30.06.2015

ДЕПУТАТЛАР МАМЛАКАТИМИЗДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ БАЗАСИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚДИЛАР

29 июнь куни Олий Мажлис қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Парламент қуйи палатасининг кун тартибига «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларини ҳамда мамлакатимиз ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган бошқа қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини муҳокама этишга доир масалалар киритилди.

Барча масалалар олдиндан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бир қатор қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ҳамда идоралар вакиллари иштирокида муҳокамадан ўтган эди. Уларни муҳокама қилиш жараёнида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган қа­тор амалий таклифлар билдирилди.

Депутатлар ўз ишларини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган «Инвестиция ва пай фондлари тўғ­рисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ло­йиҳасини муҳокама қилишдан бошладилар.

Таъкидландики, инвестиция ва пай фондлари жаҳон амалиётида кенг ёйилган. Шу сабабли «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини сифатли тайёрлаш мақсадида АҚШ, Германия, Корея, Россия ва бошқа мамлакатларнинг ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари таҳлилдан ўтказилди. Бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонунлар инвестиция ва пай фондларини ташкил этиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Уларда «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган асосий нормалар белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва пай фондларининг фаолиятини тартибга солувчи махсус қонунни қабул қилиш зарурлиги шу билан изоҳланадики, мазкур институтлар ўзига хос механизм бўлиб, ушбу механизм ёрдамида хусусий шахслар пул маблағлари ва бошқа активларни бошқариш учун профессионал менежерлар қўлига топширадилар. Натижада жамоавий инвестициялаш тизими ишга тушади ва бу бўш турган пул маблағларини ҳаракатга келтириш ҳамда уларни миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларини молиялаштиришга йўналтириш имконини беради.

Бинобарин, инвесторлар киритган маблағларнинг ягона жамланмаси шакллантирилади. Унда ҳар бир инвесторнинг ўз инвестицияларига мутаносиб улуши бўлади. Бу профессионал бошқарувни, харажатлар ва таваккалчиликлар диверсификация қилиниши ҳамда камайишини таъминлайди.

Янги қонуннинг қабул қилиниши фонд бозори томонидан иқтисодиёт тармоқлари ўртасида сармоянинг эркин оқимини таъминлаш, инвесторларга ва аҳолининг кенг қатламларига капитал бозорига кириш имкониятини бериш, жамғармаларни шакллантириш ва кўпайтириш учун муқобил имкониятлар яратиш каби вазифалар янада самарали бажарилишига хизмат қилади.

«Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонун ло­йиҳасини ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

— Партиямиз Сайловолди дастурининг асосий қоидалари нуқтаи назаридан инвестиция ва пай фондларини бош­қариш институти алоҳида ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик. Чунки у аҳолининг мамлакатимиз молия институтларига ишончи ошишига, фуқароларнинг даромадлари кўпайишига, шу аснода одамларнинг турмуш даражаси ва сифати юксалишига жиддий таъсир кўрсатади, — деди Ўзбекис­тон Халқ демократик пар­тия­си фракциясининг аъзоси Қ.Мирзаев. — Шунга қарамай, амалдаги қонун ҳужжатларида ҳозиргача ана шу фонд­ларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тартибга солувчи махсус қонун йўқ. Ин­вестиция ва пай фондларини ташкил этишнинг асосий принциплари, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фонд­ларни тартибга солувчи ваколатли давлат органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйиладиган «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонунни қабул қилишнинг аҳамияти ана шулар билан изоҳланади.

Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қоидаларини маъқулладилар ва уни қабул қилдилар.

Депутатлар кун тартибига киритилган бошқа масалаларни кўриб чиқдилар ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати

(Материал қисқартирилган ҳолда берилмоқда).



DB query error.
Please try later.