25.06.2015

«БИЗ КЕЛАЖАК ТАЯНЧИ ВА СУЯНЧИМИЗ»

Наманган вилоят ёшлари форуми белгиланган режага  мувофиқ Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйидан бошланди. ЎзХДП Марказий Кенгашининг «Истиқбол» ёшлар қаноти раҳбари Шоҳрух Абдураҳмонов Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, яратилаётган шароит ҳамда имкониятлардан кўзланган мақсадлар хусусида гапирди, болаларга партия номидан эсдалик совғалари тақдим этди.

Учрашувда, шунингдек, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Шодия Машрабованинг ЎзХДП депутатлари ҳомийлигида «Наманган» нашриёти томонидан чоп этилган «Меҳрим чечаклари» номли илк шеърий китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Шу куни форум иштирокчилари гуруҳларга бўлиниб, «Кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўр­сатиш — менинг бурчим» ло­йиҳаси доирасида Наманган шаҳрида истиқомат қилаётган 103 ёшли Муҳаммаджон Ота­боев, уруш ва меҳнат фахрийлари ­Сидей Хайриддинов, Лидия Филатова ҳамда Роҳатхон Дадабоевалар хонадонида бўлиб, уларга совғалар улашишди.

Форумнинг иккинчи куни Наманган муҳандислик педагогика институтидан бошланди. Олий Мажлис Сенати аъзоси, ЎзХДП фаоли, инс­титут ректори Пахриддин Маткаримов, вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи раҳбари Дилором ­Абдураҳимова ЎзХДП ўтказаётган тадбирларнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб, иштирокчиларни фаолликка чорлашди.

Шундан сўнг шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган йигит-қизлар бўш иш ўринларига эга ташкилот, корхона ва муассасалар иштирокидаги «Меҳнат ярмарка»сида қатнашди.

— 2012 йилда Чуст педагогика коллежини тамомлаган эдим, — дейди форум иштирокчиси Гулмира Холдорова. — Орада ўқув курсларига қатнаб, олий ўқув юртига кириш учун билимларимни бойитдим. Меҳнат ярмаркасида вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирлашмасида ишлаш учун йўлланма олдим ва бундан бағоят хурсандман.

«Коллеждан корхонага» ло­йиҳаси асосида касб-ҳунар коллежларидан ташриф буюрган ёшларга партия вилоят кенгашининг «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан тайёрланган меҳнат қонунчилигига доир ҳуқуқий маслаҳат ва эслатмалар битилган «Битирувчига ёднома» тарқатилди.

Шунингдек, кўчма жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. Бир гуруҳ ёшлар ўзларини ўйлантираётган турли масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар олишди.

Бир ярим минг нафарга яқин «истиқбол»чилар қамраб олинган форум доирасида «Бугунги талаба — эртанги мутахассис» ўқув семинари, «Ёшларга оид қонунчилик ёшлар нигоҳида», «Ёш­лар саломатлиги ва ни­коҳ», «Ижтимоий масалаларни ҳал этишда менинг иштироким» мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди.

Ёш сиёсатчилар клуби доирасидаги сиёсий дебатда йигит-қизлар ­«Оммавий маданиятнинг салбий таъсири адабиёт ва санъатнинг қайси тури ҳамда йўналишларида кўпроқ сезилмоқда?» мавзусида мунозара олиб боришди.

«Ёшлар соғлом турмуш тарзини танлайди» мавзуидаги семинар-тренингда тиббиёт ходимлари, педагог ва психологлар сиҳат-саломатлик, юксак маънавият масалалари бўйича суҳбатлар ташкил этишди.

Куннинг иккинчи ярмида форум иштирокчилари «Ёш сиёсатчи — 2015» кўрик-танлови вилоят босқичини кузатишди.

Танловнинг «Лойиҳа тақдимоти», «Билимдон сиёсатчи», «Нотиқлик санъати» шартлари бўйича энг юқори балл тўплашга муваффақ бўлган ЎзХДП ­Наманган шаҳар Кенгашининг «Истиқбол» ёшлар қаноти ­фаоли Исроил Аълохўжаев биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шу куни 40 нафардан зиёд фаол ёшларга партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Ёшлар форуми «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасининг вилоят бўлими санъаткорлари иштирокидаги гала концерт билан давом этди.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида бўлиб ўтган форумда ЎзХДП Марказий Кенгаши ва вилоят кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.

Мазкур форумдан кўзланган мақсад ёшларнинг мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга муносабатини шакллантириш, фаоллигини кучайтириш, уларни «оммавий маданият» каби ёт ғоялар таъсиридан асраш, ҳу­қуқий-сиёсий билимини оширишга қаратилган эди.

Лойиҳа доирасида ўтказилган тадбирларда меҳнат қо­нунчилигида ёш­ларни, асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ижроси самарадорлигини оширишга кўмаклашиш илгари сурилди. Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг уч томонлама шартнома асосида бириктирилган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташлари жараёнида «устоз-шогирд» анъанасидан янада кенг ва самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қанотининг «Коллеждан — корхонага», «Бугунги коллеж битирувчиси — корхонанинг эртанги таянчи», «Бугунги талаба — эртанги мутахассис» лойиҳалари доирасида амалий тадбирлар бўлиб ўтди. «Ёш сиёсатчи» клубининг «Истиқбол билимдонлари лигаси» интеллектуал ўйинларининг финал босқичи ўтказилди. Унда ҳудудий саралаш босқичларида муваффақиятли қатнашган 6 жамоа иштирок этди.

«Ёшларга оид қонунчилик ёшлар нигоҳида» лойиҳаси қатнашчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан учрашишди. Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий маса­лалар қўмитаси раиси Ёқуб Умаров мамлакатимизда ёшларга оид қонунчиликка киритилаётган ўзгартишларга тўхталиб, йиғилганларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.

«Бугунги талаба — эртанги мутахассис» мавзусидаги давра суҳбатида олий ўқув юрти битирувчилари билан тижорат банк­лари, солиқ тизими, вилоят бандликка кўмаклашиш маркази вакиллари ўртасида очиқ мулоқот ташкил қилинди. Мулоқот давомида мутахассислар ёшлар учун яратилган имтиёз ва имкониятларлар тўғрисида гапиришди.

«Ёшлар соғлом турмуш тарзини танлайди», «Ёшлар саломатлиги ва никоҳ» лойиҳалари доирасидаги тадбирда 6 жамоадан иборат «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоллари зарарли одатлар таъсиридан ҳимояланиш бўйича тезкор саволларга жавоб беришди, турли спорт ўйинлари элементларини бажаришди. «Истиқбол» ёшлар қанотининг ёшлар орасида тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш масалалари бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Форум якунида лойиҳаларда фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшлар ЎзХДП ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тадбир гала концерт билан якунланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Истиқбол» ёшлар қанотининг мазкур шиор остидаги ёшлар форуми Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва барча вилоятларда кўтаринки руҳда ўтмоқда.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.