02.07.2015

ДЕПУТАТЛАР БЮДЖЕТ ИЖРОСИ

самарадорлигини ошириш бўйича ўз таклифларини беришди

Фарғона вилоятининг маҳаллий бюджетидаги харажатлар 2015 йил биринчи чорагида 404,4 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига 354,8 миллиард сўм сарфланди, бу бюджет харажатларининг 87,7 фоизига тенг кўрсаткичдир.

Маҳмуджон МАҲКАМОВ, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари:

— Вилоятда дотация ҳолатида турган шаҳар, туманларнинг иқтисодини кўтариш, бюджет даромадлари миқдорини ошириш долзарб масаладир. Биз айрим соҳаларда харажат миқдорини янада ошириш ҳақида гапиряпмиз. Лекин бунинг учун, аввало, бюджетнинг даромад қисмини ошириш керак. Корхоналар модернизацияси, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бунинг энг самарали йўлларидандир. Шунинг учун ЎзХДП гуруҳи аъзолари ушбу масалаларда тегишли қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтиришга, ўз ишини очиш ниятидаги электорат вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга интилади.

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари жойларда бюджет ижроси масаласини ўрганишди ва унинг натижаларини «Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари» доимий комиссияси йиғилиши муҳокамасига киритишди.

Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг «2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодий дастурнинг 2015 йилга мўлжалланган энг устувор йўналишлари»га бағишланган мажлисида сўзлаган нутқида истиқболда мамлакатимиз иқтисодиётида туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш орқали хусусий мулк ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиш, модернизациялаш ва диверсификациялаш жараёнларини изчил давом эттиришни асосий вазифалар сифатида белгилаб берди. Бу партиямиз дастурий мақсадлари амалга ошишида муҳим аҳамиятга эга масалалар ҳисобланади. Чунки иқтисодиёт ҳар томонлама изчил ривожланиши янги иш ўринлари яратилиши, муносиб иш ҳақи тўланиши ва кучли ижтимоий ҳимояга кенг йўл очади.

Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари сўзга чиқиб, ўтган йилда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини ошириб бориш масалалари ҳукуматнинг диққат марказида бўлганини алоҳида қайд этди.

Жумладан, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларининг 54,6 фоизини маориф харажатлари ташкил этган. 2015 йил 1 чораги давомида таълим муассасаларини ривожлантириш ва сақлаш харажатларига вилоят бўйича маҳаллий бюджетдан 220,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб 2014 йил биринчи чорагига нисбатан ушбу соҳа харажатлари 9,2 фоизга ортган. Соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари 95,8 миллиард сўмни ташкил этиб, 2014 йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоизга ўсган. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш билан боғлиқ харажатларга 32 миллиард сўм маблағ тўлиқ молиялаштирилган.

2015 йил биринчи чораги давомида вилоят маҳаллий бюджетидан 2 ёшгача боласи бор оналарга бериладиган нафақа тўловлари, вояга етмаган болалари бўлган оилаларга тўланадиган нафақалар, шунингдек, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловлари учун маблағлар ўз вақтида молиялаштирилиб берилди.

Юқорида айтиб ўтилган ва бош­қа кўрсаткичларга таяниб, депутатлар бюджет ижроси самарали ташкил этилганини таъкидлашди. Шу билан бирга, маҳаллий бюджетлар ижросида йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йил биринчи чораги давомида жами 732,3 миллион сўм миқдорида бюджет интизомини бузиш ва ноқонуний харажатларга йўл қўйиш ҳолатлари аниқлангани қайд этилди.

Доимий комиссия йиғили­шида вилоят молия бошқар­маси бўлим бошлиғи Элбек ­Эшон­қулов кун тартибидаги масала юзасидан атрофлича ахборот берди. ЎзХДП гуруҳи аъзолари киритган таклиф ва фикрларга муносабат билдирди.

Йиғилишда депутатлар ижтимоий долзарб масалалар ечими юзасидан айрим таклифларни ҳам ўртага ташлашди. Жумладан, ЎзХДП Данғара туман кенгаши раиси Зиёдахон Ҳамралиева мактабгача таълим муассасаларини таъмирлашни молиялаштириш, вилоят Кенгаши депутатлари ­Дилором Назарова мактаблар таркибида кун узайтирилган гуруҳлар ташкил этиш ва унга етарли маблағ ажратиш, Нўмонжон Эгамбердиев мактаблардаги компьютер синфлари техник жиҳозларини доимо соз ҳолатда сақлаш масаласини иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни илгари суришди. Депутатлар ҳар бир таклифни иқтисодий жиҳатдан асослашга эътибор қаратишди.

Доимий комиссия йиғилишида кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.