27.06.2015

ОДАМЛАР ИШОНЧИНИ ОҚЛАШ

партиянинг жамиятда нуфузини оширишга хизмат қилади

Навоий шаҳридаги «Лочин» маҳалла фуқаролар йиғини биноси бугун ҳар доимгидан гавжум. «Маҳалла – аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасидаги тадбир нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатиб турибди. Иштирокчилар тадбир бошланмасдан олдин сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, партиямиз томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар масаласида баҳс-мунозарага киришишди.

Суҳбатдошига яқинда Ўзбекистон ХДПга аъзо бўлганлигини айтиб турган йигитнинг сўзлари қулоғимга чалинди. У ўзини Шаҳбоз Зиятов деб таништирди. Навоий давлат педагогика институтининг талабаси экан.

— Сиёсий партиялар фао­лиятини мунтазам кузатиб бораман, — дейди у. — Сиёсий кучларнинг ҳар бири ўз ғоясига, мақсадига эга. Бироқ Ўзбекистон ХДП томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар халқимиз кўнглига яқин. Шунинг учун ҳам ушбу партияга аъзо бўлдим. Бугунги тадбирда ҳам долзарб масалалар муҳокама этилади, уларнинг ечимига оид аниқ фикрлар, таклифлар билдирилади, деб ўйлайман.

Тадбир бошланди. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари  аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, меҳнатга лаёқатли фуқароларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, бу борада партия ташкилотлари ва гуруҳлари билан ўзини ўзи бош­қариш органлари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш масалаларида фикр алмашишди.

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши раиси Акмал Асатовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда йилдан-йилга иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ошиб бораётгани фуқароларнинг фаровон турмуш кечиришида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу қаторда аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган қонунлар ижросини мунтазам ўрганиш, фармон ва қарорлар бажарилиши самарадорлигини янада оширишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳолини ижтимоий муҳофазаси юзасидан белгиланаётган чора-тадбирларга қарамасдан бу борада баъзи бир камчиликлар ҳам учраб турибди. Кейинги пайтда партиямиз томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида вилоятдаги айрим умумий овқатланиш шохобчалари ёки савдо нуқталарида меҳнат қилаётган фуқароларга меҳнат дафтарчалари очилмасдан, аксинча, оғзаки келишув асосида ҳақ тўланаётгани аниқланди. Бундай ҳолатлар меҳнат қонунчилигига зид, албатта. Қолаверса, меҳнат дафтарчаси очилмасдан ишлаётган ходим йиллар ўтиб, нафақага чиқишда ҳам турли муаммоларга дуч келади. Биз ана шундай салбий ҳолатларга чек қўйишимиз лозим.

— Бугун мамлакатимиз бюджетининг салмоқли қисми айнан ижтимоий ҳимояга йўналтирилаётгани аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг узвий давомидир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Айниқса, ке­йинги йилларда нафақат вилоят ва туман марказларида, балки чекка қишлоқларда ҳам хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини яхшилаш, оилавий тадбиркорлик ҳамда касаначиликни ривожлантириш эвазига иш ўринлари яратиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳам шу мақсадга йўналтириляпти. Бу эса аҳолини иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Биз фракция аъзоларидан ҳам бу борада алоҳида масъулият талаб этилади. Бандлик масалаларида парламент назоратини кучайтириш, коллеж-корхона-битирувчи шартномаларини амалга оширишда учраётган камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф этишга кўмаклашиш муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.

— «Маҳалла аҳолини манзилли ижтимоий  қўл­лаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси 2009 йилда ташкил этилган, — дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Акмал Турсунбоев. — 2009-2014 йиллар давомида жойларда 20 мингга яқин тадбир ўтказилди. Натижада фуқаролардан 15 мингга яқин мурожаат ва таклиф тушди. Уларнинг 80 фоизи ижобий ечим топди.

Тадбир давомида, шунинг­дек, аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган аҳоли қатламларига берилаётган имтиёзлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ажратилаётган микрокредитлар, кекса ва ногиронларни соғломлаштириш йўлида олиб борилаётган эзгу ишлар борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.