02.07.2015

СУД ҲОКИМИЯТИ ВА ОАВНИНГ ЎЗАРО МУНОСАБАТИ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси томонидан «Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро муносабати: бугунги ҳолати ва истиқболлари» мавзуида семинар ўтказилди. Унда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида суд ҳокимиятининг ОАВ билан ўзаро муносабатини янада яхшилаш ва янги босқичга кўтариш ҳамда судлар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда «Суд ҳокимиятининг очиқлиги — ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим шарти», «Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари муносабатининг  ҳуқуқий асослари», «Судлар фаолиятида ошкораликни таъминлашда ОАВнинг ўрни», «Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ёритишда журналист маҳорати» каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Маълумки, мустақиллик йил­ларида мамлакатимизда  суд-ҳуқуқ  соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилди, суд ишларини апелляция инстанциясида кўриш тартиби амалга киритилиб, кассация ва назорат инстанциялари янада такомиллаштирилди. Жиноий жазо тизими либераллаштирилиб, ўлим жазоси бекор қилинди. «Хабеас корпус» институти жорий этилиб, санкция бериш, лавозимидан четлатиш, тиббий муассасага жойлаштириш ваколати судларга ўтказилди. Судъя­ликка номзодларни танлаш ва лавозимга тавсия этишнинг мукаммал механизми яратилди.

Жиноят судлов ишлари амалиётига яраштирув институти жорий этилганлиги туфайли ўтган даврда 163 минг нафардан зиёд шахс ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қи­линди. Шунингдек, судларда ишларни кўриш жараёнида етказилган зарар қопланганлиги сабабли 30 минг нафардан  ортиқ шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин ва кенг жамоатчилик уларнинг самараси ҳақида хабардор бўлиши мақсадга мувофиқ.

— Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги жуда муҳим, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ­ҳайъати раиси Холмўмин ­Ёдгоров. — Журналистлар жамиятимизда содир этилаётган айрим жиноятлар, жумладан фирибгарлик жинояти бўйича таҳлилий мақолалар тайёрлашса, айни муддао бўларди. Шунингдек, фуқаролар ўртасида мол-мулк бўйича келиб чиқаётган низолар кўпайиб бораётганини ҳисобга олсак, бу масала хусусида ҳам кўпроқ мақолалар чоп этиш зарурати бор, деб ўйлайман.

Бир кунда Олий судга  фуқаролик ишлари бўйича ўртача 100 дан ортиқ шикоят келиб тушади. Бу рақамни келтираётганимнинг сабаби, фуқароларимизга ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишда кимга, қай тартибда мурожаат қилишини тушунтириб боришимиз зарур. Суд ҳокимияти билан журналистлар ўртасидаги ҳамкорликдан энг аввало жамият манфаат кўради.

— Оммавий ахборот воситалари том маънодаги тўртинчи ҳокимият сифатида давлат ҳокимиятининг ҳар учала тармоқлари фаолиятига дадил муносабат билдира оладиган, омма ўртасида ижтимоий фикр­ни шакллантирадиган, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатадиган катта куч ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ОАВнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга киришилди ва у тобора ривожлантириб борилмоқда, — деди Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ­ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори Бобоқул ­Тошев. — Давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти очиқлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ­лари бузилишининг олдини олиш мақсадида кенг жамоатчиликка хабар бериш, салбий ҳодиса ва воқеаларга муносабат билдириш, давлат ва жамият муносабатлари ҳақида холис материаллар тайёрлаш ва унинг натижаларини эълон қилиш журналистларнинг бурчи саналади.

Маълумки, одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам  сўраб матбуот ва оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилади, улар билан муносабатга киришади. Назаримизда, бундай ҳолларда журналист холис ва қатъиятли бўлиши зарур. Ўзига мурожаат қилган шахснинг муаммосига ечим топиш учун эса қонунларни яхши билиши, шу соҳага ихтисослашган бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, семинарда «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳалқаро журналистика факультети декани Акбар Нурматов, Олий суд катта консультанти — Ахборот хизмати раҳбари Олим Ўсаров, «Ҳуқуқ ва бурч» журнали бош муҳаррири ўринбосари, юридик фанлар доктори Миродилжон Баратов ва бош­қалар ҳам сўзга чиқиб, судлардан ахборот олиш тартиби, суд про­цесс­ларида ОАВ вакилларининг иштироки, суд-ҳуқуқ соҳасини ёритувчи журналистларнинг ихтисослашуви, касб маҳоратини ошириш меха­низм­­­­лари ҳақида фикр юритишди.

Бундай семинарларни изчил ўтказиб боришга келишиб олинди. 

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.