Хусусан, жорий йил 11 март куни Жиззах вилоят ҳокимлигига Жиззах туманидаги Аришли қишлоғи Қангли маҳалласида яшовчи фуқаролар ичимлик суви масаласида мурожаат этган. Ушбу мурожаат ижро учун туман «Сув­оқава» корхонасига юборилган. Аммо хатга жавоб берилмаган.

Шу ойда вилоят «Сувоқава» корхонаси раҳбарига тушган мурожаатда Жиззах тумани Равот қишлоғида яшовчи фуқаролар томонидан 47 оила фойдаланиб келаётган сув қудуғини бош­қа жойдан қазиб чиқариш масаласида ёрдам сўралган. Мурожаат вилоят «Сувоқава» корхонаси топшириғи билан корхонанинг туман бўлимига юборилган. Аммо ушбу мурожаат ҳамда топшириқнома ҳам жавобсиз қолган.

Ваҳоланки, қонун талабларига мувофиқ ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак.

Мурожаатни кўриб чиққан давлат органи мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши шарт.

Аммо корхона кўп­лаб мурожаатларнинг ечими билан қизиқиш ёки ҳеч бўлмаганда унга жавоб йўллаш ҳақида ўйлаб ҳам кўр­маган.

— Президентимиз қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётганлиги устидан қатъий парламент назорати ва депутатлик назоратини кучайтириш парламент ва маҳаллий вакиллик органлари — Кенгашлар олдида турган ғоят муҳим вазифа эканини таъкидлаган, — дейди халқ депутатлари Жиззах туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Акрам Раҳимов. — Шундан келиб чиқиб, партиямиз гуруҳи ўз олдига бу борада қатор вазифаларни белгилаб олган. Жорий йил апрель ойида иш режамизга асосан «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижроси ўрганиб чиқилди. Натижалар 27 май куни партия гуруҳи ҳамда 25 июнь куни халқ депутатлари Жиззах туман Кенгашининг Қо­нунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси йиғилишида муҳокама қилинди, тавсиялар, таклифлар ишлаб чиқилди. Шундан сўнг корхонадаги ишлар қисман ижобий томонга ўзгарган.

Бироқ қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, шу масаладаги мурожаатларни ҳал этишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш долзарб вазифадир. Бугун Жиззах вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш масалаларига жиддий эътибор қаратиляпти. Шундан келиб чиқиб, тегишли идора ва раҳбарларнинг масъулиятини янада кучайтириш, қонун ва қарорларга қатъий риоя қилиниши устидан депутатлик, жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур.

Бир кун рўзғорда сув бўлмаса, қандай ноқулайликлар, қийинчиликлар бўлишини тасаввур қилиб кўринг. Ўзида бўлмаганлар қўшнисидан сўрар, аммо қўшниларида ҳам бўлмаганлар кимдан сўрайди?.. Сув инсоннинг энг бирламчи эҳтиёжларидандир. Шунинг учун аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига, бу борадаги мурожаатларга ҳар доим жиддий масъулият билан ёндашиш талаб этилади, деб ўйлаймиз.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.