Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
04.07.2015

ЭЗГУЛИКНИНГ МУКОФОТИ ЭЗГУЛИКДИР

Маълумки, ислом дини инсонларни бир-бирига доимо яхшилик қилишга амр қилди. Кексалик инсон умрининг сокин давридир. Чунки одам кексайганида катта ҳаётий тажрибага, теран ақлга эга бўлади. Шундай пайтда уларнинг кўмаги ва маслаҳатига ёшлар доимо эҳтиёж сезадилар. Агар ёшларимиз меҳнатсевар, ҳалол, диёнатли, эл иши учун фидойи бўлишни истасалар, кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибаларидан фойдаланишлари даркор.

Инсон ҳаётини мевали дарахтга қиёслашади. Кексалик эса худди мевалар етилган мўъжизавий боққа ўхшайди. Луқмони Ҳакимдан: «Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?», деб сўрадилар. «Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир», деб жавоб берди у киши. Фар­занд­лар учун ота-онасининг панд-насиҳатларига риоя этишлик фарз ҳисобланади. Ҳадисда айтиладики: «Отага итоат этиш Аллоҳга итоат этишдир. Унга гуноҳкор бўлиш Аллоҳга гуноҳкор бўлиш билан баробардир». Муоз ибн Жабал (р.а.) ривоят қилган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг олдингизга бир қавмнинг каттаси келса, уни икром қилинглар» дедилар.

Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахону онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўр­лик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Буларнинг барчаси юртимизнинг азиз дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан, уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилмоқда.

Ёши улуғларимизнинг биз учун тер тўкиб ҳаракат қилаётганларини, қўлларидан келадиган барча яхшиликларни  фарзандларига аташларини яхши билишимиз, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлишимиз, айтганларини бажаришимиз, отамиз чарчаган пайтда ва унга ёрдам керак бўлганида дарҳол кўмакка шошилишимиз, фарзандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туришимиз зарур. Зеро, ҳадисда айтилади: «Ота-оналарингизга қандай яхши муомала қилсангиз, фарзандларингиз ҳам сизга шундай муо­мала қиладилар». Адолат мезони уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларини муносиб тақдирлашни тақозо этади. Зеро, Аллоҳ таборака ва таоло мар­ҳамат қилиб айтади: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир».

Инсон дунёга келганда жуда заиф ва нимжон бўлади. Аста-секин катта бўлиб қувватга тўлади. Йиллар ўтиб, кексайган сари яна қуввати кетиб, заиф бўлиб қолади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

«Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва қудратлидир» (Рум сураси, 54-оят).

Бу дунёда инсонни қилган яхшиликлари-ю эккан дарахт­лари, вояга етказган фарзанд­лари-ю тарбиялаган шогирд­лари улуғлайди. Кечаги гўдак, бугун йигит. Вақт ўтиши билан ёшлик ҳам бизни тарк этади. Зеро, бу ҳаёт қонунидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар: «Одамларнинг яхшиси узоқ умр кўриб, шу умрини яхши амал билан ўтказганидир».

Минг афсуслар бўлсинки, кекса ота-оналар баъзи бир кишилар назарида дардисардек, ортиқчадек туюлади. Бирор даврага кирган ёшлар ёки фарзандлари баъзан «уф» тортадилар. «Қариганда уйда ўтирса бўлмасмикин-а?», деб нотўғри ўйлайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни ўз ота-онасига яхшилик қилишга амр қилиб бундай дейди: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қи­лишга буюрдик...» (Анкабут сураси, 8-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят).

Ушбу оятда «уларга ёқимли сўз» деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки «отажон, онажон» каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муо­мала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини хизматкордек тутиш кабиларни тушуниш керак бўлади.

Ҳа, ҳаётнинг ўзига хос аччиқ ва ширин томонлари бор. Айниқса, кексалар эътиборга, меҳр-мурувватга жуда муҳтож бўладилар. Киши етмишга етса, янада табарруклашади. Бундай инсонларга қулоқ тутмоқ ва панду насиҳатларини олмоқ лозим. Оилани оёққа турғазган, ўғил-қизларни ўстириб, едириб-ичирган, оила, фарзандлар камолини деб елиб-югурганлар ҳам шулар. Абу Мусо Ашъарий (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сочига оқ тушган мусулмонни икром қилиш, Аллоҳни улуғлаш билан баробардир» деганлар.

Кексаликнинг муайян мушкулотлари, мураккабликлари бор. Беморлик, кўз хиралашиши, оёқ-бел оғриши, кучдан қолиш, аввалги завқ-шавқларнинг сусайиши, қадамнинг майда, йўллар эса олис бўлиб қолиши... Ҳаётда, атрофимизда яхши кишилар борлигидан, улар билан ёнма-ён яшаётганимиздан қувонишимиз керак. Унутмайлик, имон-эътиқодли кексалар бўлмаган жойда яхши тарбияли ёшлар ҳам бўлмайди. Ибн Аббос (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик катталарингиз (кексаларингиз) билан биргадир» дедилар.

Кексаларимизга ғамхўрлик қилиш, уларни парвариш этиш ёшларнинг бурчи бўлиб, бунга катта ажрлар берилади. Ҳадиси шарифда айтилади: «Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мар­ҳамат қиладилар: «Мусулмон мўйсафидни, Қуръонда ғулув ҳам қилмайдиган, бепарволикка ҳам йўл қўй­майдиган Қуръон ҳофизини ва одил подшони ҳурматлаш Аллоҳни улуғлашдир». Ушбу ҳадиси шарифга кўра, соч-соқоли оқарган мўмин кишини ҳурматлаш Аллоҳни улуғлашга кирар экан.

Кексаларни улуғлашга уларни ҳурмат қилиш билан бир қаторда кексаларнинг барча ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиш, уларга маънавий, ижтимоий, иқтисодий ва тиббий жиҳатдан эътибор кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш кабилар ҳам киради. Ҳадиси шарифда «Қайси бир ёш киши кекса инсонни икром қилса, у ёш кишига Аллоҳ таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади» дейилган.

Динимизда кексалар ҳурматланишининг амалий кўринишларидан яна бири кичикларнинг катталарга биринчи бўлиб салом беришлари ҳақидаги одобдир. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг ҳақларини билмаганлар биздан эмас». Имом Бухорий, «Адабул-муфрад».

Мусаффо динимизда кекса ва ёши улуғларнинг мартабалари аввало Аллоҳ таолонинг ҳузурида, қолаверса, жамият олдида олийдир. Зеро, ёши улуғ зотлар дейилганида кўз олдимизга аввало сизу бизнинг дунёга келишимизга сабаб бўлган мушфиқ ота-оналаримиз келади. Чунки уларнинг сочлари бизни деб оқарган, нурли юзларига биз сабаб ажин тушган, нурафшон кўзларининг нури бизнинг йўлимизда сарф бўлган.

Ўтаётган ҳар бир кунимизда кексаларимизнинг кўнглини ва дуоларини олиш насиб этсин! Хайрли амалларимиз келажак авлодларимиз ҳаётида бардавом бўлсин.

 

Одилхон қори ЮНУСХОН қори ўғли,

«Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом-хатиби.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: