30.06.2015

ҚЎШРАБОТЛИК ҚИЗЛАР

бадиий гимнастика бўйича Олимпиада чемпиони бўлмоқчи

Мустақилликкача бўлган даврда Республика терма жамоаларида ўзбек қизларини учратиш мушкул эди. Бадиий гимнастика бўйича эса умуман гапирмаса ҳам бўлади. Спортнинг бу тури мамлакатимизда нисбатан кеч оммалашди. Лекин бугун ўзбекистонлик бадиий гимнастикачилар нафақат Осиё, балки жаҳон чемпионлари бўлишмоқда. Олимпиада ўйинларида ғолиб ва сов­риндорлар сафидан ўрин олишмоқда.

Бугун узоқ-узоқ қишлоқларда ҳам бадиий гимнастика саройлари бунёд этилмоқда, қишлоқ қизлари катта-катта мусобақалар шоҳсупасига кўтарилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади. Бу ютуқларга қандай эришилмоқда?      

Бунинг қатор омиллари бор. Шулардан бири 2002 йили Президентимиз ташаббуси билан Болалар спорти жам­ғармаси тузилгани бўлди. Бу билан Ўзбекистонда спортнинг барча турларини баравар ривожлантиришга кенг имконият яратилди. Халқ­аро экспертларнинг тан олиб, эътироф этишича, болалар спорти бўйича бугун Ўзбекистонда яратилган механизм дунёнинг бирорта давлатида йўқ. Ҳатто улар бу борада мамлакатимизда тўпланган тажрибани ўрганиш мақсадга мувофиқ эканлигини айтишмоқда. Буни ўтган 13 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Ҳомийлик кенгаши Раиси томонидан болалар спор­тига берилган эътибор, кўрсатилган ғамхўрликнинг оламшумул натижаси сифатида эътироф этиш зарур. Энг муҳими, жаҳон спорти ареналарида мустақил юрт фарзандлари шарафига Ўзбекистон номи баралла янграмоқда.

Келинг, шу ўринда мақоламиз қаҳрамонлари бўлган қўшработлик бадиий гимнастикачи қизлар қандай қилиб олимпиада чемпиони бўлмоқчи эканликлари ҳақида фикр юритсак.

Қўшработ вилоят марказидан юз километр олисда жойлашган. Бу ердаги Биринчи болалар ва ўсмирлар спорт мактаби олдига келган киши беихтиёр ҳайратини яшира олмайди. Нимага дейсизми? Гап ушбу даргоҳ қурилиши учун танланган жой ҳақида. Ниҳоятда баландликда қад ростлаган спорт мактаби ҳар қандай одамни ўзига маҳлиё қилиб қўяди, чорлайди. Спортда фақат юқори марралар кўзланади. Ушбу мактабнинг салобат тўкиб туришида ҳам рамзий маъно бор: ғалаба, интилиш, изланиш, энг баланд чўққиларни забт этиш...

Биз борганимизда ушбу мактаб байрамона безатилган эди. Ўша куни бу даргоҳда бадиий гимнастика бўйича вилоят биринчилигининг саралаш мусобақалари ўтказилаётган экан.

Қўшработ туман халқ таълими муассасаларини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли ушбу Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби 2004 йили бунёд этилган бўлиб, дастлаб спортнинг 5 тури бўйича 10 нафар мураббий иш олиб борган. Қишлоқ ҳудудларида хотин-қизлар спортини янада ривожлантириш масаласи кун тартибига қўйилгач, 2006 йилдан бошлаб мазкур мактабда бадиий гимнастика тўгараги ташкил этилди. Айни пайтда бу ерда спортнинг ушбу тури бўйича 7 нафар малакали мураббий иш олиб бормоқда.

— Ҳозирги кунда 800 га яқин болалар спортнинг 10 дан ортиқ тури билан шуғулланмоқда, — дейди Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Тожихол ТОҒАЕВА. — Улар орасида республика миқёсида ўтказилган мусобақалар совриндорлари бор. Энг асосийси, ота-оналар бадиий гимнастиканинг қизлар соғлом ва баркамол бўлиб улғайишидаги аҳамиятини, анг­лаб етишди. Илгарилари биз ўқувчиларни жалб қилишга ҳаракат қилган бўлсак, ҳозир ота-оналарнинг ўзлари қизларини олиб келишмоқда. Бир сўз билан айт­ганда, қисқа вақт ичида спортнинг ҳар бир оилага кириб боришига, оммалашишига эришдик.

— Ҳозир 100 нафарга яқин қиз билан ишлаяпман, — дейди мактабнинг бадиий гимнастика мураббийи Гулнора ЖОНИБЕКОВА. Қизларимнинг кўпи таълимнинг юқори босқичида таҳсилни давом эттирмоқда. Бугун 4 нафар ўқувчим республика хореография олий мактабида, 10 нафарга яқини эса Республика олимпия захиралари коллежида ўқияпти. Кўплари вилоят, республика даражасидаги мусобақаларда ғолиб бўлган. Ўтган қисқа вақт мобайнида Қўшработда спортчи оилалар вужудга келди. Бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган Қўшработда шундай спорт мактаби қурилади, бадиий гимнастикачи қизлар етишиб чиқади деса, тўғриси, ўзим ҳам ишонмасдим.

— Бадиий гимнастикачи қизлар билан ишлаш жуда ҳам мароқли, — дейди мактабнинг бадиий гимнастика бўйича яна бир мураббийи Нигора МИРЗАЕВА. Ўқувчиларим орасида катта ютуқларга эришаётганлари бор. Мен улар билан фахрланаман. Матлуба Бердиқулова вилоят биринчилигида ғолиб бўлди. Райҳон Омонова эса 2013 йили «Умид ниҳоллари» мусобақаларида биринчи ўринни қўлга киритди. Бу билан кифояланмасдан доимо ўз устимда ишлаб, чемпионлар чиқаришга ҳаракат қиляпман.

— Қизим Фарангиз Тангирова 7 йилдан буён бадиий гимнастика билан шуғулланади, — дейди Анора ЖОНИБЕКОВА. — У 2013 йили ўтказилган вилоят биринчилигида ғолиб бўлди. Ҳозир қолган фарзандларим ҳам спорт билан шуғулланмоқда. Шундай соғлом қизларнинг онаси эканимдан фахрланаман. Болаларимизга барча шароитлар яратиб берилганидан жуда миннатдормиз.

— Қизим болалигида кўп касал бўларди, — дейди Моҳира ТАНГИРОВА. — Шифокорлар спорт билан шуғулланишини маслаҳат беришди. Уни бадиий гимнастикага бердик. Тўғрисини айтсам, шундан кейин қизим қачон касал бўлганини эслолмайман. Барча ота-оналарга маслаҳатим бор: вақтни ўтказмасдан фарзандингизни спорт тўгарагига беринг.

— Бадиий гимнастика маш­ғулотларига қатнай бошлаганимдан кейин ўзимга бўлган ишончим ортди. Спорт­нинг энг яхши томони, унда доимо ғалабага интилиш керак бўлади, — дейди Ирода ШОМИРЗАЕВА. — 2011 йили Самарқанд шаҳрида ўтказилган республика очиқ биринчилигида ғолиб бўлиб, Германияда бўлиб ўтган халқаро турнирда иштирок этдим. Бу ҳаётимдаги энг унутилмас лаҳзалар эди. Бизга бутун дунёга чиқиш имкониятини яратиб берган Президентимизга раҳмат айтмоқчиман. Мен у кишини ишонтириб айтаманки, эртага бизнинг орамиздан ҳам олимпиада чемпионлари етишиб чиқади.

— Олти йилдан бери бадиий гимнастика билан шуғулланаман, — дейди Гулбаҳор МАРДИЕВА. — Очиғини айтсам, бошида ота-онам бунга қарши бўлишганди. Кейинчалик мусобақалардаги ютуқларимни кўриб, бошқа сингилларимни ҳам спортнинг шу турига беришди. Энди оила даврасида асосан бадиий гимнастика ҳақида, гаплашамиз.

— Конституциямизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари кўрсатилган. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бола тарбиясида бош масъулият ота-она зиммасига юкланган, — дейди Қўшработ туман прокурори Шуҳрат ТОШТЕМИРОВ. — Фарзандларимизни гиёҳвандликдан, турли жиноятлардан қайтариш йўлини тўғри танлай олишимиз керак. Бу йўл болаларни ўқишга, спортга йўналтириш йўлидир. Спорт билан шуғулланган бола жиноят кўчасига кирмайди, ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлади. Ҳуқуқшунос сифатида шуни айтмоқчиманки, болалар спортига берилаётган эътибор туфайли бугун вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик сезиларли равишда камаймоқда.

— Спорт байрамида иштирок этиб, кўнглимдан шундай ўйлар ўтди: тез орада қўшработлик бадиий гимнастикачилар орасидан дунё чемпионлари етишиб чиқади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фрак­цияси аъзоси Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ. — Буни уларнинг хатти-ҳаракати, интилиши ва кўзлари ёниб туришидан сездим. Бугун одамларнинг ҳаётга қарашлари ўзгарди, ота-оналарнинг ўзи болалари ўқишини, спорт билан шуғулланишини истамоқда. Бунинг учун уларга ҳамма шарт-шароитлар  яратилган. Ўзбек оиласида ҳамиша бобо-бувиларнинг ўз ўрни бўлган. Шунинг учун ҳам бугун спорт мактабига набираларини етаклаб келаётган, мусобақаларда мухлислик қилаётган кексаларимизга тез-тез дуч келаман. Боласини спортга берган ота-она келажакда фарзанд тарбияси билан боғлиқ муаммоларга дуч келмайди...

...Қўшработдан бир олам таассуротлар билан қайтдим. Фидойи спорт мураббийлари, кўпни кўрган кексалар, ота-оналар ва бадиий гимнастикачи қизлар билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Бу мулоқотларда шуни англадимки, озод юрт одамлари ўз тақдирига, фарзандлари келажагига бефарқ эмас. Ҳа, улар эртага Ватан, Миллат шаъни учун курашади. Ғалаба қозонади. Озод юрт одамлари орзулар осмонида, бахт­ бағрида, умидлар уммонида яшамоқда.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ



DB query error.
Please try later.