27.06.2015

МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИГА

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, сиз, ҳурматли журналистларни, нашриёт ва матбаа, радио ва телевидение соҳаси фидойиларини, муҳтарам фахрийларимиз, юртимиздаги барча муштарийларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, сизларга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришдан мамнунман.

Барчамизга яхши маълум, бугунги ҳаётимизни сизларнинг мураккаб ва масъулиятли фаолиятингиздан, оммавий ахборот воситаларидан айри ҳолда асло тасаввур этиб бўлмайди.

Сизларнинг машаққатли меҳнат маҳсулингизни миллионлаб одамлар қаерда бўлмасин, доимо катта қизиқиш ва эътибор билан кутади. Дунёда кечаётган турли-туман воқеа ва жараёнлар ҳақида сизлар етказадиган тезкор ва холис ахборотнинг, ҳаётий муаммолар, кундалик ташвишлар ва уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида журналист аҳли билдирадиган таъсирчан сўзнинг аҳамияти ва салмоғи ҳозирги замонда тобора ортиб бормоқда.

Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил, ҳам жонлариға мояи дармон бўлғил” деган ҳикматли сўзлари аввало сизлар каби заҳматкаш ва фидойи инсонлар шаънига айтилган, десак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз.

Ҳақиқатан ҳам, сизларнинг мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, одамларимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш, уларни Ватанимиз олдида турган улкан мақсадлар сари сафарбар этиш йўлида қилаётган эзгу хизматларингизни хал­қимиз, жамоатчилигимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Муҳтарам юртдошлар!

Биз бугун қандай шиддат билан ўзгараётган ва ривож топаётган, илгари учрамаган, ечими ўта оғир ва мураккаб бўлган турли-турли муаммоларни туғдираётган ХХI асрда яшаётганимизни ҳеч эсимиздан чиқармаслигимизни истардим.

Шулар қаторида, авваламбор, глобаллашув жараёнлари тобора тезлашиб, дунёнинг бир чеккасида юз берган воқеа-ҳодисалар унинг иккинчи бир четида зудлик билан акс-садо бераётган бир пайтда, бу ҳолатнинг ўзи барчамиздан замонавий билимларни, интеллектуал салоҳият, ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни мукаммал эгаллашни, бир сўз билан айтганда, профессионал малакамизни ошириш учун ўз устимизда мунтазам ишлашни талаб қилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз зарур — ҳозирги вақтда нафақат ҳаёт, балки инсоннинг ўзи, унинг ички дунёси, ҳаётга муносабати ва талаби ҳам тубдан ўзгармоқда. Ана шундай кўпқиррали шароитда бугунги журналист, бугунги матбуотчи бу ҳақиқатни чуқур англаган тақдирдагина самарали фаолият кўрсата олиши мумкинлиги ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ.

Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимиз аҳолисини, замондошларимизнинг ҳаёти ва дунёқарашини кечаги — 90-йиллардаги одамларнинг ҳаёти ва дунёқараши билан солиштирадиган бўлсак, ўртада ер билан осмонча фарқ борлигини кўриш, кузатиш қийин эмас.

Ўз-ўзидан равшанки, бугун биз яшаётган янги давр, ­янгича ижтимоий муносабатлар оммавий ахборот воситаларининг олдига тез суръатлар билан ўзгариб, ривожланиб бораётган жамиятимизнинг талабларига ҳар томонлама муносиб бўлиш, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, уларни кун тартибига қўйиб, жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.

Шуларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, кейинги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг демократик ислоҳотлар жараёнидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, журналист касбининг ижтимоий мақоми ва нуфузини юксалтириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида амалга оширган ишларимиз ҳақида албатта кўп гапириш мумкин.

Мен бу борада фақатгина баъзи бир мисолларга эътиборингизни қаратишни ўринли, деб биламан.

Сўнгги йилларда юртимизда оммавий ахборот воситалари соҳасида 10 га яқин қонун қабул қилиниб, кўплаб қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлиб келаётганини таъкидлашни хоҳлардим. Бунинг тасдиғини охирги 7 йилда соҳа ривожи учун давлат бюджети ҳисобидан кредитлар, ижтимоий буюртмалар ва давлат грантлари шаклида қарийб 13 миллиард сўм маблағ ажратилгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг сони 3,6 карра кўпайиб, ҳозирги вақтда 1 минг 400 дан ортиқни ташкил этаётгани, уларнинг моддий-техник базаси тубдан яхшилангани бизнинг бу борада қандай катта тараққиёт йўлини босиб ўтганимизни кўрсатади.

Мамлакатимизда анъанавий ахборот воситалари билан бир қаторда, интернет журналистикаси ҳам жадал ривожланмоқда. Кейинги 5 йилнинг ўзида веб-сайтларнинг сони 2 баробар ортиб, 300 дан ошиб кетгани мамлакатимиз миллий ахборот маконининг мазмуни ва манзарасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда юртимизда 66 та телеканал, 34 та радиоканал фаолият кўрсатаётгани электрон медиа тармоқларнинг самараси ва салмоғи ҳам тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

Кейинги пайтда амалга оширган кенг кўламли ишларимиз натижасида ҳозир Ўзбекистон аҳолисининг 54 фоизи рақамли телевидение имкониятларидан фойдаланмоқда. Жорий йилнинг ўзида мамлакатимиз бўйича яна 84 та юқори қувватга эга бўлган телеузатгич мосламалари ўрнатилади ва шу тариқа барча ҳудудларимизни 100 фоиз рақамли телевидение билан қамраб олишга эришамиз.

Ҳозирги вақтда биргина Ўзбекистон Миллий телера­диокомпанияси таркибидаги телеканалларнинг бир сутка давомидаги умумий эфир вақти 520 соатни ташкил этмоқда. Ҳолбуки, яқин ўтмишда бу рақам бор-йўғи 24 соатга тенг эди. Айни пайтда миллий ­теледастурларимиз сунъий йўлдош орқали дунёнинг ­юздан ортиқ давлатларига узатилиб, жаҳон жамоатчилигини Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бой маданияти, бугунги сермазмун ҳаёти билан таништиришда катта роль ўйнамоқда.

Таъкидлаш жоизки, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари ҳам ҳаётимизга чуқур кириб бормоқда. Юртимиздаги босма нашрларнинг 60 фоизга яқини, телерадиоканалларнинг 67 фоизи, интернет нашрларининг эса 95 фоизи давлатга қарашли бўлмаган оммавий ахборот воситалари экани бунинг амалий тасдиғидир.

Қадрли дўстлар!

Бугунги хурсандчилик кунда матбуот ва ахборот соҳасида эришган ютуқларимиз, олдимизда турган вазифалар билан бирга соҳанинг келажак истиқболлари хусусида фикр юритишимиз албатта ўринлидир.

Бу ҳақда гапирганда, “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган даъват авваламбор ҳеч кимдан кам бўлмасдан, доимо ҳаётнинг олдинги сафларида бўлишга интилиб яшайдиган сиз, ҳурматли матбуот аҳлига дахлдор эканини барчангиз яхши тушунасиз.

Биз ўз олдимизга дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига киришдек улкан ва шарафли вазифани қўйган эканмиз, мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги кескин рақобатга ҳар томонлама қодир бўлишини бундай юксак маррага эришишнинг асосий шарти ва гарови сифатида кўрамиз. Шу маънода, миллий журналистикамиз халқ­аро медиа маконида ўзининг муносиб ва мустаҳкам ўрнини эгаллаши бугунги кунда энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда.

Шу борада кейинги пайтда бир қатор ривожланган давлатлар, дунёда ном қозонган нуфузли медиакомпаниялардан малакали мутахассис ва журналистлар юртимизга таклиф қилиниб, улар иштирокида матбуот ходимлари учун ўқув семинарлари ва амалий машғулотлар ўтказиш йўлга қўйилгани эътиборга лойиқдир. Бу тажрибанинг кенг қўлланиши туфайли ўтган йилнинг ўзида 650 дан ортиқ матбуот ходимларимиз ўз малакаси ва маҳоратини оширишга эришганини, шу билан бирга, кўплаб ўзбек журналистлари ҳам хорижий давлатларга бориб, тажриба алмашиб келганини қайд этиш лозим. Келгусида ҳам бундай самарали ижодий алоқаларни давом эттириш оммавий ахборот воситаларимиз ривожига янги туртки бериши шубҳасиз.

Журналист кадрларнинг янги авлодини, ўз касбининг устаси бўлган етук таҳлилчи ва шарҳловчиларни тайёрлаш бўйича ҳам мамлакатимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, яқинда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетининг замонавий янги биноси қуриб фойдаланишга топширилганини таъкидлаш керак. Ахборот-коммуникация технологиялари ва чет тилларини, ижодий маҳорат сирларини пухта эгаллаш учун барча зарур моддий-техник база ва инфратузилма тар­моқларига эга бўлган ушбу олий ўқув маскани мамлака­­тимиз журналистларининг интеллектуал­ ва ижодий ­салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши билан айниқса аҳамиятлидир.

Ҳурматли ватандошлар!

Ҳаммамизга аёнки, инсон бу ҳаётда бахт учун дунёга келади. Лекин бахт дегани фақат моддий бойликка интилиб, молу давлатга, ҳавойи орзуларга берилиб яшашни англатмайди. Бахт — бу, менинг назаримда, аввало тинч-осойишта ҳаёт, оила, эл-юрт ободлиги, ўз юрти, ўз Ватанига муҳаббат, ҳар қандай оғир синовлар қаршисида ҳам ўзини, ўзлигини йўқотмасдан, асл инсоний қиёфасини сақлаб қолиш, юксак маънавий қадриятларга садоқат билан яшашдир.

Халқимиз, миллатимиз асрлар давомида одамийлик, инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, неча-неча авлодларга безавол етказиб келаётгани тарихимиздан яхши маълум.

Эл-юртимизни минг йиллар оша турли тўфон ва бўронлардан омон сақлаб, барчамизга куч-қудрат бағишлаб келаётган, ҳаётимизни ҳар томонлама юксалтирадиган бундай олижаноб қадриятлар, ўйлайманки, оммавий ахборот воситаларимиз учун ҳеч қачон аҳамиятини, қадрини йўқотмайдиган бош мавзулар бўлиб қолади. Чунки, маънавиятни асраш — аввало инсонийликни, инсоннинг ўзини асраш демакдир. Маънавий дунё­мизга қарши қаратилган таҳдид ва хуружлар тобора куча­йиб бораётган бугунги вазиятда бу ўткир ҳақиқатни барчамиз асло унутмаслигимизни истардим.

Шулар ҳақида гапирганда, рухсатингиз билан, илгари ҳам айтган фикримни яна бир бор эслатмоқчиман. Биз моддий томондан ривожланган мамлакатлардан балки ҳозирча бироз орқададирмиз, лекин маънавий жиҳатдан манаман деган давлатлардан ўтиб кетганмиз, деб айтишга барча асосларимиз бор. Бугунги кунда бошимизни баланд кўтариб, ғурур ва ифтихор билан яшашга имкон берадиган бундай бебаҳо бойликни қўлдан чиқармасдан, ёшларимизга ҳам етказсак, уларнинг онги ва қалбига чуқур сингдирсак, азиз фарзандларимизни миллий ва умум­инсоний қадриятлар руҳида баркамол инсонлар этиб тарбияласак, ҳеч шубҳасиз, эртанги кун, келажак бизникидир.

Ана шундай ўта муҳим ва долзарб вазифани адо этишда жамиятимиз, барчамиз аввало сизларга, сизларнинг билим ва тажрибангиз, профессионал маҳоратингиз, гражданлик позициянгизга таянамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, эл-юрт манфаати, адолат ва эзгулик йўлида ҳамиша ўзини аямасдан меҳнат қиладиган сиз, азиз журналистларни мен доимо қўллаб-қувватлашга, ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришга тайёр эканимни, сизларни ўзимнинг энг яқин ҳамфикр ва маслакдошларим деб билишимни яна бир бор изҳор этмоқчиман.

Азиз дўстлар!

Бугунги қутлуғ айёмда сизларни касб байрамингиз билан самимий муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, ижодий камолот тилайман.

 

Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти



DB query error.
Please try later.