27.06.2015

Олий суд пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Олий суд раиси Ш.Ғозиев бошқарган мажлисда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Натижада фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш самарадорлиги ортиб, жамиятда адолат барқарорлиги таъминланмоқда. 

Мажлисда пленумнинг «Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон юксак транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда автомобилсозликни янада ривожлантириш, янги замонавий йўллар барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Энг асосийси, автомобилсозлик саноатига асос солинди ва бугунги кунда Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи 28 давлатдан бири сифатида дунёга танилди. Юртимиз кўчаларида йилдан-йилга ўзимизда ишлаб чиқарилган турли русумдаги автомобиллар тобора кўпайиб бораётир. Бу соҳа иқтисодиётимизнинг янада юксалишига хизмат қилмоқда. 

Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида соҳага оид қатор янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, 2013 йилда кучга кирган янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза этилиши, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки, шунингдек, атроф-муҳит ҳимоя қилинишини таъминлашга мустаҳкам асос яратди. Шу йўналишда қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари такомиллашиб, уларни бузиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жавобгарлик кучайтирилди. 

Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби такомиллаштирилгани, автомобиллар ҳаракатини кузатиш ва назорат қилишнинг марказлаштирилган ягона ахборот-компьютер тизими шакллантирилаётгани ва бошқа комплекс чора-тадбирлар амалда кутилган самарани бераётир. 

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, йўлларда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида дунёда ҳар йили 1,2 миллиондан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмар экан. Мазкур нуфузли халқаро ташкилотнинг маърузасида Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлиги учун хавфли омилларнинг олдини олиш чораларини кўраётган, яъни транспорт воситасини маст ҳолда бошқаришни истисно этувчи, хавфсизлик камаридан фойдаланишни таъминловчи мукаммал қонун нормаларига ва бошқа бир қатор йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини назарда тутувчи қонунчилик базасига эга бўлган давлатлардан бири сифатида эътироф этилган. 

Пленумнинг “Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорини қабул қилишдан кўзланган мақсад транспорт ҳаракати хавфсизлигига оид қонунларни амалиётда самарали тадбиқ этишдир. Бу соҳада ягона суд амалиётини шакллантириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. 

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. 

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев иштирок этди. 

Норгул Абдураимова, ЎзА 


DB query error.
Please try later.