27.06.2015

Эътибор ва ғамхўрлик – матбуотимиз ривожининг муҳим омили

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни кўз қоричиғидек асраб-авайлаш, Ватанимизни жадал равнақ топтириш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар журналистларга ҳам масъулиятли вазифалар юкламоқда. 

Ўзбек Миллий академик драма театрида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда бу жиҳатлар яна бир карра акс этди. Унга сенаторлар, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари, ноширлик соҳаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрий журналистлар, матбаачилар, олий ўқув юртларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, талабалар таклиф этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди. 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси И.Ҳалимбеков, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети декани М.Мирсоатова, “Наманган ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири М.Парпиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда янги жамият, озод ва обод ҳаётни барпо этиш борасидаги узоқни кўзловчи, пухта ўйланган ислоҳотлар жараёнида миллий матбуот соҳасини жадал равнақ топтириш, фуқароларнинг сўз ва ахборот олиш эркинлигини тўла таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ахборот излаш, олиш ва уни тарқатишга оид ҳуқуқлари, оммавий ахборот воситаларининг эркин ва қонунга мувофиқ фаолият юритиши, ахборот хавфсизлигига доир кафолатларнинг асосий тамойилларини белгиловчи меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилган. 

Соҳага оид миллий қонунчилик оммавий ахборот воситалари ҳамда нашриёт-матбаа корхоналарининг эркин ва самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг жамиятдаги нуфузи, ижтимоий мақомини ошириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ахборот олишга доир ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш имконини бермоқда. 
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси миллий медиа соҳани босқичма-босқич ислоҳ этиш, уни изчил равнақ топтириш борасидаги истиқболларни белгилаб берди. Концепция доирасида қабул қилинган қонунлар оммавий ахборот воситалари, нашриётлар, полиграфия корхоналари ва матбуот тарқатувчи ташкилотларни янада ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоат назоратини ўрнатишда уларнинг таъсирчанлигини тобора кучайтиришда кенг имкониятлар яратмоқда. 

Сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасидаги изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда медиа соҳанинг жадал ривожланиши, оммавий ахборот воситалари, жумладан, нодавлат оммавий ахборот воситалари сони ўсиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари 1400 дан ошиб кетди. Улар орасида нодавлат медиа тузилмалар салмоқли қисмни эгаллаётгани нодавлат оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлов, “Энг улуғ, энг азиз”, “Йилнинг энг фаол журналисти” республика кўрик-танловлари журналистларни ижодий парвозлар сари руҳлантириш, жамиятнинг турли жабҳаларидаги долзарб масалалар ечимини топишга йўналтирилган, теран таҳлилий асосдаги материаллар тайёрлашни рағбатлантириш, соҳа ходимларини ўз фаолиятига янгича назар билан ёндашишга ундашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда ушбу ижодий лойиҳалар мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳада кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига янада кенгроқ етказиш, юртдошларимизда фаол фуқаролик позицияси, Ватан тақдири ва келажаги учун дахлдорлик туйғусини кучайтиришда ОАВ ходимларининг иштироки ва ҳиссасини оширишдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. 

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти – 2014” республика кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида оммавий спорт тарғиботи бўйича фаоллик кўрсатган журналистларга диплом ва совғалар топширилди. 

Тақдирланганлар номидан сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикасининг “Истиқлол ва қонун” газетаси масъул котиби Саламат Ажимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телеканали “Ахборот” информацион дастурлар бош муҳарририяти бош муҳаррири ўринбосари Сергей Алибаев ва бошқалар миллий матбуот соҳасини изчил равнақ топтириш, соҳа ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, янги-янги ижодий марралар сари руҳлантириш борасида кўрсатаётган чексиз эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. 

Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасининг “Ойдин” спектакли намойиш этилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.Боситхонова, А.Икромов иштирок этди. 

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА 


DB query error.
Please try later.