23.06.2015

ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА ЁШЛАР ФАОЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ

ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан ташкил қилинган «ЎзХДП дастурларида хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари» мавзусидаги семинарда Марказий Кенгаш масъул ходимлари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, «Фаол аёллар», «Истиқбол» ёшлар қаноти вакиллари иштирок этди.

Семинарда хотин-қизларни сиё­сий жараёнларга кенгроқ жалб этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш масаласида сўз борди. ЎзХДП «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари фаолиятини янада кучайтириш партия олдида турган муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастурида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш борасида аниқ вазифалар белгиланган,дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши ­раиси ўринбосари Шарбат ­Абдуллаева. — Айни пайтда мазкур масалалар ижроси юзасидан партия ташкилотлари, «Фаол аёллар» қаноти бир қатор ишларни олиб бормоқда.

Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки улар билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш имконини янада кенгайтиради. Шу боис партиямиз тизимида хотин-қизлар фаоллигини оширишга қаратилган тадбирлар таъсирчанлигига алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Жойларда ташкил этилаётган семинар-тренинглар, сиёсий ўқувларда қанот аъзолари фаол иштирок этиб, мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини дадил билдирмоқда. Бу эса уларда мустаҳкам фуқаролик позицияси шаклланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тўғри, бу борада ижобий натижаларга ҳам эришилган. Аммо ютуқларга маҳлиё бўлмасдан олдимизда турган долзарб вазифаларни унутмаслигимиз керак. Жумладан, қишлоқ жойларда хотин-қизларни доимий иш билан банд этиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш лозим. Бунинг учун тадбирларда умумэътироф этилган илғор сиёсий технологиялар, замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан ўринли фойдаланиш зарур. Шунда уларнинг аҳамияти, таъсирчанлиги юқо­ри бўлади, кўзланган мақсадга эришилади.

Семинарда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Акмал Умара­лиев мавзу юзасидан сўз юритар экан, ёшларга оид давлат сиё­сатининг устувор йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Ҳуқуқий демократик жамият барпо этишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир, — деди у. — Зеро, бугун камолга етаётган авлод юртимиз келажагини белгиловчи кучдир. Мазкур йўналишда партиямиз томонидан олиб борилаётган ишларга тўхталадиган бўлсак, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг аҳамияти юқори эканини таъкидлаш жоиз. Танловнинг Тошкент вилояти босқичида иштирокчиларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этди.

Тадбирда, шунингдек, партия Сайловолди дастуридан ўрин олган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, ўз ишини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшларни рағбатлантириш, тадбиркорлик, касаначилик соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга доир вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасида қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Уларнинг бажарилиши устидан доимий депутатлик назорати ўрнатилиши юзага келаётган айрим муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

— Хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун, аввало, уларни кўпроқ билим эгаллашга чақиришимиз керак, — деди Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази раҳбари, ЎзХДП фаоли Ҳафиза Каримова. — Уй бекаларини атрофда рўй бераётган ўзгаришлар, дунё воқеаларидан бохабарлигини таъминлаш чораларини кўриш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Маҳаллаларда бўладиган турли сиёсий ўқувлар, давра суҳбатлари фақатгина маърузалар эмас, балки жонли мулоқотлар асосида ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунинг­дек, ёшларимизни турли бузғунчи ғоялардан асраш учун уларни  кутубхоналар, зиё масканларига кенгроқ жалб қилиш лозим. Юрт­бошимиз айтганидек, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш энг тўғри ва самарали йўлдир.

Баҳс-мунозараларга бой тарз­да кечган ўқув-семинарда коллеж битирувчиларига имтиёзли кредитлар ажратиш, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бандлик масалаларидаги ­муаммолар ечими юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.