04.07.2015

ИНСОН ВА ТАБИАТ УЙҒУНЛИГИ

Табиатни онага қиёслаймиз. Мур­ғак жон она  вужудида яралгандан бошлаб, ташқи оламнинг нодирликларини ўзига сингдира бошлайди. Бизни инсон сифатида шакллантирувчи омилларни ўрганамизу, ўша онага қиёслаганимиз — табиатнинг бир бўлаги эканлигимизни масъулият билан ҳис этишга, чуқурроқ ўйлашга кўпинча эътибор бермаймиз. Техник тараққиётнинг ютуқларидан қанчалик сармаст бўлмайлик, она табиатнинг мўъжизаларидан туя­диган завқу-шавқнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.

Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти физика кафедраси доценти, физика-математика фанлари номзоди Алиқул Раҳмонқулов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Бугунги кунда табиатни авайлаш — ўзимизни, борлиғимизни асрашдек муҳим эканлигини фарзандларимиз онгига сингдира билиш шарт ва зарур, — дейди у. — Табиат деганда бутун бир яхлит мавжудликни тушунмоқ керак. Биз англай оладиган ва айрим ҳолларда идрок эта ололмайдиган, жамики борлиқ бутун табиатнинг алоҳида-алоҳида бўлаклари сифатида намоён бўлади. Шундай экан, инсон ҳам табиатнинг онг­ли, тафаккурли бир бўлаги ва ҳосиласи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уни  она табиат дейдилар. Инсон ҳар доим шу она табиатнинг сир-асрорларини ўрганишга ва табиат қонунларини ўз эҳтиёжларига хизмат қилдиришга интилади...

— Замон жуда ҳам шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бир шоиримиз айтганидек,  инсондаги илмийлик ҳаракати жуда тез  одимлаяпти. Инсон омочдан тракторгача бўлган масофани, балким 6 минг йилда босиб ўтгандир. Трактордан космик кемагача бўлган вақтни эса, бор-йўғи 60 йилда босиб ўтди. Бундай ривожланишлар инсон ва табиат муштараклигига қай даражада таъсир ўтказди, деб ўйлайсиз?

— Ишонаманки, вақти келиб тараққиёт бугунги кундагидан минг бора ривожланган кўринишда бўлади. Аммо, инсон шунда ҳам табиат олдида ожизлигича қолаверади. Эътибор берган бўлсангиз, яратилган кашфиётларнинг деярли барчаси табиатдан нусха кўчириб амалга оширилган. Буни фанда бионика дейишади. Масалан, қушга қараб самолёт ихтиро қилинган. Қолаверса, рассомлар, шоирларнинг гўзал асарлари ҳам бевосита табиатдан илҳомланиб яратилган. Шу маънода табиатнинг тараққиётга, инсониятга таъсири жуда катта, бу иккаласини бир-биридан айро тасаввур қилиш мушкул. Ҳозирги кунда техниканинг барча жабҳалардаги ривожланиш суръати шу даражада тезлашиб бормоқдаки, айрим ҳолларда биз бу тараққиёт маҳсулларини ўринли англай олишдан ва онгли равишда мақсадли фойдаланишдан орқада қолаётгандекмиз. 

Шу ўринда бир мисол келтиришни лозим топаман: Ер ости бойликлари: нефт, газ, кўмир, темир ва бошқа элементларнинг ҳосил бўлиши бир неча миллион йилларни ўз ичига оладиган жараён ҳисобланади. ХIХ аср бошига келиб, техника катта тараққиёт чўққисига кўтарилди. Инсон табиат қонунларидан фойдаланиб, ўз онгининг маҳсули бўлган қудратли техникаларни яратди, Эйнштейннинг нисбийлик назарияси дунёга келди, такомиллашган қурол-яроғлар, атом энергиясидан фойдаланиш мумкинлиги кашф этилди.

Ачинарлиси шундаки, инсон онгининг маҳсули бўлган кашфиётлардан ноўрин фойдаланилди. Юз миллион йиллар мобайнида ҳосил бўлган мавжуд ерости бойликларининг деярли кўп фоизи Иккинчи жаҳон уруши даврида исроф қилинди.

Бугунги кунда эса замон тараққиёти, техника ривожи албатта турмушимиз фаровонлигини юксакларга кўтаради, оғир қўл меҳнатларини енгиллаштиради, аммо бу ўринда она табиатимизга жароҳат етказмаган ҳолда фанимиз ютуқларидан фойдаланишимиз керак ва унинг экологик тозалигини сақлаб қолиш ҳам бурчимиз, ҳам маданиятимиз белгисига айланиб қолиши шарт.

— Инсон табиатнинг онгли бир бўлаги экан, у табиат қонунларини мақсадга мувофиқ равишда ўз эҳтиёжи учун ишлатишга ҳар доим интилади. Бу борада техник ютуқларга ҳамоҳанг тарзда инсон ва табиатни яқинлаштиришнинг маълум мезонларини ўйлаб топишда нималарга аҳамият бериш керак деб ўйлайсиз?

— Бу ўринда, мавжуд дастурларга қўшимча тарзда она табиатга меҳр қўйиш, уни она каби ардоқлай билиш борасида мактабларда ўқув жараёнларида, ҳаттоки болалар боғчаларидаги тарбиявий жараёнларга уларнинг ёшларига мос ва ҳамоҳанг ҳолда амалий дас­турлар яратиш, табиат қўриқчилари ўртасида мусобақалар ташкил этиш, бунда эса албатта халқнинг ўлмас анъаналаридан кенг фойдаланиш лозим.

— Мамлакатимизда табиатни асраш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Қолаверса, халқимиз азалдан табиатга ўзгача меҳр бериб келган. Ота-боболаримиздан бизга ўтиб келаётган турли ўгитларни фарзандларимизга уқтириб келмоқдамиз...

— Дарҳақиқат, халқимиз атроф-муҳитга ижобий муносабатда бўлиш, ён-верини тоза-озода, покиза сақлашни миллий тарбиянинг бир бўлаги сифатида қарайди. Одоблилик уйи, ҳовлиси, кучаю маҳалласи озодалиги, орасталиги билан белгиланади. Бу хислатлар бугун кекса авлод вакиллари томонидан ёшлар қалбига, шуурига сингдириб борилмоқда. Таълим муассасаларида табиатни асраш, экологик маданиятни шакллантириш мақсадида «Гуллар ва қушлар байрами», «Табиатни асраш — бурчимиз!» каби тадбирларни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам аслида ўқувчи-ёшларнинг табиат ва экология ҳақидаги билимларини бойитишдан иборат.

Ўлкамиз табиатининг ўзига хос жиҳатлари хақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Юртимиз бой табиати ва ноёб биологик ресурслари билан ажралиб туради. Мамлакатимизда тўрт минг саккиз юздан ортиқ ўсимлик, қарийб ўн олти мингга яқин ҳайвон тури учрайди. Уларнинг муайян қисми ноёб бўлиб, фақат бизнинг минтақамиздагина мавжуд. Мамлакатимизда ўттизга яқин қўриқхона, миллий табиат боғлари, ноёб ёввойи ҳайвонларни асраш ва кўпайтиришга ихтисослашган марказлар, табиат ёдгорликлари мавжуд. Ислоҳотларнинг бир қисми сифатида ноёб ўсимлик ва ҳайвон турларини кўпайтиришга мослаштирилган, алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ва қўриқхоналар майдони кенгайтирилди. Қорақалпоғистон Республикасида муҳим лойиҳалардан бири — Қуйи Амударё биосфера резервати ташкил этилди. Бундай чора-тадбирлар натижасида йўқолиш хавфи остида турган ноёб ҳайвон ва ўсимлик турларини сақлаб қолиш ва кўпайтиришга эришилди.

Юртимизда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик вазиятни яхшилаш йў­лида кўплаб дастурлар ишлаб чиқилмоқда. 2008-2012 йилларда Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш иш­лари дастури, 2011-2015 йилларда атроф табиий муҳит давлат мониторинги дас­тури, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёт мақсадлари учун таълим концепцияси шулар жумласидандир. Энг муҳими, бу дастурлар иж­роси устидан назорат ўрнатиш, атроф-му­ҳитни муҳофа­за қилишда республи­камизда фао­лият кўрсатаётган 5200дан ортиқ нодав­лат нотижорат ташкилотлари, 10 мингдан зиёд маҳал­ла, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг минтақадаги экологик ҳолатни соғломлаштириш, соҳага оид муаммоларни комплекс ҳал этишга қаратилган­ саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида 2008 йилнинг 2 августида Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилди. Энг муҳими, Экоҳаракатнинг юзага келиши ушбу соҳада жамоатчилик иштироки асосларини­ тубдан такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

        

«Ўзбекистон овози» мухбири

Озода БЕКМУРОДОВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.