30.06.2015

СИЁСИЙ ПАРТИЯНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ЎРНИ

ҳаётий ташаббуслар билан ўлчанади

Айни кунларда Сурхондарё вилоятида ЎЗХДПнинг 797 бошланғич таш­килоти фаолият кўрсатмоқда. Уларга 35 минг нафардан ортиқ партиямиз аъзоси бирлашган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашида партиямиздан 17, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 128 нафар депутат фаолият олиб бормоқда.

Вилоятда партиямиз ғоялари тар­ғиботини кучайтириш, аҳоли, сайловчилар орасида партиямиз нуфузини ошириш мақсадида  изчил равишда сиёсий ўқувлар ўтказиб келинмоқда. «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш» маркази», «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» каби лойиҳалар ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўтган йилда маҳаллий Кенгашлар сессияларига электоратни ўйлантираётган 20 га яқин долзарб масала киритилди. Улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилингач, ижросини таъминлаш мақсадида депутатларимиз ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Биламизки, мамлакатимизда тобора чуқурлашиб бораётган демократик жараёнлар сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувида ҳамда фуқаролик жамиятини барпо этишдаги масъулиятини оширмоқда. Бугунги кун сиёсий партиядан ўз Сайловолди платформасини бажариши учун ташаббускор бўлишни, ҳаётий таклифларни илгари суришни, энг муҳими, уларни амалга ошириш учун қатъият кўрсатишни талаб этмоқда.

Шунинг учун маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари ва партия ташкилотлари Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга астойдил киришган. Хусусан, сайловчилар билан бирга ҳамқадам ва ҳамнафас бўлаётган депутатларимиз жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий Кенгашлар сессияларига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, кексалар ҳамда ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш каби ўнга яқин масалаларни киритди.

Бундан ташқари, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатидан келиб чиққан ҳолда иш юритаётган депутатлик гуруҳлари соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар, коммунал хизматлардаги камчиликлар, қишлоққа саноатни олиб кириш каби қатор ижтимоий масалалар юзасидан назорат-таҳлил ишларини олиб боришди. Алоҳида таъкидлаш керакки, биз кўтараётган масалалар нафақат партиямизнинг дас­турий мақсадларини амалга ошириш, балки вилоятни ҳар жиҳатдан тараққий эттириш, ҳудудларни обод қилиш, жойларда ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир.

Электоратни ўйлантираётган муаммоларни атрофлича ўрганиш, муҳим ижтимоий масалаларни сессияларга олиб чиқишда, ҳаётий таклиф ва ташаббуслар кўпайишида ЎзХДП жамоатчилик қабулхоналари фаолияти муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Жойларда ташкил этилган 15 та Жамоатчилик қабулхонаси сайловчилар, электорат вакиллари мурожаатлари, шунингдек, фикр-мулоҳазаларини қабул қилишда ўзига хос ўрин тутмоқда. Мурожаатлар сони йил сайин ошяпти. Беш йил мобайнида қабулхоналарга 2 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган ва  уларнинг асосий қисми ўз ечимини топган. Бу борада ЎзХДП Термиз шаҳри, Шўрчи, Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Олтинсой, Сариосиё туман кенгашларида яхши натижаларга эришилган. Жорий йилнинг ўтган беш ойида келиб тушган 250 дан ортиқ мурожаатнинг ҳозиргача 70 фоизи ҳал этилди.

Шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Олтинсой, Денов, Термиз шаҳри ва Термиз туманида ўтказилган форумларда кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, туман ҳокимлиги вакиллари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 50 дан ортиқ мурожаат бўлди. Уларнинг асосий қисми жойида ечим топди. Кўчма Жамоатчилик қабулхоналари сайловчилар мурожаатларини тез фурсат ичида ҳал қилишда янада кенг имкониятлар яратди. Шунинг учун бу тажрибани партия­миз тизимидаги бошқа ло­йиҳалар доирасида ҳам қўллашни кўзлаб турибмиз.

Депутат халқ билан ҳамнафас бўлса, обрў-эътибор қозонади. Амалга оширган ишлари эл манфаатига хизмат қилса, юртимиз гуллаб-яшнайди. 2014 йилда давлат ҳокимияти ва бош­қарув органларига партиямиздан сайланган депутатлар томонидан 200 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилган бўлса, жорий йилнинг беш ойида бу кўрсаткич 80 тани ташкил қилмоқда.

Тўғри, талай ютуқлар қўлга киритилган бўлса-да, фаолиятимизда ҳали бартараф этишимиз керак бўлган камчиликларимиз ҳам оз эмас.

Айни кунларда воҳада 2 миллион 200 минг нафардан зиёд аҳоли бўлса, шундан 60 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яшайди. Уларнинг ўзига яраша муаммолари бор. Шундан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган юртдошларимизни қийнаётган масалаларни ўрганиш ва сессияларга олиб чиқишни устувор вазифаларимиздан бири этиб белгилаганмиз.

Сафларимизни янада мустаҳкамласак, депутатлар ва фаолларимизнинг имкониятлари, салоҳиятидан унумли фойдалансак, партия ташкилотларимизнинг иши янада жонланади. Сайловолди дастури ижроси муваффақиятли таъминланади.

Чори ЖУМАҚУЛОВ,

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

 

АНИҚ МАҚСАД ВА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР

ЎзХДП дастурига мувофиқ, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиш партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларининг долзарб вазифаси ҳисобланади. Чунки шу орқали электорат манфаати ҳимояси таъминланади, халқи­миз ҳаёти янада фаровонлашади.

Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий Кенгашлар сессияларига 2011 йилда 6, 2012 йилда 21, 2013 йилда 28 масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, депутатлар фаолиятида ўсиш кўзга ташланади. Бу партия­миз гуруҳлари ягона мақсад йўлида ҳаракат қилиб, тажриба орттириб бораётганини билдиради. Лекин, негадир, 2014 йилда маҳаллий Кенгашлар сессияларига масала киритишда партия гуруҳларимиз фаолиятида бироз сусткашлик кузатилди. Улар томонидан сессияларга 15 та масала олиб чиқилди холос. Биз бунинг сабабларини таҳлил қиляпмиз. Вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи ташаббускорлигини кўпайтириш, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия­миз гуруҳлари фаолиятини янада самарали ташкил этишга эътибор қаратмоқдамиз.

Аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш устувор вазифадир. Бу борада ҳамкор ташкилотлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилгани ижобий натижаларини бермоқда. 2013 йилда музработлик 11 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчисига, термизлик 12 нафар ёш тадбиркорга қарийб 500 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Денов ва олтинсойлик 30 нафардан ортиқ йигит-қиз ҳам ана шундай имкониятга эришиб, кредитлар олишди. Натижада 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Маълумки, партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури қабул қилинган. Унинг ижросини таъминлаш учун вилоят кенгаши, жойлардаги партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан аниқ вазифалар белгилаб олинди. Қумқўрғон тумани ва Термиз шаҳрида уч марта партия етакчилари ва депутатлик гуруҳлари раҳбарлари иштирокида ҳудудий семинарлар ташкил қилдик. Электорат вакилларини ўйлантираётган масалалар ўрганилиб, таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда. Аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда фаолият кўрсатсак, устувор вазифалар, албатта, амалга ошади.

Фаррух АБЖАЛОВ,

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши бўлими мудири.

 

«ЎзХДП ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАСИГА МУРОЖААТ ҚИЛГАН ЭДИК...»

ЎзХДП томонидан Жамоатчилик қабулхоналарининг ташкил қилингани партиянинг катта ютуғи бўлди. Унда нафақат электорат вакилларини қийнаётган масалалар, балки халқимизни ўйлантираётган муаммолар ҳам бартараф қилинмоқда.

Маҳалламиз туман марказидан 10-12 километр олисда жойлашган. 2 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда 250 дан кўпроқ хўжалик бор. Бундан ташқари, 41-умумтаълим мактаби ва талай муассасалар фаолият кўрсатмоқда. Кўп йиллардан буён суғориш ишларида муаммо бўлаётганди. Мушкулимизни осон қилишларини сўраб, тегишли идораларга бордик. Аммо бизни ҳеч ким тингламади. Ўтган йилнинг баҳорида ЎзХДП Жарқўрғон туман кенгашидаги Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилдик. Шундан кейин муаммони бартараф қилиш чора-тадбирлари кўрилди.

Оққўрғон қишлоқ фуқаролар йиғини, «Эски қўрғон» ва «Нурли келажак» фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда мутасаддилар иштирокида масала атрофлича ўрганилди. Кўп ўтмай, «Оққўрғон 6-1» зовурининг 1,5 километрини тозалаш ва таъмирлаш ишлари бошланди. Аммо орада негадир ишлар тўхтаб қолди. Яна Жамоатчилик қабулхонасига боришга тўғри келди. ЎзХДП туман кенгаши раиси Алишер Маматмуродовнинг ташаббуси ва кўмаги билан масала ижобий ечим топди. Бугунги кунда 250 дан ортиқ хонадоннинг томорқаси, «Эски қўрғон» ва «Нурли келажак» фермер хўжаликлари ер майдонлари оби-ҳаётдан баҳраманд бўляпти. Сув келтирган, кўприк қурган савоб, дейдилар. Элнинг мушкулини осон қилаётган инсонлардан беҳад миннатдормиз.

Бобомурод ЧОРИЕВ,

Жарқўрғон тумани, Оққўрғон маҳалласидан.

 

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ, МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Аёллар жамият кўрки, миллат давомчиларидир. Бугун озод юртнинг фаол аёллари Ватан ривожи, мустақил Ўзбекистоннинг равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Айни пайтда вилоятдаги партиямиз аъзоларининг 30 фоиздан кўпроғи, яъни 12500 нафарга яқинини хотин-қизлар ташкил қилади. Маҳаллий Кенгашларда ЎзХДПдан сайланган 24 нафар аёл депутат фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда сафларимизга ташаббускор, интилувчан хотин-қизларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг­га яқин фуқаро партия сафига қабул қилинган бўлса, уларнинг қарийб 350 нафарга яқини чекка ҳудудларда яшаётган хотин-қизлардан иборат экани ҳам бунинг ёрқин ифодасидир.

Хотин-қизлар фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, меҳнат қилишлари учун уларга муносиб шароит яратиш ЎзХДП Сайловолди ва Ҳаракат дастурида устувор вазифа этиб белгиланган. Шу боис сафимизни фаол, изланувчан ва ташаббускор хотин-қизлар ҳисобига кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Бунинг учун жойларда семинар-тренинг ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Термиз, Жарқўрғон, Денов, Олтинсой, Қумқўрғон, Шўрчи, Узун, Сариосиё ва бошқа туманларда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг банд­лигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида 50 дан ортиқ учрашув ташкил қилинди. Натижада хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб, уларни қийнаётган масалалар ижобий ечим топди. Юздан ортиқ кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳомийлар кўмагида моддий қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, Бойсун, Денов, Шўрчи, Узун ва бошқа туманларда семинарлар ўтказилди. Ўнлаб хотин-қиз ўз тадбиркорлигини бошлаб, янги иш ўринлари яратилди.

Масалан, Термиз туманидаги «Дўстлик» маҳалласида истиқомат қилувчи Малоҳат Муроталиева болажонлар учун турли ўйинчоқ ва сумкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлардан бугун мижозлар мамнун. Дастлаб уч нафар киши меҳнат қилган жамоада жорий йилда яна 7 та янги иш ўрни яратилди. Демак, ҳар бир киши вақт ва имкониятдан унумли фойдаланса, албатта, кўзлаган мақсадига эришади...  

Партиямиз устувор вазифаларидан келиб чиқиб, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни изчил давом эттирамиз. Уларнинг ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш, имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиш даражасини кўтариш чора-тадбирлари белгиланган.

Жамиятда ўз ўрнига ва мустақил фикрга эга аёл оқил фарзанд тарбиялаш баробарида, юрт ривожи учун ҳам муносиб ҳисса қўша олади. Бизнинг барча саъй-ҳаракатимиз, ҳар бир лойиҳамиз ана шу мақсадга қаратилган.

Нилуфар ШАЙМАНОВА,

ЎзХДП  Сурхондарё вилоят кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири.

 

ФАХР, ИФТИХОР ВА FУРУР

ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзосиман. Тенгдошларимиз билан доим ҳаётдаги режа ва мақсадларимиз ҳақида фикрлашиб турамиз. Бизга кенг имкониятлар яратилгани ҳақида ғурурланиб гапирамиз.

Болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан хурсандмиз. Ўтган қисқа даврда воҳа марказида «Сурхон» спорт мажмуаси, 10 минг томошабинга мўлжалланган стадион, «Дельфин» сузиш ҳавзаси ва ўнлаб спорт масканлари ўғил-қизлар ихтиёрига топширилди.

Ҳар бир йигит-қизда истак, хоҳиш ва кучли ирода бўлса, кўзлаган мақсадига албатта эришади. Ёрқин ғалабалар мени ҳам ана шундай улуғ мақсадларга етаклади ва 2010 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида бўлиб ўтган ХVI Осиё ўйинларида бронза медали соҳибасига айландим. 2011 йилда эса Франция пойтахти Парижда ўтказилган жаҳон чемпионати ҳамда Дубайдаги гран-при халқ­аро турнирларида муваффақиятли қатнашдим. 2013 йилнинг охирида Бирлашган Араб Амирликларида катталар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритдим. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида якунланган XVII Осиё ўйинларида кумуш медал насиб этди. 

Инсон учун чинакам бахт — орзуларининг ушалишида, деб ўйлайман. Уни амалга ошириш учун эса доимо олға интилиш лозим. Мамлакатимизнинг чекка ҳудудида яшаётган ёшларнинг жаҳон майдонларида улкан ва оламшумул ғалабаларга эришаётгани ҳар биримизда фахр ҳиссини уйғотади. Халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилар эканман, кўз ўнгимда доим она қишлоғим, жаннатмонанд ва жондан азиз ватаним гавдаланади. Ҳар гал мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаганимда, «Истиқбол» ёшлар қанотидаги дўстларим ёнига шошаман, улар билан таассуротларимни ўртоқлашаман. Бу суҳбатлар асносида бизда янги ғоя ва мақсадлар пайдо бўлади...

Барно МИРЗАЕВА,

XVII Осиё ўйинлари совриндори, ЎзХДП аъзоси.

 

БОШЛАНFИЧ ТАШКИЛОТ ФАОЛ БЎЛСА, ТАШАББУСЛАР КЎПАЯДИ

Бошланғич партия ташкилотлари партиянинг мустаҳкам пойдеворидир. Таянч мустаҳкам бўлсагина, ташаббус, ривожланиш ва тараққиёт бўй кўрсатади. Биз меҳнат қилаётган «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темир йўл компанияси 166-йўл машина станцияси ҳам ана шундай жамоалардан бири. Айни кунларда бу ерда 200 га яқин ходим фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 50 нафари партиямиз аъзоси ҳисобланади. 

Фаолларимизнинг кўпчилигини мамлакат тараққиёти йўлида фидоийлик намуналарини кўрсатган инсонлар ташкил қилади. Ўзбекистон Қаҳрамони Юсуф Зияев, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиблари Холмўмин Хўжамуродов, Аваз Сувонов, «Дўстлик» ордени соҳиби Эргаш Саидаҳмедов, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси Мунаввара Маллаева, «Шуҳрат» медали билан тақдирланган Остонақул Бобожонов, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими» Менгали Қўзиевлар фахримиздир. 

Темирйўлчиларимиз ҳар бир амалга оширилаётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. «Термиз-Термиз-2», «Ғалаба-Амузанг», «Қумқўр­ғон-Сурхон» каби ўнга яқин йўналишлардаги вазифалар муваффақиятли амалга оширилаяпти.

Амалдаги йилда темирйўлчилардан 10 нафари турли сиҳатгоҳларда соғлиқларини тиклаган бўлса, 26 киши моддий рағбатлантирилди. Ўттизга яқин меҳнат фахрийси юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатга олиб борилди.

Жамоамизда ўзаро ёрдам, ҳурмат, ҳамфикрлик бор. Шундан бўлса керак, муаммоларни биргаликда бартараф этаяпмиз. Демак, партия ташаббускорлиги ошишида унинг негизи бўлган БПТ муҳим ўрин тутади.

Холиқул БЕРДИЕВ,

«Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темир йўл компанияси 166-йўл машина станциясидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси.

 

ЁШЛАР КЕЛАЖАККА ИШОНАДИ 

«Истиқбол» ёшлар қаноти 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган партия аъзолари ва хайрихоҳларни бирлаштирган. Айни кунларда воҳада уларнинг сони 13 минг нафардан кўпроқ.

Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида сурхондарёлик ёшлар ҳам фан, маданият, спорт ва бош­қа соҳаларда улкан натижаларни қўлга киритмоқда. Ана шундай соғлом, ташаббускор ва фидойи йигит-қизларни сафларимизга қўшиш, уларнинг ютуқларини бошқа тенгдошларига ўрнак тариқасида кўрсатиш учун жойларда  «Бугунги талаба — эртанги мутахассис», «Кексалар — ёшлар эъзози ва эътиборида» каби кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Масалан, ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Олтинсой, Денов туманлари ва Термиз шаҳрида «Коллеждан-корхонага» мавзусида иқтисодий форумлар ўтказилди. «Истиқбол» ёшлар қанотининг вилоят, туман ва шаҳар бўлимларида «Ёшлар ҳуқуқий маслаҳатхонаси» фаолият кўрсатмоқда. Бундай амалий ишларнинг самараси ўлароқ, кўплаб ёшлар ЎзХДПни танламоқда. 2014 йилда минг­га яқин йигит-қиз сафимизга қўшилган бўлса, жорий йилнинг ўтган беш ойида 450 нафарга яқин ёшларни партиямизга қабул қилдик.

Мана бир неча йилдирки, «Коллеждан-корхонага» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ўтган йили вилоятда 40 мингдан зиёд коллеж битирувчилари мустақил ҳаётга қадам қўйган бўлса, уларнинг 90 фоиздан ортиғи муқим иш ўрнига эга бўлди. 2014-2015 ўқув йилида 43500 нафардан кўпроқ тенгдошимиз катта ҳаёт остонасига қадам қўяди. Айни кунгача уларнинг асосий қисми билан уч томонлама шартнома тузилди.

Сафимиздаги ёшлар энг улуғ маскан — Ватан, энг бебаҳо неъмат — тинчлик, энг масъулиятли вазифа эса эл-юртга хизмат қилиш эканини юракдан ҳис этмоқда. Улар эртага партия­мизнинг энг фаол аъзоларига айланади. 

Cуннатулло БОЗОРБОЕВ,

ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Сурхондарё вилоят бўлими етакчиси.

 

БИЗ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИ ТАНЛАДИК!

Агар Сурхондарё вилоятининг Узун туманига йўлингиз тушса, бу ерда барча жабҳаларда беқиёс ютуқлар қўлга киритилаётганига гувоҳ бўласиз. Янги объектларнинг ишга туширилиши, сервис ҳамда маиший хизмат соҳасидаги ўзгаришлар юртдошларимизга қўшимча қулайликлар яратмоқда.

2014 йил жойларда 100 дан ортиқ турли ишлаб чиқариш шохобчаси фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 50 га яқин катта-кичик тадбиркорлик субъект­лари иш бошлади.

Олис ҳудудда умргузаронлик қилаётган 150 минг нафардан ортиқ аҳолининг ярмидан кўпини ёшлар ва хотин-қизлар ташкил қилади. Уларни қўллаб-қувватлаш, қулай шароитлар яратишда ЎзХДПдан сайланган депутатлар фаоллик кўрсатмоқда. Муаммоларни бартараф қилиш, хотин-қизларни ўйлантираётган масалалар ечимида партия фаоллари яқин кўмакчи бўляпти.

«Фаол аёллар» қаноти ташаббуси билан яқинда туманимизда навбатдаги учрашув ўтказилди. Тадбирда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-тиббий маданиятини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларни ўйлантираётган масалаларни ижобий ҳал этиш чоралари белгиланди. Ўн бир нафар фахрийга совғалар топширилди.

Маълумки, ҳар қандай сиёсий партиянинг таъсир кучи,  аввало, аъзоларининг салоҳияти билан белгиланади. ЎзХДП ўз сафини иқтидорли ёшлар ва хотин-қизлар билан кўпайтиришни мақсад қилган фаол сиёсий куч. Унинг ғоялари ҳаётий. Кундалик, бир қарашда оддий кўринган масалаларни ҳал қилмасдан, юксак тараққиётга эришиб бўлмайди. Яқинда 10 нафар хотин-қиз бир пайтда ушбу партияга аъзо бўлдик. Бунинг сабаби, ЎзХДП ғояларини қўллаб-қувватлаймиз. Электоратни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этишда партиянинг ўзига хос йўли ва мақсади бор. Бу бизни руҳлантиради. Келажакда тарафдорларимиз сони янада кўпайишига ишонаман.

Сафаргул РАЖАБОВА,

Узун туманидаги «Янгийўл» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси.

 

Махсус саҳифа материалларини ўз мухбирларимиз —

Абдумалик ҲАЙДАРОВ ва Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.