02.07.2015

БОШ МАСАЛА – ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

Бугун одамлар сиёсий партияга нафақат қандай ғояларни илгари сураётгани, шу билан бирга ўша ғоялар ижроси йўлида нималар қилаётганига қараб баҳо бермоқда. Шунинг учун халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳимиз, шаҳар партия ташкилоти электорат манфаатларига хизмат қиладиган ташаббусларни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, партия электорати таркибига кирувчи ногиронларга кўрсатилаётган моддий ҳамда  тиббий ёрдам, шунингдек, бошқа ижтимоий хизматлар доимий эътиборга олинган масалалардир. Зарурат бўлганда, партия ташкилотлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар ваколатларидан фойдаланиб, бу масалаларни доимий комиссия ёки сессияларга олиб чиқмоқдалар, масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланмоқда, тегишли қарорлар қабул қи­линяпти.

Партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашда шаҳар партия ташкилоти гуруҳи ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айни пайтда Чирчиқ шаҳрида 150 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 19 мингдан ортиғи ёшга ёки ногиронликка доир пенсия ва нафақалар олади. Шаҳарда 22 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бор. Шунингдек, 400 га яқин меҳнат орти фронт қатнашчилари, 130 дан зиёд ёлғиз кексалар истиқомат қилади.

Бугунги кунда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари 9 нафарни ташкил этади. Жойларда қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижросини ўрганишда ҳудуддаги 42 маҳалла, корхона ва муассасалардаги 77 бошланғич партия ташкилоти билан доимий алоқа йўлга қўйилган. Жамоатчилик назорати бўйича БПТлар партия гуруҳи билан биргаликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 15 дан ортиқ ўрганиш ишларини олиб борди, уларнинг таклифи билан 25 марта депутатлик сўрови юборилди. Сўровларнинг асосий қисми айнан БПТлар мурожаатлари асосида тайёрланмоқда.

Шаҳарда истиқомат қилувчи ногиронлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 8 та депутатлик сўрови тегишли идораларга юборилди, 3 масала халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссия муҳокамасига олиб чиқилди ва тегишли қарорлар  қабул қилинди.

Шунингдек, ногирон болаларни соғломлаштириш, реа­билитация қилиш устувор вазифаларимиздан ҳисобланади. Ўтган чақириқда партиямиз гуруҳи ташаббуси билан бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, махсус ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларида ногирон болаларни соғломлаштириш бўйича моддий-техник базани мустаҳкамлаш тўғрисидаги масала жойларда ўрганилиб, сессияга олиб чиқилди. Сессияда ушбу масала тўлиқ қўллаб-қувватланиб, тегишли қарор қабул қилинди ҳамда қарор ижроси доимий назоратга олинди.

Айни пайтда Ўзбекистон ХДП Чирчиқ шаҳар кенгаши, партиямиз гуруҳи ҳамда БПТлар ҳамкорлигида «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори, ҳамда мазкур тизимга оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилган.

Шу билан бир қаторда, электорат вакиллари партия ташкилотимиз фаолиятига жалб этилмоқда. Истиқболли кадрларнинг номзодлари давлат ҳокимияти вакиллик ва ижро органларига илгари сурилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар бевосита партиямиз Сайлов­олди дастурида белгиланган вазифалар билан боғлиқ. Жорий йилда партия гуруҳимиз шаҳар аҳлининг ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд қатлами манфаатларига хизмат қилувчи изчил чора-тадбирларни янада кучайтиришни кўзлаган. Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, моддий ва маънавий рағбат кўрсатиш масалаларини ўрганиб, бу борада аниқ таклифлар ишлаб чиқишни режалаштирилмоқда.

 

Дониёр АЗИЗХЎЖАЕВ,

ЎзХДП Чирчиқ шаҳар кенгаши раиси.



DB query error.
Please try later.