30.06.2015

ЮКСАК ИШОНЧ ВА МАСЪУЛИЯТ

Президентимизнинг 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табриги журналистлар, ноширлар, матбаачилар ва бутун халқимиз томонидан қизғин кутиб олинди.

Баҳром ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг табригини эшитар эканман, мустақиллик йилларида матбуотимиз тараққиёти йўлида қилинган беқиёс ишлар хаёлимдан бирма-бир ўтди. Мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, халқимизнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Жамиятда ахборот олиш ва уни тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар замонавий, халқаро андозалар асосида тобора такомиллаштирилмоқда. Сўнгги йилларда юртимизда оммавий ахборот воситалари соҳасида 10 га яқин қонун қабул қилиниб, кўплаб қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Буларнинг ҳаммаси матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожига хизмат қилмоқда. Табрикда таъкидланганидек, бугун юртимиздаги босма нашрларнинг 60 фоизга яқини, телерадиоканалларнинг 67 фоизи, интернет нашрларининг эса 95 фоизи давлатга қарашли бўлмаган оммавий ахборот воситалардир. Бу нимани анг­латади? Демак, юртимизда демократик жараёнлар тобора чуқурлашиб, фуқаролик жамияти ривожланиб бормоқда.

Дунёдаги демократик давлатлар тажрибаси шуни тасдиқлайдики, нодавлат оммавий ахборот воситаларида доимий равишда долзарб ижтимоий масала ва мавзулар кўтарилиши, уларда фуқаролар, кенг жамоатчиликнинг фикри ва қарашлари акс этиши катта аҳамият касб этади.

Асли касбим журналист. Президентимиз табригини ҳам журналист, ҳам депутат сифатида диққат билан ўқиб, бир хулосага келдим. Унда ҳозирги глобаллашув жараёнида, ахборотга эгалик қилиш учун кураш авж олаётган, геосиёсий манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган бир шароитда журналистлар олдида турган долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилди. Бу жараёнда дунё ахборот маконидан муносиб ўрин эгаллашимиз учун қонуний асосларнинг ўзи, турли имтиёз ва қулайликлар яратилиши камлик қилади. Бунинг учун энг аввало журналистларимизнинг билими ва профессионал маҳорати юқори бўлиши зарур. Бу талаб доим изланиш, ўқиш, ўрганишни тақозо этади.

Анвар АБДУВАЛИЕВ, «O‘zbekiston» телерадиоканали директорининг ўринбосари:

— Касбинг ва меҳнатинг ҳақида яхши гап эшитсанг, қувонасан, ғурурланасан, албатта. Аммо мамлакат раҳбаридан эътироф эшитиш киши қалбини қанчалик фахр-ифтихорга тўлдиришини сўз билан ифодалаш қийин экан.

Ўзбек Миллий академик драма театрида Президентимиз табриги ўқиб эшиттирилаётганида, тўғриси, ҳая­жонланиб атрофга қарадим. Ҳамманинг юз-кўзидан қалбида қувонч, ғурур жўш ураётгани кўриниб турарди. Айниқса, табрикдаги сиз, азиз журналистларни мен доимо қўллаб-қувватлашга, ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришга тайёр эканимни, сизларни ўзимнинг энг яқин ҳамфикр ва маслакдошим, деб билишимни яна бир бор изҳор этмоқчиман, деган сўзлар бизни қаттиқ тўлқинлантириб юборди, кучимизга куч қўшди, қаддимизни янада баланд кўтарди.

Бу сўзлар журналист меҳнатининг жамиятдаги ўрни нақадар баландлигини кўрсатади, матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг нуфузини янада оширади.

Табрикда айтилганидек, мустақиллик йилларида миллий матбуот ва оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, хусусан, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунинг тасдиғини  Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мисолида ҳам  кўриш мумкин. Катта маблағ ҳисобига энг замонавий техникалар келтирилди, янги-янги каналлар очилди. Натижада табрикда алоҳида таъкидланганидек, яқин ўтмишда атиги 24 соат эфир вақти бўлган телерадиокомпаниямиз каналларининг бугунги эфир вақти бир кеча-кундузда 520 соатни ташкил этмоқда. Бу рақамлар айтишга осон, бунинг ортида улкан эътибор, меҳнат ва маблағ ётибди.

Президентимиз томонидан бизга кўрсатилаётган бунчалик ғамхўрлик, билдирилаётган ишонч зиммамизга катта масъулият юклаётганини ҳам юракдан ҳис этиб турибмиз. Менинг фикримча, ўз тақдирини журналистика билан боғлаган ҳар бир ҳамкасбимиз табрикни қайта-қайта ўқиб чиқиши ва ўз вазифасини аниқ белгилаб олиши зарур. Табрик маъно-мазмунига диққат-эътибор билан қаралса, биз, журналистларга катта ишонч билдирилаётгани яққол сезилади. Ана шу юксак ишончни оқласаккина, Юртбошимизнинг ҳақиқий ҳамфикри ва маслакдошига айланамиз.



DB query error.
Please try later.