02.07.2015

МАҲАЛЛИЙ ВАКИЛЛИК ҲОКИМИЯТИНИНГ ТАЪСИР КУЧИ ВА МАСЪУЛИЯТИ ЯНАДА ОШАДИ

Сиёсий партиялар жамият ҳаётига қанчалик чуқур кириб борса, аҳоли, ўз электорати манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имконига эга бўлади. Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувига демократик тамойилларни кенг жорий қилиш жараёнида бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун айни шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Унга кўра, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга янги модда киритилиб, ҳокимларнинг ҳар йили халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этиш тартиби белгилаб қўйилди.

Ҳокимнинг ҳисоботини эшитиш, вилоят, туман ёки шаҳарни ривожлантириш билан боғлиқ муҳим масалаларни кўтариб чиқиш, табиийки, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланган депутатлар, партия гуруҳлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.  Хўш, сиёсий партия масъуллари, депутатлар бу масалада қандай фикрда?

Улуғбек Тошпўлатов, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга киритилган янги моддага асосан ҳокимлар ҳисоботларини эшитишда партия гуруҳлари фаоллиги муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, сиёсий партиянинг асосий мақсади, вазифаси ўз электоратини қизиқтираётган масалаларни ўрганиш, уларнинг ечимида ташаббускор кўрсатишдир. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари эшитилиши давомида бу борада янги имкониятлар юзага чиқади.

Қонунга мувофиқ, ҳокимнинг ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади. Табиийки, мажлисда ҳудуддаги мавжуд камчиликлар, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама этилади. Ҳоким ўз ҳисоботида ана шу масалалар бўйича маълумот беради. Ҳисоботни эшитиш жараёнида депутатлар шунчаки иштирок этиб қолмай, ўзларига муҳим вазифаларни белгилаб олади. Шу билан бирга, депутатлар аҳолини ўйлантираётган муҳим масалалар, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг қўшимча тадбирлари ҳақида ўз позицияси, фикр-мулоҳазаларини билдириш имконига ҳам эга бўлади. Партия электорати манфаатидан келиб чиқиб, ўз ташаббусларини илгари суради.

Гулсара Аҳмедова, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланган депутатлар ўз фаолияти давомида аввало номзодини кўрсатган сиёсий партиянинг манфаатларини ифода этади. Депутатга бу борада бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилган. Биз ана шу ваколатлар доирасида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга оширамиз. Мазкур қонунга киритилган ўзгартиш партиянинг дастурий вазифалари ижросида фаол иштирок этиш, шунингдек, депутатлик назорати институтидан янада самарали фойдаланиш имконини беради, деб ўйлайман.

Чунки қонунга мувофиқ, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, унда ҳоким ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек, қарор ижроси бўйича назоратни таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Ҳаёт Хидиров, халқ депутатлари Жиззах туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари:

— Шу ўринда бир фикрини алоҳида таъкидлашни истардим. Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари ҳокимлар ҳисоботини эшитишга махсус тайёргарлик билан бориши талаб этилади. Бунда, хусусан, ҳудудда қонун ҳужжатларига риоя этиш ҳолатини кузатиш ва таҳлил қилиш, мавжуд камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳақида аниқ позицияга эга бўлиш лозим.

Бизга аҳолидан турли масалаларда кўплаб мурожаатлар бўлади. Учрашувлар давомида сайловчиларни ташвишлантираётган муаммоларни ўрганамиз, уларга ечим топишга ҳаракат қиламиз. Шу билан бирга, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳам  таҳлил этамиз. Ҳокимларнинг ҳисоботини эшитиш жараёнида ана шу масалаларни ўртага ташлаш мумкин бўлади. Ҳокимларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан берган ҳисоботи якунларига қараб, ҳоким ва маҳаллий ижро ҳокимияти ишига баҳо берилади. Бу ҳақдаги тегишли қарор расмий матбуот ва интернет сайтларида эълон қилинади. Натижада маҳаллий давлат ҳокимияти фаолияти очиқлиги таъминланади, жамиятда фуқароларнинг ахборот эҳтиёжини қондириш йўлида катта қадам ташланади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.